Фонограмма (юнонча: φωνή пҳоне — товуш ва γράμμα грамма) — махсус техник восита (фонограф, магнитофон, рақамли рекордер каби)лар ёрдамида ёзилган товуш садолари йиғиндиси. Тайёрланиш усули (механик, фото, электромагнит, электронрақамли ва бошқалар)га кўра турли шаклларда намоён бўлади: граммофон пластинкаси, магнит тасма, кинотасма, трек, электрон файл ва бошқа Ёзиш жараёни хусусиятларига биноан моно, стерео, квадро ва бошқа турлари ажратилади. Фонограмма, одатда, махсус овоз ёзиш студияси ҳамда киностудияларда тайёрланади. Фонограмма юқори акустик сифатлари, энг яхши ижроларни танлаш ҳамда улардан узоқ муддат мобайнида фойдаланиш имкониятлари туфайли радио (1940-йиллар охири), телевидение (1950-йиллардан), оммабоп мусиқа маданияти (айниқса, попмусиқа)лан кенг ўрин олган.

Ўзбекистонда овозли кино, радио ва телевидение, грампластинкага овоз ёзиш (Тошкент грампластинка заводи, 1945) тизимлари ташкил топиши фонограмма тайёрлаш жараёнига асос солди (овоз реж.лари А. Тимохин, Ю. Салников ва бошқалар). 1962-йилдан Н. Ҳасанов ташаббуси билан стерео фонограммалар тайёрлана бошланди ("Шашмақом" ёзувлари ва бошқалар). Кейинчалик А. Тожиев, Р. Умархўжаев, В. Гушчинлар ва кейинги йилларда "Мустақиллик", "Наврўз" каби давлат байрамлари, йирик шоуконсертлар учун сифатли фонограммаларни тайёрлашда И. Иосис, И. Миничлар алоҳида хизмат кўрсатдилар. Айни пайтда, Ўзбекистонда фонограммалар очиқ консерт ва турли маросимларда одат тусини олиб, жонли ижролар камайиб кетиши, мусиқий ижод жараёнига муайян (айниқса, Ғарб попмусиқасига оид) услубий қолипларнинг сингдиришига сабаб бўлмокда.

Муҳиддин Носиров.