Hijriy yil hisobi
Ҳижрий йил ҳисоби - мусулмонлар йил ҳисоби. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарнинг Маккадан Мадинага кўчиши Ҳижра билан боғлиқ. Қамария (ҳижрий-қамарий йил) ва шамсия (ҳижрий-шамсий йил)га бўлинади.
Ҳижрий-қамарий йил
Қамария бўйича йил ҳисоби 622-йилнинг 16-июли жума кунидан бошланиб, Ойнинг кетма-кет келган икки бир хил фазаси орасида ўтган вақт — синодик ой (29,530588 кун) даврига асосланган. 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,3671 кундан иборат. Қамарий йилда 1, 3, 5, 7, 9 ва 11-ойлар 30 кундан, қолганлари 29 кундан бутун қилиб олинган. Ойлар тартиби билан муҳаррам, сафар, рабиул аввал, рабиул охир, жумодул аввал, жумодул охир, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда ва зулҳижжа деб аталади. Қамарий йил тропик йилдан 10—12 кун қисқа. Қамарий йилнинг баъзилари кабиса йил бўлишига сабаб йилнинг каср қисми (0,3671 кун) ҳар 30 йилда 11,013 кунни ташкил этишидир. Унинг 19 йили оддий (354 кунлик), 11 йили кабиса (355 кунлик), 38-йиллик арабча сиклнинг 2, 5, 7, 10, 13, 16, 18, 21, 24, 26 ва 29-йиллари кабиса деб қабул қилинган. Қамария ҳисоби Яқин ва Ўрта Шарқнинг кўп давлатлари ва бошқа баъзи давлатларда қўлланади.
Ҳижрий-шамсий йил
Шамсия 622 йилнинг баҳорги тенг кунлик куни — 21 мартдан бошлаб ҳисобланади; кейинги йил бошлари эса 20, 21 ёки 22 мартга тўғри келади. Давомийлиги Григорий календари каби 365 ёки 366 кундан иборат. Шамсия бўйича ойларнинг номлари ҳут, ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сумбула, мезон, ақраб, қавс, жадди ва далв бўлиб, бу ойлар доимо йилнинг маълум бир вақтларида келади.
Ўрта Осиёда янги услуб кенг оммавийлашгунга қадар қамария ҳисоби ҳам, шамсия ҳисоби ҳам ишлатилиб келинган; Шамсия ҳисоби бўйича йилнинг дастлабки кунларида Наврўз байрами ўтказилган.
Ҳижрий йил ҳисобининг саналарини янги услуб (Григорий календари)га айлантиришда махсус формулалар ва жадваллар қўлланади. Масалан, Григорий календарининг 1980-йил қамариянинг 1399/1400-йилларига ва шамсиянинг 1359/1360-йилларига тўғри келади[1].
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Ҳижрий йил ҳисоби“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Ҳ-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.
| Ислом динига оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |