Энтерит (юнонча — ичак) — ингичка ичакнинг яллиғланиши. Одатда, Э. якка ҳолда кечмай, аксари ингичка ва йўғон ичакларнинг баравар яллиғланиши — энтероколит ёхуд ичак ва меъданинг бир вақтда яллиғланиши — гастроэнтерит кўринишида учрайди. Ўткир ва сурункали Э. фарқданади. Ўткир Э. аксари ёз ва кузда (кўпроқ иссиқ вақтда) кузатилади. Одамда, овқатдан бўладиган токсикоинфексиялар (яъни бузилиб қолган гўштли таомлар, чала, хом пиширилган овқат, тоза ювмай ейилган мева, сабзавот ва ҳоказо), баъзи кимёвий моддалар (симоб, ёд, айрим саноат заҳарлари), шунингдек, баъзи доридармонлардан заҳарланиш, айрим мевачеваларнинг организмга аллергик таъсири, бадҳазм овқатларни кўп ейиш ва бошқалар ўткир Э. га сабаб бўлади. Организмнинг қизиб кетиши ёхуд совуқ қотиши, жазирама иссиқда муздек ичимликлар ичиш, ичакда гижжа бўлиши ва ҳоказо ҳам ўткир Э. келиб чиқишига олиб келади. Э., шунингдек, баъзи юқумли касалликлар (ич терлама, паратифлар ва бошқалар) оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Ичакларнинг яллиғланиш тарзига кўра, Э.нинг бир неча хили (катаралфолликуляр, йирингли, ярали) фарқ қилинади. Катарал шакли кўп учрайди. Э.да ичак шиллиқ қавати қизариб, шишади ва унга донадона қон қуйилади; ичак деворидан кўп шилимшиқажралади, эпителиал қавати кўчиб тушади. Э.да тўсатдан қорин ва киндик атрофи санчиб оғрийди, қулдирайди, тез-тез (суткасига 5—10-марта) ич суради, беморнинг кўнгли айниб, қайт қилади. Баъзан қусуққа шилимшиқ ва қон аралашади, бемор иситмалаб, иштаҳаси йўқолади, терлайди, оғзидан сув келади. Агар ингичка ичак кўпроқ зарарланган бўлса, кунига 4—7-марта ич суради, ахлат дастлаб қуюқ, кўп, қўланса, кейин суюқ, кўпириб (баъзан ачимсиқ ҳидли) келади, ич келгандан сўнг оғриқ тўхтайди. Касаллик, аксари йўғон ичакда бўлса вақтбевақт йўғон ичак бўйлаб оғриқ тутади, суткасига 10—15-марта ич кетади, ахлатда кўп шилимшиқ, баъзан қон бўлади. Э.да кўп қусиш ва ич кетиши туфайли организм сувсизланади (беморнинг териси қуруқшайди, оғзи қуриб, ҳидланади, тили карашланиб, лаблари қовжирайди, қорни дам бўлади ва ҳоказо), юрак фаолияти сусаяди, қон босими ва гавда температураси пасайиб, беморнинг ранги кетади, кўзлари киртаяди; оғирроқ ҳолларда оёққўллари музлаб, тортишибтортишиб туради. Ўткир Э., тўла ва тўғри даволанса бемор соғайиб кетади. Акс ҳодда сурункали тус олади. Сурункали Э.нинг келиб чиқиш сабаблари ўткир Э.никига ўхшаш. Шунингдек, бу Э. баъзан меъда, ўт қопи, жигар ёки меъда ости бези касалликларида ичак деворининг зарарланиши ёки овқатда витаминлар танқислиги ва бошқалар оқибатида пайдо бўлади. Бунда ингичка ва йўғон ичаклар деворининг ҳамма қатлами шикастланади; ичак деворининг сўриш ва ҳаракат функсияси бузилади. Сурункали Э. гоҳ зўриқиб, гоҳ босилади.

Даво беморнинг умумий аҳволи ва касаллик белгиларига қараб тайинланади. Сурункали Э.ни даволашда, асосан, парҳез ва вақтида қатъий режим билан овқатланиш яхши фойда беради. Ошловчи моддалар тутган (беҳи, нок ва ҳоказо) мевалар сувидан ичиб туриш, касаллик зўриққанда юмшоқ таомлар ейиш, витаминлар қабул қилиш тавсия этилади. Олдини олиш: доим озиқ-овқатларни яхшилаб пишириб ейиш, тўғри овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, пашшаларни қириш ва ҳоказодан иборат.

Э. ҳайвонларда ҳам учрайди, ёш молларда оғир ўтади. Э. бирламчи ва иккиламчи, ўткир ва сурункали, дифтерик, геморрагик, ярали, флегмоноз ва катарал бўлади. Бирламчи Э. доим бир хил, сифациз, чириган ва замбуруғ босган озуқа билан боқишдан, иккиламчи Э. инфексион ва инвазион касалликлар натижасида келиб чиқади. Касал ҳайвоннинг иштаҳаси йўқолади, шиллиқ пардалари сарғаяди. Йўғон ичаги яллиғланганда ичи кетади, кейинчалик ичи қотади. Касаллик оғир ўтганда ҳайвон нобуд бўлади. Даволаш: ични юмшатувчи дорилар (натрий ва магний сулфат), антибиотиклар ва бошқалар берилади. Ичакларни дезинфексияловчи дорилар ичирилади.

Олдини олиш: чорва моллари сифатли емхашак билан боқилади, озиқлантириш режимига риоя қилинади.

Манбалар