Бош истисқоси, гидроцефалия, мия истисқоси — калла бўшлиғида орқа мия суюқлиғининг ортиқча йиғилиши ва калла ичи босимининг ошиши оқибатида келиб чиқадиган касаллик. Туғма ва орттирилган хиллари бор. Туғма Бош истисқоси онадаги юқумли касалликлар, шикастланиш ва заҳарланишнинг ҳомилага таъсири натижасида вужудга келиб, бола туғилиши биланоқ юзага чиқади. Бунда боланинг боши жуда тез катталашади, айниқса пешона ва тепа суяк дўмбоғи туртиб чиқади, суяклари юқалашади; чекка ва пешона соҳасидаги вена томирлари бўртади, кўриш, эшитиш фаолияти бузилади, қўлоёқ қисман фалажланиб, кейинчалик тузук юра олмайди. Моддалар алмашинуви (сув, углевод ва ёғ алмашинуви) издан чиқади; ёғ алмашинувининг бузилиши туфайли баъзан беморни ёғ босади ёки аксинча жуда озиб кетади. Бола жуда бўшанг, уйқучан бўлади, руҳий ривожланиши кечикади. Орттирилган Бош истисқоси датуғилгандан кейин бош мия пардасининг инфексион касалликлари (менингит ва менингоэнсефалит) ёки калла шикастланиши (кўпинча туғилишда шикастланиши) натижасида рўй беради. Бош истисқоси нинг бу хилида беморнинг эшуши деярли ўзгармайди. Бунда бош айланади, қаттиқ оғрийди, бемор қайт қилади, оғирроқ кечганида эса ҳушидан кетади, қўлоёғи фалаж бўлиб қолади. Бош истисқоси нинг олдини олиш учун касалликка сабаб бўлган омилларни вақтида бартараф этиш, даволаш эса калла ичи босимини камайтиришга қаратилиши лозим.[1]

Манбалар

  1. ↑ "Бош истисқоси" ЎзМЕ. Б-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2019-12-11 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил