Ҳиндол мирзо (1518 - Кобул -1551) — бобурийлардан. Бобурнинг 4-ўғли. Онаси Дилдор бегим. Бобуршоҳ Ҳиндистонни фатҳ қилишга киришган (Баҳрани олган) даврида шу фарзанди туғилган, шунинг учун "Ҳиндни ол!" рамзий маъносида Ҳиндол деб исм қўйган. Бобур ҳаётлигида у Бадахшон ҳукмдори эди (1526—30). Ҳумоюн тахтга ўтиргач, укаси Ҳ. М.га Меват ва Олур вилоятларининг ҳукмронлигини берган (1530—38). 1538-йил бобурийлар ўртасидаги ички низолардан фойдаланган Шершоҳ Биҳар, Жунпур ва канаужгача бўлган ерларни босиб олган. Шу аснода Ҳ.М. Ҳумоюншоҳга қарши бош кўтарган ва Агра шаҳрини босиб олган ҳамда ўзини подшоҳ деб эълон қилган. Бироқ Комрон Мирзо ўз қўшини билан келиб, Аграни Ҳ.М.. дан тортиб олган. Аммо тез фурсатда Шершоҳ Агра ва бошқа шаҳарларни бирин-кетин босиб олгач, Комрон Мирзо билан Ҳ. М.Кобулга қочишган. 1544-йилда Ҳумоюн Эрондан қай-тиб келгач, бошқа укалари қатори Ҳ.М.нинг ҳам гуноҳини кечирган. Ҳ.М. умрининг охиригача Ҳумоюн-шоҳга содиқ қолган.

Ҳ.М. шеъриятга қизиққан, туркий ва форсий тилларда ғазаллар ёзган.

1551-йилдаги "хандақ жанги"да Ҳ.М. Комрон Мирзо одамлари томонидан яраланади ва ўша куни оламдан ўтади. Ҳ.М.нинг жасади Кобулда отаси бобурнинг мақбараси ёнига дафн этилган. 1607-йилда Жаҳонгиршоҳфармонига биноан Ҳ.М.нинг қабрига лавҳа ўрна-тилган.

Ад.Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Т., 1995.