Ҳўкиз — иш ҳайвони; 2 ёшдан ошган, қўшта ярайдиган бичилган эркак қорамол. Мустаҳкам ва дағал конституцияли новвослар бир ёшдан ошганда ахталаниб, иш ҳайвони сифатида 18— 24 ойлигидан бошлаб турли хўжалик ишларини бажаришда фойдаланилган. Омоч билан ер ҳайдаш, ғалла янчиш (ҳўп), араваларга қўшиб юк ташиш ишларида асосий улов бўлган. Осиё, Африканинг айрим мамлакатларида Ҳ.лар асосий иш ва миниладиган (транспорт) ҳайвон сифатида ҳозир ҳам кўп ишлатилади. Ўзбекистонда Ҳ.лардан хўжалик ишларида ХХ асрнинг 50-йиллари бошига қадар фойдаланилган.