Географик хариталар - Ер юзасининг табиат ва жамиятдаги воқеа ва ҳодисаларнинг маълум бир вақтдаги ҳолати умумлаштириб, кичрайтириб кўрсатилган текисликдаги тасвири. Географик хариталар учун харитаграфик проексиялар, шартли белгилар ва харитаграфик саралаш (генерализация) хос. Географик хариталар ўзининг мазмуни, тасвири, кўргазмалилиги ва замонавийлиги бўйича харитаграфик модел ҳисобланади.

Географик хариталарнинг биринчи хусусияти – харитаграфик проексиялар ёрдамида Ердаги ва бошқа сайёралардаги обектларнинг ўрни, режали ўлчамлари ва шакли ҳақида тўғри маълумотлар олишга имкон беради.

Географик хариталарнинг иккинчи хусусияти – харитаграфик белгилардан фойдаланган ҳолда:

  • а) Ер юзасининг бирор қисмини ёки ҳаммаси (ҳатто сайёралардаги)ни масштаб асосида кичрайтириб, масштабга тўғри келмайдиган зарур обектларни масштабсиз шартли белгилар билан тасвирлаш мумкин;
  • б) харитада Ер юзасининг релефини (масалан, горизонталлар ёрдамида) текисликда ёйиб кўрсатиш мумкин;
  • в) географик хариталарда тасвирланаётган воқеа ва ҳодисаларнинг фақат ташқи кўринишигина эмас, уларнинг ички тузилиши ва мазмуни ҳам тасвирланади (масалан, денгиз хариталарида чуқурлиги, сувининг кимёвий таркиби, оқим тезлиги, денгиз тубининг релефи, флора ва фаунаси ва ҳоказо);
  • г) сезги органлари бевосита қабул қилмайдиган ҳодисаларнинг тарқалишини ва бевосита эришиб бўлмайдиган алоқа ва муносабатларни кўрсатиш мумкин (масалан, магнит стрелкасининг оғиш бурчагини);
  • д) айрим обектларга хос кам аҳамиятли томонлари, ҳодиса ва деталларини истисно қилиш ва уларнинг умумий ҳамда асосий белгиларини ажратиб бериш мумкин.

Географик хариталарнинг, айниқса, учинчи хусусияти – тасвирланаётган воқеа ва ҳодисаларни танлаш, тўлдириш, яъни харитаграфик саралаш (генерализация) ва умумлаштириш мумкин.

Мазмунига кўра, умумгеографик ва мавзули (тематик) хариталарга бўлинади. Умумгеографик хариталар масштаби бўйича – йирик масштабли, ўрта масштабли ва майда масштаблиларга бўлинади, лекин улар қайси масштабда тасвирланса ҳам, уларнинг мазмунини ташкил этган элементларнинг асосийлари сақланиб қолади. Булар – сув обектлари, релеф, тупроқ ва ўсимлик қоплами, аҳоли яшайдиган жойлар, алоқа йўллари ва алоқа воситалари, давлатлар ва улардаги маъмурий чегаралар ҳамда ижтимоий-иқтисодий элементлар (саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар)дир.

Мавзули хариталар бирорта мавзуга бағишланган бўлади. Мавзу тўлиқ тасвирланади, лекин географик асосини умумгеографик хариталарнинг элементлари ташкил қилади, яъни мавзуга мос қилиб географик асос яратилади. Мавзули географик хариталар икки синфга – табиий географик хариталар ва ижтимоий-иқтисодий географик ҳариталарга бўлинади. Табиий географик хариталарга геология, тектоника, геофизика, сейсмология, ерости сувлари (гидрогеология), геоморфология, иқлим, гидрология, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, экология ва бошқалар соҳаларга бағишланган хариталар киради. Ижтимоий-иқтисодий ҳариталарга аҳоли ва демография, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, маиший хизмат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сиёсий-маъмурий хариталар ва ҳоказолар киради.

Географик хариталар тасвирланган ҳудудига кўра, дунё, материк, океан, алоҳида мамлакатлар, ўлкалар, вилоят ва туман хариталарига бўлинади. Вазифасига кўра, махсус хариталар (ўқув, туристик, навигация, лойиҳа ва ҳоказо)га ажратилади.

Мавзуси тор хариталарга соҳа хариталари (масалан, иқлимнинг бир соҳасига бағишланган хариталар), иқлимга тўла характеристика берилган бўлса, умумий иқлим хариталари дейилади. Хариталарда тасвирланаётган мазмун кўп маълумотли бўлиб, улар орасидаги ўзаро боғлиқликни тасвирлаб, улардаги қонуниятларни очиб берса, комплекс хариталар, деб аталади.

Табиатнинг айрим элементлари (масалан, шамоллар), муайян жойнинг аҳолиси (масалан, туғилиш), иқтисодиёти (масалан, пахта ҳосилдорлиги) ва маданияти (масалан, театрлар), уларнинг хусусиятлари ва аломатлари кўрсатилса, аналитик хариталар дейилади. Бир қанча соҳаларни қўшиб, кўп мазмун битта харитада тасвирланса, синтетик хариталар дейилади.

Географик хариталар ичида ижтимоий-иқтисодий хариталар нисбатан кенг ривожланаётган соҳа. Ушбу йўналишнинг шаклланиши ва ривожланиши жамият тараққиётида ижтимоий-иқтисодий омиллар ролининг ошиб бориши, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда ҳудудий фарқларнинг кучайиб бориши билан бевосита боғлиқ.

Динамик ижтимоий-иқтисодий ҳодисаларни, уларнинг ҳудудий фарқларини чуқур таҳлил этиш зарурати харитаграфия фанидан тадқиқотни кенгайтиришни, янги ўзига хос обектларни ва нисбатан мураккаб жараёнларни қўшишни талаб этади. Масалан, қўшма корхоналар, аксионерлик жамиятлари, фермер хўжаликлар, фирмалар ва б.

Географик хариталар ижтимоий-иқтисодий ва маданий обектларнинг жойланиши, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ҳодисаларга хос ҳудудий фарқларни акс эттирибгина қолмасдан, балки уларга хос ҳудудий комплекс қонуниятларини ҳам аниқлашга имкон беради. Бунинг асосида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларни миллий ва турли ҳудудий миқёсларда башоратлаштириш, режалаштириш ва бошқаришнинг мустаҳкам илмий-методологик асосларини тайёрлаш мумкин. Шу нуқтаи назардан янги типдаги хариталар яратишни давр тақозо қилмоқда (масалан, башорат қилиш, баҳолаш, режалаштириш, лойиҳалаш ва бошқа хариталар). Ўзбекистон Республикасида шу соҳага бағишланган хариталар тузиш устида иш олиб борилмоқда.

Яна қаранг

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Мирзалиев Т. М., Проблеми комплексного и тематического картографирования Ўзбекистана, Т., 1987.