Киностудия (кино ва италянча: студио — „ўрганиш“) — кинофилмлар ишлаб чиқарувчи корхона. Киностудия бадиий-ижодий ва техник ишлаб чиқариш жараёнларини бирлаштиради. Қандай филм чиқаришига қараб бадиий, ҳужжатли-хроникал, илмий-оммабоп, ўқув киностудияси, анимацион филмлар киностудиясига ажралади. Киностудиянинг ташкилий тузилиши ишлаб чиқариладиган филмларга, ишлаб чиқариш ҳажмига, техник жиҳозларга боғлиқ. Филм ишлаб чиқариш 4 босқичдан иборат: 1) ссенарий тайёрлаш; 2) суратга олиш учун тайёргарлик (суратга олиш жойини, актёрларни танлаш, декорация, кийим тайёрлаш, кинопроба ва репетиция ўтказиш, филм ишлаб чиқариш режасини тузиш); 3) суратга олиш. Бу энг масъулиятли ва сермеҳнат босқич бўлиб, киностудия павилонида ва табиат қучоғида амалга оширилади; 4) филмни монтаж қилиш, унга овоз бериш, мусиқа ёзиш ва қайта овоз бериш.

Суратга олувчи гуруҳ асосий ижодий бўғин бўлиб, филм яратиш даврида барча ижодий ва бошқа ходимларни ўз атрофида уюштиради. Суратга олишда бадиий-ижодий гуруҳ фаолиятига филм директори раҳбарлик қилади.

Ўзбекистонда „Ўзбекфилм“, „Ўзбекистон ҳужжатли ва илмий-оммавий филмлар киностудияси“, „Достонфилм“, „Ёғду“, „Имон“, „Инсон“, „Самарқандфилм“, „Шод“, „Юлдуз“ ва бошқа киностудиялар, „Наштар“ ҳажвий киножурнали, шунингдек, Ўзтелерадио қошида „Ўзбектелефилм“ фаолият кўрсатади.

Адабиётлар