Фронтит [лот. фронс (фронтитис) — пешона] — пешона бўшлиғи шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Ўткир ва сурункали кечади.

Ўткир фронтит, асосан, грипп, шамоллаш ва бошқа юқумли касалликларнинг асорати сифатида пайдо бўлади. Унда пешонанинг касалланган соҳаси бир оз шишиб, оғрийди, бемор дармонсизланади, бурундан нафас олишга қийналади, ҳарорати кўтарилади. Ўткир фронтит яхши даволанмаса, сурункали фронтитга айланади. Сурункали фронтитда пешона ва юқори қовоқлар оғрийди, бурун шиллиқ қаватидан селга ўхшаш суюқлик келади; бурун гиперплазияси, грануляция ва полиплар ҳосил бўлади.