Геммология( гемма ва ...логия) — жавоҳирлар (қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар)ни ўрганувчи фан. Қадимда жавоҳирлар ва улардан ишланган буюмлар Европада гемма деб аталган. Баъзи олимлар геммологияни минералогиянинг бир соҳаси деб ҳисоблайдилар. Геммологлар фикрича, геммология мустақил фан. Геммология жавоҳирларнинг физик хусусиятлари, кимёвий таркиби, безаклик фазилатлари, конлари минерагенияси, ишлов бериш технологиясини, шунингдек тайёрланган буюмларнинг бозор нархларини белгилаш, уларга бўлган эҳтиёжнинг ўзгариб туриш қонуниятларини, жавоҳирларни сунъий равишда тайёрлашни ўрганади.

Дунёнинг кўп мамлакатларида (асосан АҚСҲ, Англия, Германия, Япония) геммология интлари, бирлашмалари, уюшмалари, лаб.лари мавжуд. Махсус "Геммология" журнали нашр қилинади (АҚСҲ, Япония). Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудида қимматбаҳо тошлар хоссаларини ўрганиш ва улардан заргарлик буюмлари ясаш мил. ав. 1-минг йилликдан маълум. Абу Райҳон Беруний "Минералогия" асарида жавоҳирларнинг пайдо бўлиши, уларнинг физик, кимёвий хоссалари ҳақида ёзган. Геммология асосан ХХ аср бошларида минерал хом ашёларни текширишнинг янги усуллари (қутбли оптика, рентген структурали таҳлил, спектрометрия ва б.) қўлланила бошлангандан сўнг тез шаклланди. Геммологиянинг ривожланишида Россияда А. Е. Ферсман, геммология П. Баринов ва б.нинг қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги асарлари муҳим рол ўйнади. Ўзбекистонда ҳозир амалий геммология тараққий этган бўлиб, ўзбек заргарларининг ишларида ўз ифодасини топган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил