Gʻoz
Ғоз, хонаки ғоз – ўрдаксимонлар оиласига мансуб парранда тури. Евросиёнинг тундра ва ўрмон тундра зонасида яшовчи кулранг тури ғозларнинг уруғбоши ҳисобланади. Ғоз парҳез гўшти учун деярли барча мамлакатларда боқилади. Ғознинг тана тузилиши қайиқсимон, бўйни узун, оёқ бармоқлари сузувчи парда билан ўралган. Тумшуғининг шакли ҳар хил(тўғри, қайрилган, чўққайган каби). Айрим ғозларининг тумшуғи устида дўмбоғи бор. Патларининг ранги оқ, кулранг, қўнғир, доғли бўлади. Тумшуғи сарғиш-қизил. Камдан-кам қора. Пат қоплами тиғиз, совуқдан яхши ҳимоя қилади. Ғозлар бошқа хонаки паррандаларга нисбатан кечроқ (34-44 ҳафталигида) жинсий етилади. Хўжаликда 3-4 йил фойдаланилади (айрим ҳолларда 5 йил). Тўдада 3-4 та урғочи ғозга 1 та эркак ғоз қолдирилади. Урғочи ғоз 265-350 кунлигида иқлим шароитларига кўра (қишда, баҳорда) тухумга киради. Бир мавсумда 30-50 (баъзан 100 тагача) ёки ундан кўп тухум қилади. Жўжаси 29-30 кунда тухумдан чиқади. Ғознинг хитой, кубан зотлари биринчи йили фойдаланишда энг маҳсулдор ҳисобланади. Вояга етган эркак ғозларнинг вазни 5-8 кг (15), урғочилариники 4-7 (12) кг гача. Яхши боқилган ғозлар 9 ойлигида (3.5-4,5 кг) гўшти учун сўйилади. Асосан, гўшти учун боқилади (гўшти таркибида 16% оқсил, 35% га яқин ёғ бор). Гўшт ишлаб чиқариш учун йирик кулранг, кубан, холмогор, италия, рейн зотли ғозлар боқилади. Пати ва момиғи саноат учун қайишқоқлиги, сув ўтказмаслиги, иссиқлик ўтказувчанлиги, чидамлилиги туфайли қимматли хомашё ҳисобланади. Ғозлар махсус фермаларда боқилади. Ёш жўжалари гўшт учун 9 ҳафталигида сўйилади. Наслчилик тўдаларида катта ёшли ғозлар бир йилда 130 кг тўла қимматли аралаш ем билан боқилади. Бир суткада битта ғоз учун озуқа рациони (граммда): дон – 150-200, кунжара ва шрот – 15-20, яшил ва ширали озуқалар – 400-500, ўт уни – 20-30, ачитқи ем – 7-10, минерал озуқалар.
Айрим мамлакатларда (Венгрия, Полша, Франсия каби) саноат паррандачилигида ланд, тулуза, италия. рейн, венгер зотли ғозлар кўп боқилади.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |