Горкий 1900-йилда

Максим Горкий (русча: Максим Горький) (асл исми Алексей Максимович Пешков (русча: Алексей Максимович Пешков); 1868-йил [Э.У. 16-март] 28-март, Нижний Новгород – 1936-йил 18-июн, Москва) – рус ва совет ёзувчиси ва жамоат арбоби[1]. Собиқ Иттифоқ ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг биринчи раиси. Беш марта Адабиёт бўйича Нобел мукофотига номзод этиб кўрсатилган[2].

Горкий бир қатор роман („Фома Гордеэв“, 1899; „Учовлон“, 1990—01 ва б.), ҳикоя („Коновалов“, „Челкаш“ ва б.) ва драматик асарлар („Мешчанлар“, „Тубанликда“, 1902; „Чорбоғчилар“, 1904 ва б.) муаллифи. „Тубанликда“ песасида Горкий шафқациз ҳаёт тубанликка итқитган инсонларнинг азоб-уқубатларини маҳорат билан берган. „Она“ (1907) романида биринчи бўлиб адабиётда инқилобий курашни хайрихоҳлик билан тасвирлаган. „Болалик“ (1913–1914), „Одамлар орасида“ (1915–1916), „Менинг дорилфунунларим“ (1923) қиссалари автобиография асарлардир. Горкий Шарқ халқлари тарихи билан қизиқиб, „Италия эртаклари“ (1911–1913) асарида Шарқ мифологиясидан ўз бадиий нияти асосида фойдаланди, рус адабиётида Амир Темур сиймосига илк бор мурожаат этиб, унинг тарихий ҳақиқатдан узоқлашган образини чизди. Горкий меҳнаткаш омманинг Владимир Ленин раҳбарлигида 1917-йил октябрда мамлакатни остин-устун қилиш, кўплаб бегуноҳ кишиларнинг қонларини тўкиш ҳисобига тарихий жараённи ўзгартирмоқчи бўлганини ва Фавқулодда комиссия қатлиомини кескин қоралади, кўпгина ёзувчиларни болшевикларнинг таъқибидан сақлаб қолди. У ўша вақтдаги вазиятда Россияда социалистик инқилоб бемаврид ва ҳалокатли, деб ҳисоблайди. Аввал халқнинг маданий савиясини кўтариш, сўнг инқилоб қилиш мумкин, деб ўйлаган („Бемаврид фикрлар“ публицистик асарлар туркуми, 1917–1918). Аммо кейинчалик Горкий ўзи қарши бўлган социалистик инқилобий кураш томонига бутунлай ўтиб кетади. Горкий бир қанча (Лев Толстой, Антон Чехов, Владимир Короленко ва б. ҳақидаги) адабий портретлар муаллифи. „Артамоновлар иши“ романи (1925) да янги тарихий авлоднинг ғалабаси қонуний эканлигини тасвирлаган. „Жаҳон адабиёти“ нашриёти, „Шоир кутубхонаси“, „Ажойиб кишилар ҳаёти“ ва б. китоблар туркуми унинг фаол иштирокида ташкил қилинди. Киборлар ҳалокати ва инқилоб ғалабаси муқаррарлиги „Егор Буличев ва бошқалар“, „Достигаев ва бошқалар“ (1933), „Васса Железнова“ (2-нашри, 1935) песаларининг бош мавзуидир. „Клим Самгиннинг ҳаёти“ роман-эпопеясида (1927–1936; 4-қисм тугалланмаган) рус халқининг ХХ аср бошларидаги ғоявий-ижтимоий кураши, ҳаёти акс этган. Горкий чет элда (1921–1931) ва Россияга қайтганидан кейин замонавий адабиёт ғоявий-эстетик тамойиллари (шу жумладан, социалистик реализм назарияси) нинг шаклланишига катта таъсир кўрсатади ва шу йўсинда компартияга адабиётни ўз монополиясидаги ғоявий қуролга айлантириб олишига кўмаклашади. Совет давлати раҳбарлари Горкийнинг катта халқаро обрўсидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишган. Улар макри билан алданган Горкий 1930-йиллар бошларидаги қатағон сиёсатини тарбиявий аҳамиятга молик тадбир, деб тушунди. Горкий ижоди таъсирида бошқа миллий адабиётлар (франсуз, немис, инглиз, хитой каби) да ҳам социалистик реализм методига асосланган асарлар кўплаб яратилди. Горкий асарлари 1930-йилларнинг бошида дастлаб Чўлпон, кейинчалик Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Мирзакалон Исмоилий ва б. томонидан ўзбек тилига таржима қилинди. Аксарият песалари Ўзбекистон театрларида саҳналаштирилган.

Манбалар

  1. ↑ Лиукконен, Петри „Махим Горкй“. Боокс анд Wритерс (киржасто.сcи.фи). Финланд: Куусанкоски Публиc Либрарй. 2009-йил 6-июлда асл нусхадан архивланган.
  2. ↑ „Номинатион Датабасе“. Тҳе Нобел Призе. 2018-йил 28-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2018-йил 10-декабр.

Адабиётлар

Ҳаволалар