Gidrokimyo
Гидрокимё (гидро.. ва кимё) — табиатдаги сувларнинг кимёвий таркибини ҳамда уларнинг кимёвий, физик ва биологик жараёнлар таъсирида ўзгариш қонуниятларини ўрганувчи фан. Гидрокимё геокимё, гидрогеология ва гидрология фанлари билан чамбарчас боғлиқ. Петрография, минералшунослик, тупроқшунослик, гидрогеология, гидробиология ва б. фанларнинг ривожланишида Г.нинг аҳамияти катта. Кимёвий таркиби ва минералланиш даражасига қараб табиатдаги сувлар чучук (туз 1 л да 1 г ча), тахир (туз 1 л да 1 г дан ортиқ) ва шўр (туз 1 л да 50 г дан кўп) сувларга бўлинади. Катион ва анионлар миқдорига кура, хлоридли, сулфатли, карбонатли ёки натрийли, магнийли, калсийли сувлар бўлади. Аҳоли яшаётган жой, саноат корхоналарини сув билан таъминлаш, оқар сувларни тозалаш, нефт, руда конларини қидиришда гидрокимёнинг роли катта. Гидрокимё ёдли, бромли, радиоактив, минерал сувлардан халқ хўжалигида, тиббиётда фойдаланиш йўлларини ҳам ўрганади. Гидрокимё ер ости сувлари таркибини ўрганиш, балиқларнинг тез-тез жой ўзгартириб туриш сабабларини аниқлаш ва ҳарбий мақсадларда аҳамиятли.
Қадимдан одамлар сувларнинг таъми, ранги, ҳиди, иссиқ-совуқлиги, ўювчанлигига қараб турли мақсадларда фойдаланишган. Абу Али ибн Сино турли касалликларни даволашда табиий сувлардан фойдаланган. Ўзбекистонда табиий сувлар кимёсини ўрганишга Ф. О. Мавлонов, М. Султонхўжаевлар катта ҳисса қўшди.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |