Даромад солиғи — молия йилида солиқ солинадиган даромадга эга бўлган жисмоний шахслар (фуқаролар) нинг солиқ солинадиган жами даромадларидан, юридик шахслар (ташкилотлар, хўжаликлар, корхоналар ва б.)нинг солиқ солинадиган жами даромади (фойдаси)дан ундириладиган тўғри, умумдавлат солиғи. Буюк Британияда 1842-йилдан, Японияда 1887-йилдан, Германияда 1891-йилдан, АҚШда 1913-йилдан, Франсияда 1914-йилдан жорий қилинган. Собиқ СССРъда 1922-йил 16-ноябрдаги Декретга кўра даромад-мулк солиғи деган умумий ном билан жорий қилинган ва 1924-йилдан даромад солиғига айлантирилган ҳамда 1991-йилгача ишчи ва хизматчиларнинг маошидан табақалашган шкала бўйича ундирилган (100 сўмдан 8 сўм 20 тийин, 100 дан юқори суммадан 13% миқдорида). Ўзбекистон Республикасида даромад солиғи ундириш тартиби 1998-йил январдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ олиб борилади. Кодексга кўра юридик шахсларнинг солик солинадиган жами даромади (фойдаси)га 26 фоизлик ставка бўйича солиқ солинади (2001). Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари даромад (фойда) солиғи, қўшилган қиймат солиғи, экология ва бошқа солиқлар ҳамда йиғимлар ўрнига бюджетга ялпи даромад солиғи тўлайдилар (22—50% даражасида). Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадларига солиқ солиш мақсадида энг кам иш ҳақининг миқдори йил бошидан эътиборан ортиб борувчи якун тарзида (ошиб борувчи ставкаларда) ҳисобланади, энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоригача даромад суммасининг 13%, энг кам иш ҳақининг саккиз бараваригача 23%, 8 баравари миқдоридан (+1 сўм) ва ундан юқори бўлган суммадан 33%ъни ташкил қилади (1-август 2001-йил). Даромад солиғи ундиришда солиқ тўловчилар учун бир қатор чегирмалар ва имтиёзлар назарда тутилган (яна қаранг Солиқлар).

Раҳматжон Абдуллаев.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил