Geografik bashorat
Географик башорат — табиий муҳит ва худудий и. ч. системаларининг ўзгариш йўналишларига илмий асосланган ҳолда олдиндан кўра билиш. Г. б. тадқиқот предмети ёки жараённинг ўзгариши мумкинлиги тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишдан иборат. Башорат муддатлари мақсадга қараб 1 суткадан 15 йилгача, гоҳо 15 йилдан ҳам кўп булиши мумкин. Г. б.да умумилмий (мантиқий, системали, мутахассислар баҳоси ва б.) ва махсус географик (системалараро, системали, даврийлик, ландшафт индикацияси, палеогеографик ва ҳоказо) усуллар кенг қўлланади. Г. б. да глобал (сайёравий) миқёсдаги башоратлаштириш амалий аҳамиятга эга, чунки инсон хўжалик фаолияти натижасида турли хил чиқиндилар чиқарилаётганлиги туфайли ҳаво ва сув ҳавзаларининг ифлосланиш даражаси тобора хавфли бўлиб бормоқда. Ҳавога кўплаб углеводород, олтингугурт, чанг ва б. кимёвий чиқиндиларнинг чиқарилиши сабабли Ер юзида ҳавонинг ўртача температураси 1890-йилдаги 14,5" дан 1980-йил 15,2° гача ошишига сабаб бўлди, бу миқсор 2001-йилда 1,2° ва 2050-йилда 4° гача кўтарилиши башорат қилинмокда. Бу ҳол, одатда, дунё „иссиқхона эффект“ билан боғлиқ. Ҳаво температураси ортиб бориши қутблардаги музликларнинг эришини тезлаштиради ва Дунё океани сатҳининг кўтарилишига таъсир этади. Ҳавода углероднинг ортиб бориши нам тропик ўрмонларнинг аёвсиз кесилиши, органик ёқилғиларнинг кўплаб ёқилиши ва автомобил транспорта фаолияти билан боғлиқ. Айниқса, озон қатламининг юпқаланиши, чўл зоналарининг кенгайиб бораётганлиги, дунё океанининг ифлосланишини тадқиқ қилишда сайёравий башоратнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ўлка миқёсидаги башорат натижалари маълум ҳудудлар бўйича амалга оширилади (Ўрта денгиз, Каспий денгизи, Орол денгизи, „ишқорли“ ёмғир муаммолари). Маҳаллий башорат айрим саноат корхоналари, сув ҳавзалари, шаҳарлар, воҳалар бўйича тайёрланади. Г. б. натижаларига кўра олдиндан тегишли чора-тадбирларни қўллаш эҳтимол тутилаётган нохуш ҳодиса ва жараёнларнинг олдини олиш имконини беради.
Асомиддин Рафиқов.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |