Kot-dʼIvuar
Кот-дъИвуар Республикаси (франсузча: Рéпублиқуэ де Côте д'Ивоире) ёки Фил Суяги Қирғоғи — Ғарбий Африкада, Атлантика океани соҳилида жойлашган давлат. Майдони — 322,5 минг км². Аҳолиси - 26 378 274 киши (2020). Пойтахти — Ямусукро шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 19 та вилоятдан, вилоятлар ўз ўрнида 81 департаментдан иборат.
Кот-д’Ивуар Республикаси франсузча: Рéпублиқуэ де Côте д'Ивоире
| |
|---|---|
|
Шиор: Унион, Дисcиплине, Траваил | |
|
Мадҳия: Л'Абиджанаисе | |
|
| |
| Пойтахт | Ямусукро |
| Расмий тил(лар) | Франсуз тили |
| Ҳукумат | Президентлик Республика |
| Алассан Уаттара | |
| Даниэл Дункан | |
| Мустақиллик (Франсиядан, 1960-йил 7-августда) | |
| Майдон | |
• Бутун |
322 463 км2 (68-ўрин) |
• Сув (%) |
1,4 |
| Аҳоли | |
• 2013-йилги рўйхат |
22 400 835 (53-ўрин) |
| • Зичлик | 64 киши/км2 |
| ЙИМ (ХҚТ) | 2012-йил рўйхати |
• Бутун |
$40,348 миллион (94-ўрин) |
• Жон бошига |
$1 726 |
| Пул бирлиги | КФА Франки (ХОФ) |
| Вақт минтақаси | УТC+0 ГМТ |
• Ёз (ДСТ) |
УТC+0 |
| Қисқартма | CИ |
| Телефон префикси | 225 |
| Интернет домени | .cи |
|
| |
Давлат тузуми
Кот-дъИвуар — республика. Амалдаги конституцияси 2000-йил 23-июлдаги референдумда маъқулланган. Давлат бошлиғи — президент (2011-йилдан Алассан Уаттара). У тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади ва яна бир марта қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Миллат мажлиси (бир палатали парламент) амалга оширади. Унинг 225 депутатлари умумий тўғри яширин овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Ижроия ҳокимиятни президент ва ҳукумат амалга оширади.
Вилоятлар
| Бўлиниши | Маркази | Майдони (кв.км) | Аҳолиси (2010) | Аҳоли зичлиги |
|---|---|---|---|---|
| Агнеби | Агбовил | 9 234 | 743 559 | 80 52 |
| Бафинг | Туба | 8 922 | 205 339 | 23,01 |
| Ба-Сассандра | Сан-Педро | 26 440 | 2 037 628 | 77,07 |
| Денгеле | Одиенне | 20 997 | 316 571 | 15,08 |
| Монтан | Ман | 16 782 | 1 334 387 | 79,51 |
| Фромаже | Ганоа | 6 903 | 772 368 | 111,89 |
| О-Сассандра | Далоа | 15 242 | 1 535 137 | 100,72 |
| Лак | Ямусукро | 8 875 | 677 812 | 76,37 |
| Лагюн | Абиджан | 13 323 | 5 336 658 | 400,56 |
| Марауэ | Буафле | 8 698 | 791 689 | 91,02 |
| Муаен-Кавелли | Гигло | 14 268 | 737 699 | 51,70 |
| Муаен-Комоэ | Абенгуру | 6 921 | 561 853 | 81,18 |
| Нзи-Комоэ | Димбокро | 19 242 | 895 405 | 46,53 |
| Саван | Корого | 40 210 | 1 319 240 | 32,81 |
| Сюд-Бандама | Диво | 10 677 | 972 144 | 91,05 |
| Сюд-Комоэ | Адиаке | 7 252 | 656 150 | 90,48 |
| Валле-Дю-Бандама | Буаке | 28 518 | 1 538 484 | 53,95 |
| Вородугу | Сегела | 22 166 | 536 012 | 24,18 |
| Занзан | Бондуку | 38 251 | 999 586 | 26,13 |
Табиати
Кот-дъИвуар экваториал ва субекваториал минтақаларда жойлашган. Гвинея қўлтиғининг соҳили ғарбда тик ва қояли, шарқда асосан текис, кўрфазларида кема қатнаши мумкин. Ер юзаси жанубида пасттекислик, шимолида плато (500–800 м). Ғарбида эса мамлакатда энг юқори чўққи ҳисобланган Нима тоғи (1752 м) бор. Олтин, боксит, нефт, темир рудаси, қалай ва колумбит, олмос ва марганец руда конлари бор.
Иқлими
Иқлими — жанубида экваториал, доим сернам, қолган ҳудудларда субекваториал иқлим, жанубида энг иссиқ ойлар (декабр—апрел)да ўртача температура 27—28°, энг салқин ойлар (июл—сентабр)да 23—24°, шимолида 30° (апрел) ва 25° (август— сентабр). Йиллик ёғин соҳилдаги пасттекисликларда 1300–2300 мм, шимолида 1100– 1800 мм. Асосий дарёлари: Кавалли, Сасандра, Бандама, Комоэ. Ҳайвонот дунёси жуда бой ва хилма-хил (маймун, фил, бегемот, қоплон, сиртлон, бўри, чиябўри, оху ва бошқалар) Жанубида экваториал ўрмонлар, шимолида саванналар. Миллий боғлари: Комоэ, Таи, Марахуэ ва бошқа
Аҳолиси
Аҳолиси асосан, ква, кру, волта, манде тил гуруҳига мансуб бате, бауле, анви, синдфо, малинке, дан, лоби ва бошқа 2 млн.дан ортиқ ажнабийлар бор. Аҳолисининг ярмидан кўпроғи маҳаллий анъанавий динларга, қолганлари ислом ва христиан динларига эътикрд қилади. Расмий тил — франсуз тили. Мамлакатнинг марказий қисми, Абиджан шаҳри ва унинг атрофларида аҳоли зич жойлашган. Аҳолисининг тахминан 41% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Абиджан, Бваке, Далола, Ман, Корхого.
Тарихи
Археология топилмаларининг далолат беришича, Кот-дъИвуар ҳудудида тош асрида одамлар яшаган. Дарё соҳилларида неолит даврига оид устахоналар, иш қуроллари ва сопол идишлар топилган. тахминан милоддан аввалги 3—2-минг йилликларда саваннада, кейинроқ ўрмон зонасида ҳам деҳқончилик вужудга кела бошлаган. Шимолида деҳқончилик билан бирга чорвачилик ҳам ривожланган. Ёввойи меваларни йиғиш, овчилик, балиқ овлаш катта аҳамиятга эга бўлган. Ўрта аердарда темирчилик кенг оммалашган (темир эритиш ўчоқлари топилган), олтин қазиб олинган (аввалига бу ўлка Олтин қирғоқ деб аталган), металлсозлик, кулолчилик, тўқимачилик ва бошқа ривожланган. Шимолий ва шарқдан ўтувчи Ғарбий Африка савдо йўлларида шаҳарлар, манзилгоҳлар пайдо бўлган. ХИ асрда асос солинган Конг манзилгоҳи Ғарбий Африканинг карвон йўлларида йирик савдо марказларидан бирига айланган.
ХВ аср охирида Кот-дъИвуар ҳудудида португаллар ва бошқа европаликлар пайдо бўдди. Улар қул олиб кетишдан ташқари, фил суяги ва бошқа бойликларни таладилар. 1842—43 йилларда Франсия Гран-Басам ва Асинини, кейинчалик соҳилдаги бошқа жойларни босиб олди. ХИХ асрнинг 80-йилларида мамлакат ичкарисига бостириб кира бошлади. 1893-йилдан Кот-дъИвуар Франсия мустамлакаси. 1895—1958-йилларда эса Франсия Ғарбий Африкаси таркибида бўлди.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг мамлакатда миллий озодлик ҳаракати кучайди. 1950—51 йилларда мустамлакачилар зулмига қарши халқ оммасининг йирик чиқишлари бўлиб ўтди. Озодлик ҳаракати натижасида Франсия ҳукумати ён беришга мажбур бўлди. 1957-йилдан мамлакат ҳудудий ассамблеяси (1958-йилдан Қонун чиқарувчи ассамблея) умумий сайлов йўли билан сайланадиган ва Ҳукумат кенгашини тузадиган бўлди. 1958-йил 28-сентабрда ўтказилган референдумга кўра, давлат мақомини (Франсия ҳамжамияти аъзоси сифатида) олишга муваффақ бўлди.
Африка мамлакатларида миллий озодлик ҳаракатларининг янада авж олиши натижасида Франсия ҳукумати 1960-йил 11-июлда маҳаллий ҳукумат билан битим тузишга мажбур бўлди; бу битимга кўра, 1960-йил 7-августда Кот-дъИвуарнинг мустақиллиги эълон қилинди. Ўша йили сентабрдан у — БМТ аъзоси. Мамлакат мустақилликка эришгач, Франсия ҳамжамияти аъзолигидан чиқди. Лекин ҳукумат Франсия билан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий алоқаларини сақлаб қолди. 1985-йилда қабул қилинган қарорга мувофиқ, Кот-дъИвуар географик атама эмас, балки мамлакатнинг номи эканлиги ва чет тилларга таржима қилинмаслиги таъкидланди. 1983-йилда мамлакат пойтахтини Абиджандан Ямусукрога кўчиришга қарор қилинди. Миллий байрами — 7-август — Мустақиллик эълон қилинган кун (1960).
Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари
Кот-дъИвуар демократик партияси, 1946-йилда тузилган; Ивуар меҳнаткашлар партияси, 1990-йилдан ошқора ишлай бошлаган; Ивуар халқ жабҳаси, 1982-йилда тузилган, 1990-йилдан ошқора ишлай бошлаган; Республикачилар бирлашмаси, 1994-йил ташкил этилган; Социал-демократлар иттифоқи, 1990-йилдан ошқора ишлай бошлаган. Кот-дъИвуар меҳнаткашлар умумий иттифоқи касаба уюшмаси, 1962-йилда тузилган. Африка касаба уюшма бирлиги ташкилотига ва Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.
Иқтисодиёти
Кот-дъИвуар — аграр мамлакат. Саноати нисбатан дуруст ривожланган, Ғарбий Африка мамлакатлари ўртасида айрим саноат тармоқлари (ёғоч тайёрлаш, ёғочсозлик, озиқ-овқат саноати)нинг ишлаб чиқариш даражаси анча юқори.
Қишлоқ хўжалиги
Қишлоқ хўжалигида ердан жамоа бўлиб фойдаланиш сақланиб қолган. Қишлоқ хўжалиги ялпи миллий маҳсулотнинг 35,7% ни, экспорт тушумларининг 70% дан кўпроғини таъминлайди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 30% қишлоқ хўжалиги да банд. Агротехникаси оддий. Деҳқончилик қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи: гевея, кофе, мойли палма, какао, ғўза, банан, ананас, ситрус мевалар ўстирилади. Кофе етиштириш ва экспорт қилиш бўйича жаҳонда 3-ўринда, какао бўйича эса 4-ўринда туради. Ички истеъмол учун ямс, маниок, шоли, маккажўхори, оқ жўхори, тариқ ва бошқа етиштирилади. Чорвачилиги суст ривожланган; шимолий саванна ўтлоқларида қорамол, қўй, эчки, чўчқа, уй парран-даси боқилади. Балиқ овланади.
Саноати
Саноати ялпи миллий маҳсулотнинг 26% ни ишлаб чиқаради. 700 дан кўпроқишлаб чиқариш корхоналари, шу жумладан, хорижий сармоя иштирокидаги бир неча қўшма корхона бор. Четга чиқариладиган хом ашё ва четдан келтириладиган ярим фабрикатларга ишлов берувчи саноат корхоналари ривожланган. Йилига ўртача 2,3 млрд. Киловатт-соат электр энергияси ҳосил қилинади. Озиқ-овқат ва тамаки, энергетика, ёғочсозлик, тўқимачилик, металлсозлик, кимё ва ёғ-мой, нефт қазиб олиш ва уни қайта ишлаш, тайёр қисмлардан автомобил йиғиш, қурилиш материаллари, каучукни қайта ишловчи ва пластмасса ишлаб чикарувчи, кончилик ва бошқа саноат корхоналари мавжуд. Четдан кенг истеъмол моллари келтиришни камайтириш ва экспорт қилиш мақсадида йирик ёғочсозлик, тўқимачилик, озиқовқат саноати корхоналари барпо этила бошлади. Асосий саноат марказлари: Абиджан, Бваке ва бошқа
Транспорти
Транспортининг асосий турлари — денгиз ва автомобил транспорти. Денгиз юклари, асосан, хорижий компанияларнинг кемаларида ташилади. Транспорт йўлининг ўз. — 1314 км, жумладан, Абиджан — Уагадугу темир йўлнинг ўз. — 625 км. Автомобил йўллари ўз. — 55 минг км. Денгиз портлари: Абиджан, Сан-Педро. Абиджан ва Ямусукрода халқаро аэропортлар бор.
Экспорт
Мамлакат четга пахта, каучук, кофе, какао ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ёғоч, олмос, палма ёғи, ананас, банан чиқаради. Четдан машина, асбоб-ускуна, нефт ва нефт маҳсулотлари, озиқ-овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотлари, қора металлар прокати, ўғитлар келтиради. Савдосотиқдаги асосий мижозлари: Франсия, Нидердандия, АҚСҲ, Германия, Италия, Нигерия ва бошқа Туризм ривожланмокда. Пул бирлиги — африка франки.
Тиббий хизмат
Давлат соғлиқни сақлаш тизими мавжуд. Аҳолига тиббий хизматни касалхоналар, турли тиббиёт марказлари ва кўчма отрядлар кўрсатади. Врачлар Абиджан университетининг тиббиёт факултетида ва чет элларда тайёрланади.
Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари
Мактабларнинг аксарияти давлат қарамоғида. Уларда ўқиш бепул. Католик миссиялар хусусий мактаблар очишган. Бошланғич ва ўрта мактаблар, техника лицейлари, турли коллежлар, педагогика мактаблари бор. Ўқитувчилар педагогика мактаблари ва олий мактабларда тайёрланади. Абиджанда университет (1958-йилда асос солинган), Ижтимоий фанлар маркази (1960-йилдан), Тропик ўрмончилик маркази (1962), Кофе ва какао тадқиқот стансияси, Геофизика стансияси, Океанография тадқиқот маркази, каучук, тропик тадқиқот, гигиена ва бошқа илмий тадқиқот институтлари, Миллий музей, Этн. музейи, Миллий кутубхона, университет кутубхонаси, Муниципал кутубхона ва бошқа мавжуд.
Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви
Мамлакатда бир қанча газета ва журналлар нашр этилади. Асосийлари: „Алиф“ (ислом муаммоларини акс эттирувчи ойлик газета). „Вуа“ („Йўл“, франсуз тилидаги кундалик газета), „Демократ“ (франсуз тилидаги ҳафталик газета), „Континан“ („Қитъа“, франсуз тилидаги кундалик умумафрика газета, 1980-йилдан), „Нотр тан“ („Бизнинг вақт“, франсуз тилидаги ҳафталик газета), „Нувел оризон“ („Янги уфқ“, франсуз тилидаги ҳафтанома), „Фратернитематен“ („Қардошлик тонги“, франсуз тилидаги кундалик газета, 1964-йилдан), „Эритаж“ („Мерос“, франсуз тилидаги ҳафтанома, 1994-йилдан), „Реформатер“ („Ислоҳотчи“, франсуз тилидаги ойлик журнал, 1993-йилдан). Кот-дъИвуар матбуот агентлиги (АИП) 1961-йилда, Ивуар радио ва телевидениеси 1963-йилда тузилган. Кот-дъИвуар да радиоэшиттириш 1949-йилдан (франсуз ва 10 маҳаллий тилда), телекўрсатувлар 1963-йилдан олиб борилади.
Адабиёти
Кот-дъИвуардаги аня, бауле, сенуфо ва бошқа халқларда халқ оғзаки ижоди қадимдан ривожланган. Айниқса, бауле халқининг фолклори ало-ҳида ажралиб туради. Гриот деб аталувчи бахшилар қўшиқ ва эртақларни айтиб юришади. Фолклор анъаналари асосида франсуз тилида ёзма адабиёт ривожланди. К.дъИ. адабиётининг шаклланишида фолклорчи, романнавис Бернар Даденинг хизмати катта. Унинг мустамлакачиликка қарши асарлари машҳур. Ёзувчи Аке Лоба (асли исми Абобо Бауле)нинг „Кокумбо — қора талаба“ ва „Дарё устидаги найзалар“ романлари, Ш. Ноканинг „Шамол шиддатли эди“ романи, „Қуёш, қора нуқта“ поэмаси, Сидиқи Дембеленинг „Боқибеғамлар“ романи ХХ аср 2-ярмига хос ижтимоий муаммоларни акс эттирди. Ж. М. Бонини, Морис Коне ва бошқаларларнинг шеърий тўпламлари нашр қилинди.
Меъморлиги
Мамлакатнинг жан., ўрмон қисми халқлари турар жойларни ёғочдан ва икки нишабли томини палма шохлари билан ёпиб, тўғри бурчакли қилиб қурадилар. Буале ва аня халқлари чўзиқ доирасимон уйлар атрофини бостирма билан ўрайди. Шим.-ғарбда девори шох-шабба билан тўқилиб, лой сувоқли ва конуссимон томи похол билан ёпилган доирасимон уйлар кенг тарқалган. Мамлакат шарқида ясси томли тўғри бурчақли гувалак уйлар кўпроқучрайди. Кот-дъИвуар марказидаги уйларнинг деворлари геометрик нақшлар, инсон ва ҳайвон тасвирлари билан безалган. Мамлакат мустақилликка эришгач (1960), маҳаллий аҳоли учун 1—4 қаватли турар жой лойиҳалари ишлаб чиқилди. Кўп қаватли биноларнинг қуйи қисмида савдо маркази, меҳмонхона, ресторанлар жойлаштирилди. Абиджандаги Ҳйп ал-Ҳаёт маркази (меъмор А. Лаже, Ж. П. Люпи, Ж. Мас), алюминий билан зийнатланган эҳромсимон маъмурий бино (меъмор Р. Оливери, муҳандис Р. Моранди), Мандаги „Шалола“ меқмонхонаси (меъмор М. Дюшарм, Ларра, Ж.-П. Мино) ва бошқа Са-сандра ва Асинидаги меҳмонхоналар томи поход билан ёпилган қадимги уйлар шаклида барпо этилди. Турли шаҳарларда маданият марказлари, тим бо-зорлар гўзал усулда қурилган. Қурилишда темир-бетон, шишадан фойдаланилади, биноларга маҳаллий ҳунармандлар безак беради.
Тасвирий санъати
Ҳайкалтарошлик Кот-дъИвуар халқлари тасвирий санъатининг энг гўзал соҳасидир. Маросимларда ишлатиладиган ёғоч ниқоблар, одам гавдалари нозик дид ва маҳорат билан ясалади, уларнинг шакли ё нафис ёки ваҳимали бўлади. Бўёқ ва нақшлар ниқобларнинг таъсирчанлигини оширади. Рўзғор буюмлари ва уй эшиклари ўймакорлик усулида ишланади. Олтин, мис, жездан зеб-зийнат асбоблари ясаш, қул тўқимачилиги, каштачилик, кулолчилик ривожланган, уйларнинг деворларига турли расм, гуллар, қуш ва ҳайвонларнинг суратини солиш одат бўлган.
Мусиқаси
Кот-дъИвуар халқларининг баъзилари қадимги Мусиқий анъаналарга эга. Чунончи, дан халқи бошлиқларида труба ва барабандан иборат катта оркестрлар бўлган. Данларнинг кўп қўшиқлари муайян маросим ва одатлар билан боғланган. Масалан, қабила бошлиғи шарафига зиа, жамоа ишлари вақтида котава деган қўшиқлар айтилган. Бауле халқида маъбудаларни шарафловчи ва аждодлар руҳини эслатувчи қўшиклар кенг тарқалган. Аёллар қўшиғи товушнинг жўшқин тебраниши билан ажралиб туради. Малинке халқи гриотлари — жели қўшиқларининг шеърий матнлари ғоят мусиқийдир. Мустақиллик йилларида замонавий мусиқа ривожлана бошлади. Кўпгина ижодий жамоалар, жумладан, „Макакумани“ фолклор гуруҳи (қабилалараро жамоа) катта иш қилаётир. Абиджандаги Миллий санъат институти таркибида Миллий мусиқа ва рақс консерваторияси, Миллий мусиқа мактаби, Халқ санъати ва ҳунармандчилиги департаменти бор. Абиджан университети, гуманитар тадқиқотлар маркази, Африка санъатини ўрганиш маркази халқ мусиқаси ва рақсини ўрганиш билан шуғулланади.
Театри
Халқ ижодиёти намуналарини ижро этувчи гриотларнинг хаттиҳаракатларида актёрлик нишоналари бор эди. Замонавий театр Дакарда ХХ асрнинг 30-йилларида вужудга келди, ҳаваскорлик тўгараклари тузила бошлади. 1933-йилда Б. Даде „Шаҳарлар“ деб аталган биринчи песани ёзди. 1938-йилда Маҳаллий театр ташкил этилди. Унда саҳналаштирилган Ф. Ж. Амоннинг „Буссате ёки қора фолбин сири“, „Пинҳона тўй“ песаларида турмуш сарқитлари, Г. Коффининг „Бизнинг хотинлар“, „Менинг эрим“, „Қайтиш қўшиғи“ ҳажвий песалари мустамлакачилик зулмини фош қилди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин „Гезабо“, „Икаре“ театр жамиятлари жамоалари, Абиджан университетининг „Ниқоблар ва рўдаполар“ труппаси маҳаллий драматурглардан М. Берте, Э. Дервен, А. Коффи асарларини анъанавий Африка театри руҳида саҳналаштирдилар. 1967-йилда Миллий санъат институти ҳузурида ярим профессионал труппа иш бошлади. Б. Даденинг „Тоғо-Нини жаноблари“, Г. ОёноМбианинг „Уч ошиқ, бир қайлиқ“, Г. Гонинг „Туссио“ асарлари унинг энг яхши спектакллари бўлди. „Там-там. Овоз ва бадан“ спектакли анъанавий Африка театрининг изланишларини акс эттирди.
Киноси
Кот-дъИвуар кино санъати мустақиллик йилларида ривожлана бошлади. Режиссёр Т. Бассорнинг „Ёлғизлик қумтепаларида“ қисқа метражли лентаси биринчи филм бўлди. Унинг „Пичоқ ушлаган аёл“ филмида африкаликларнинг ғарб тамаддуни билан тўқнашуви кўрсатилган. „Мусофирлар учун консерт“ филми (режиссёр Д. Экаре) миллий кинога шуҳрат келтирди, унда пул ишлаш учун Европага борган африкаликларнинг оғир қисмати муаммоси кўтарилган. Миллий кинонинг асосчиларидан бири А. Дюпарк „Муна ёки рассомнинг орзуси“, „Оила“ филмларида муҳим масалаларни ўртага ташлади. Кейинги йилларда ижод кила бошлаган ёш режиссёрлар „Муаззиннинг даъвати“ (Э. Водио), „Кандай янгиликлар бор“ (Г. М. Бала), „Желли“ (К. Фадика), „Ажа Тио“ (Ж. Л. Кула) каби қизиқарли филмларни яратдилар.[1]
Ҳаволалар
| Викиомборда „Кот-дъИвуар“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |
- Кот-д’Ивуар Республикаси ҳукумати расмий сайти
- Кот-д’Ивуар Республикаси президентининг расмий сайти (Wайбаcк Мачине сайтида 2011-03-24 санасида архивланган)
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |