Гвадалаҳара — Мексикадаги шаҳар, Халиско штатининг маъмурий маркази. Мексика тоғлигининг жан.ғарбий қисмида, денгиз сатҳидан 1500 м баландликда жойлашган. Аҳоли сони жиҳатидан мамлакатда 2-ўринда туради; 1,6 млн. киши (1990-йиллар ўрталари). Муҳим темир йўл ва автомобил йўллари тугуни. Халқаро аэропорт бор. Ғарбий Мексиканинг иқтисодий маркази. Озиқовқат, тўқимачилик, кўн поябзал, металлсозлик, машинасозлик, кимё, кулолчилик кор-хоналари; университет бор. Меъморий ёдгорликлардан собор (1571—1618), Санта-Моника черкови (1720—33) ва б. сақланган. Гвадалаҳарани 1530-йилда испанлар бунёд этган ва у Марказий Американи мустамлакага айлантиришда таянч пунктларидан бири бўлган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил