Энтодерма (энто... ва дерма) — 1) кўп ҳужайрали ҳайвонларнинг ички муртак қавати. Бирламчи оғизлиларда Э. бирламчи ичакнинг ички юзасини қоплаб туради; ундан ўрта ичак ва ҳазм безлари ҳосил бўлади. Иккиламчи оғизлиларда Э. ичакнинг ички қаватини ҳосил қилади. Умуртқалиларда Э.дан ичакнинг шиллиқ қавати ва у билан боғлиқ безлар (жигар, меъда ости бези ва бошқалар) ҳосил бўлади. Балиқларнинг сузгич пуфаги ва ички жабралари, қуруқликда яшовчи умуртқалилар ўпкалари ҳам Э.дан ривожланади. Хордалиларда Э. ва унинг ҳосилалари эктодермал органлар (оғиз, орқа чиқарув тешиги, жабра ёриқлари) ва хордомезодерманинг ривожланишини индуксия қилади; 2) бўшлиқичлилар тана девори ички қавати. Баъзан "Э." эндодерма терминининг синоними сифатида ҳам ишлатилади.