Милетлик Фалес

Милетлик Фалес (қадимги юнонча: Θαλῆς ὁ Μιλήσιος; милоддан аввалги тахминан 625 — тахминан 547) — юнон файласуфи, антик фалсафа ва фаннинг илк намояндаси. Милет мактабига асос солган. Фалес савдогар, сиёсий арбоб, мунажжим, физиолог, сув муҳандиси сифатида ҳам таниқли эди. У кўпгина мамлакатлар (жумладан, Миср ва Бобил)да бўлиб, уларнинг маданияти, фани, фалсафий мероси билан яқиндан танишган. Турли соҳаларда, хусусан, астрономияда кашфиётлар қилди (мас, Юнонистонда биринчи бўлиб, милоддан аввалги 585-йил 28-майда қуёшнинг тутилишини олдиндан айтиб берган). Фалеснинг фикрича, ойнинг ёруғи қуёш нурининг ундаги инъикосидир. У, шунингдек, қуёшнинг бир йил давомида ҳаракати 365 кунга тенг эканлигини исботлаган. Фалес таълимотига кўра, табиатдаги турли-туман нарса ва ҳодисалар дастлабки ибтидо — сувдан пайдо бўлган ва пировардида сувга айланади. У биринчи бўлиб, оламнинг моддий бирлиги ҳақида, бу моддий бирликнинг доимий ҳаракатда ва ўзгаришда эканлигини айтган.

Фалес асарлари сақланмаган. У ҳақидаги маълумотни Аристотел асарларидан топиш мумкин. Жумладан, Фалес „Қуёшнинг ҳаракати ҳақида“ „Тенг кунлик ҳақида“ китобларини ёзганлиги маълум.