Ис’ҳоқхон тўра Ибрат (1862–1937) – ўзбек маърифатпарвари, шоир, тарихшунос олим ва илк ўзбек ноширларидан бўлиб, асл исми Ис’ҳоқхон, „Ибрат“ эса унинг тахаллусидир[3].

Исъҳоқхон Ибрат


Таваллуди 1862-йил
Вафоти 1937-йил
Андижон
Тахаллуси Ибрат
Касби Шоир, ёзувчи, тилшунос олим, тарихшунос олим
Ижод қилган тиллари Ўзбек тили
Форс тили
Араб тили
Фуқаролиги Қўқон хонлиги
Россия империяси
СССР
Танланган асарлари „Луғати ситта ал-сина“, „Мезон уз-замон“[1]
Ота-онаси Жунайдуллахўжа ва Ҳурибиби[2]

Ҳаёти

Ис’ҳоқхон тўра Ибрат 1862-йилда Наманган яқинидаги Тўрақўрғон қишлоғида туғилган. Унинг бобоси Тўрахон махдум Қўқон хонлигида катта эътиборга эга зиёли инсонлардан бўлиб, Тўрақўрғонда узоқ йиллар қозилик қилган ва „Афсус“ тахаллуси билан шеърлар ёзган[4]. Ис’ҳоқхоннинг отаси Жунайдуллахўжа шеъриятга ихлос қўйган, „Ходим“ тахаллуси билан шеърлар ёзган. Онаси Ҳурибиби ҳам ўқимишли аёл бўлган ва уйида қишлоқ қизларини ўқитган[5]. 1870-йилларда отасидан айрилган Ис’ҳоқхон дастлаб ҳижо усулига асосланган қишлоқ мактабида ўқийди. Кейин онасини қўлида таълим олиб савод чиқаради[6]. Ис’ҳоқхон ўқишни давом эттириш учун 1878-йилда Қўқонга боради ва Муҳаммад Сиддиқ Тунқотар мадрасасига ўқишга киради. Ис’ҳоқхон Қўқонда ўқиб юрган пайтларида „Ибрат“ тахаллуси билан шеърлар ёза бошлайди.

1922-йилда унинг катта ўгли Аббосхон босмачилар одами сифатида шубҳа қилиниб, рус ҳукумати аскарлари томонидан калтаклаб ўлдирилган. Ушбу маълумотлар Ис’ҳоқхон Ибратнинг „Қўрбошилар замони“ асарида ёзилган бўлса-да, 1937-йилда қатағон авжига чиққан паллада, бу қўлёзма асар ҳам Андижон зиндонида йўқ қилинади[7].

Фаолияти

Ис’ҳоқхон Ибрат 1885-йилда Қўқондаги мадрасани тугатиб, Тўрақўрғонга қайтади. Ис’ҳоқхон Тўрақўрғонга қайтгач ҳижо усулига асосланган „усули қадим“ мактабларидан тубдан фарқ қиладиган мактаб очади[8]. Унинг мактаби „усули савтия“ методига асосланган мактаб бўлиб, анъанавий ўқитиш усулларидан фарқ қилади. Аммо бу мактаб узоқ фаолият кўрсата олмади. Мутаассиблар мактаб фаолиятини тўхтатишга бир неча бор уринган ва охир-оқибат уни ёпишга эришган. Чет эл ҳаёти ва маданияти билан яқиндан танишишни истаган Ис’ҳоқхон 1887-йили шарқ мамлакатлари бўйлаб сафарга отланди. Ис’ҳоқхон тўранинг сафарга чиқишидан асосий мақсад, авваламбор, онасининг ҳажга олиб бориш ҳақидаги илтимосини қондириш бўлса, иккинчидан, чет-эл халқлари ҳаёти, маъданияти билан яқиндан танишиш, хорижий тилларни ўрганиш иштиёқи эди[9]. 1892-1896-йилларда Ҳиндистоннинг энг катта порт шаҳарлари Бомбей ва кейинроқ Калкуттада яшайди. Ис’ҳоқхон саёҳати давомида 4 та тилни мукаммал ўрганади[10]. Араб, форс, ҳинд ва инглиз тиллари шулар жумласидандир. У шарқ тиллари билан бир қаторда, ғарб тилларини ҳам билиш зарур деб ҳисоблайди ва Арабистонда франсуз тилини, Ҳиндистонда инглиз тилини, шу билан бирга, қадимги финикий, яҳудий, сурёний, юнон ёзувларини ўрганади[11]. Ис’ҳоқхон бу мамлакатларда наққошлик, кишиларга муҳр ясаб бериш, масжид-мадрасалар пештоқларига ва қабр тошларига нақш солиб бериш, китоблардан наъмуна кўчириб бериш билан тирикчилик қилади. Ис’ҳоқхон тўра Ибрат 1896-йилда Ҳиндистондан Бирма орқали Хитойга, сўнгра Қашқарга ўтди ва ундан сўнг ўз ватанига қайтади[12]. Ис’ҳоқхон Ҳиндистондан „Сантур“ номли мусиқа асбоби, бир қанча пластинкалар ва граммофон олиб келади[13][14]. Ис’ҳоқхон Тўра Ибрат Ўрта Осиё ҳудудидаги илк матбаачилардан бири сифатида, 1908-йил Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб олиб келган ва ўз ҳовлисида „Ис’ҳоқия босмахонаси“ни ташкил қилган[15]. Бу асбоб-ускуналар маҳаллий савдогар Гауфмандан тўловни 11 йилда амалга ошириш шарти билан сотиб олинган эди[16][17][18]. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатиб келган ва у ерда ўтган давр мобайнида бир қатор илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил қилинган[19]. 1908-йилда „Фиқҳи Кайдоний“ номли таржима китоби арабча матнда нашр эттирилади. 1907-йилда ҳаттотлик санъатига оид 17 хил ёзув билан ифодаланган асари Туркистон генерал–губернатори томонидан фахрий чопон билан тақдирланади[20][21]. Ис’ҳоқхон Ибрат матбаачи сифатида 1908-йилдаёқ Наманганда „Матбааи Ис’ҳоқия“ни ташкил этиб, китоб нашрига киришган эди[22]. Ис’ҳоқхон Ибратнинг „Жомеъ ул-хутут“ асаридан олдинроқ яратилган „Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий (Мирражаб Бандий қўли билан кўчирилган Ибрат ҳуснихат санъати ҳақида Муфрадот китоби)“ асари хаттотлар учун ҳуснихат бўйича қўлланма сифатида яратилган бўлса-да, Фарғона водийси вилоят ва шаҳарларида фаолият кўрсатган усули жадид мактабларидан „Алифбо“ дарслиги сифатида ҳам қўлланган. 1914-йилда Тўрақўрғонда рус макатаби очди ва уни „Учител“ деб номлади. Мактабни 1916-йилда генерал-губернаторлик маъмурияти рухсатисиз очилганини баҳона қилиб ёпиб қўйишади. Ис’ҳоқхон Ибрат 1898-йилдан бошлаб Тўрақўрғон ва Наманган шаҳарларида халқ қозиси лавозимида фаолият юритди.

1913-йилда „Матбааи Ис’ҳоқия“ қошида „Ат-Тужжорун Намангон“ номида газета чиқаришга ҳаракат қилади ва ҳукуматдан рухсат олиш учун ариза ёзади. Ҳар қанча ҳаракат қилса-да, Ис’ҳоқхон газета чиқаришга муваффақ бўла олмади. Лекин кейинчалик ўз уйида кутубхона ташкил қилди ва уни „Кутубхонайи Ис’ҳоқия“ деб атади. Кутубхонанинг мактаб ўқувчиларига бағишланган бўлимида С.Саидазизов, Мунавварқори Абдурашидхонов, А.Авлоний, М.Беҳбудий, Исмоил Гаспирали, С.Граменицкий каби педагогларнинг элликдан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалари бир неча нусхада, таълим-тарбияга оид юзлаб ноёб китоблар бўлган. Ибрат кутубхона аъзоларининг китоб олиш ва ўқиб бўлгач, уни топшириш дафтарини ҳам жорий қилган. Маош билан ишловчи кутубхоначи ҳам тайинланган. Бироқ, бир неча минг китоб, қўлёзмалар, газета ва журналлар тўпламини ўз ичига олган ушбу кутубхона 1917—1920-йилларда талон-тарож қилинди. 1937-йилда бутунлай йўқ қилиб юборилган[23]. У жамоат арбоби сифатида отасидан қолган беш таноб ерда халқ учун истироҳат боғи яратди, тошдан катта ҳовуз ва ўртасига фаввора қурдиради, 150 туп арча ва манзарали дарахтлардан хиёбон барпо этди. Европа усулида катта иморат қурдириб, аркига „Хуш келибсиз, Ис’ҳоқия боғига“ деб ёзиб қўйган.

Ис’ҳоқхон Ибратнинг шеър ва мақолалари „Тараққий“, „Тужжор“, „Садойи Туркистон“ „Ал-Ислоҳ“ газета ва журналларида, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг „Ойина“ журналида, Обиджон Махмудовнинг „Садойи Фарғона“ газетасида доимий босиб чиқарилган.

Луғати ситта ал-сина

Ис’ҳоқхон „Луғати ситта ал-сина“ асарини ХИХ асрнинг 90-йилларида, чет эл сафаридан қайтгач ёзган. Бироқ, қаттиқ назорат ва таъқиблар туфайли бу луғат анча кечикиб, 1901-йилда Тошкентдаги В. И. Ленин номидаги босмахонада чоп этилган. Луғат олти тилли, мураккаб, ўзбекча сўзларнинг арабча, форсча, ҳиндча, туркча ва русча таржималаридан иборат. Мингдан ортиқ сўзларни ўз ичига олиб, 53 бет ва икки қисмдан ташкил топган[24]. Ис’ҳоқхон Ибратнинг мазкур луғатини араб алифбосида яратиши ҳам туркий халқларни руслаштириш сиёсатига зид эди. Луғатнинг биринчи қисми алифбо тартибида тузилган бўлиб, ҳар қайси ҳарфга алоҳида кичик-кичик боблар ажратилган. Асарнинг иккинчи қисми 37 бобдан иборат бўлиб, феълларнинг бошқа шакллари, отлар, кишилик олмошлари, кун, ой номлари, одам аъзолари, ҳайвонлар, ҳашаротлар, паррандалар, озиқ-овқат ва бошқа предметларнинг номларини ўз ичига олган. Бу қисмда аввал арабча, кейин унинг форсча, туркча, ҳиндча ва русча таржималари келтирилади[25][26].

Жомеъ ул-хутут

Ис’ҳоқхон Ибрат 1912-йилда тилшуносликнинг ўша давр учун ҳали ўрганилмаган – дунё ёзувлари тарихи ва ҳуснихати соҳасига бағишланган „Жомеъ ул-хутут“ (Ёзувлар мажмуаси) асарини ўз босмохонаси „Матбааи Ис’ҳоқия“да чоп этди[27]. Муаллиф ўзининг ушбу илмий асарида энг қадимги ёзувларидан – пиктография (лотинча „пиcтус“ – расм ва грекча „грапҳо“ – ёзаман) то ХХ аср бошларидаги энг мукаммал ёзувларгача босиб ўтилган тараққиёт даврини ёритиб берган. Ис’ҳоқхон Ибратнинг ушбу асари 132 бетдан иборат бўлиб, ўша даврда дунёга машур бўлган қирққа яқин ёзув тизими ҳақида, шу жумладан, араб хатининг сулс, тавқеъ, райҳон, зулф, ҳумоюн, турра каби ҳуснихат шакллари ҳақида маълумот беради.

Тарихи Фарғона

Ўрта Осиё тарихига бағишланган муаллифнинг энг йирик ва кенг қамровли асари „Тарихи Фарғона“ 1912-1913-йилларда ёзиб тугатилган[28]. Ис’ҳоқхон Ибрат ушбу мусаввада ҳолатда бўлган асар қўлёзмасини хаттот Иноятхон Тўрақўрғонийга кўчиртиради ва яқин танишларидан „Туркистон вилоятининг газети“ собиқ ходим тарихчи Мулла Олим Махзум ҳожига (бу олим ҳам худди шу даврга бағишланган „Тарихи Туркистон“ номли асар яратган) ва яқин дўсти Ибн Яминбек вафот этгани учун унинг укаси Фансуруллоҳбек Худоёрхон оғлига – Тошкентга юборади. Ўзининг босмахонаси „Матбааи Ис’ҳоқия“ шўро ҳукуматининг дастлабки йилиёқ эгасидан тортиб олинган ва бу асарни ўз босмохонасида нашр этиш имкониятидан маҳрум этилган эди[29]. 1910-йилларнинг иккинчи ярмидаги парокандалик, қатағон, бунинг устига, Мулла Олим Махзумнинг вафот этиши, Фансуруллобекнинг қамоққа олиниши ва қамоқда вафот этиши оқибатида асар қўлёзмаси бошқа нотаниш инсонлар қўлида қолиб кетган[30]. Ғарб тилларини ҳам мукаммал билган олим „Тарихи Фарғона“ асарини яратиш жараёнида атоқли шарқшунос олимлар В. В. Радлов, В.В.Бартолд, В. П. Наливкин, туркшунос, этнограф, сайёҳ Ҳерман Вамбери асарларидан фойдаланган.

Ис’ҳоқхон Ибрат ХИХ асрнинг биринчи ярми – Муҳаммадалихон ҳукмронлик қилган даврни қаламга олар экан, 1842-йилги Қўқонда бўлиб ўтган қирғинни ҳам кенг ёритиб беради. Бухора амири Насрулло Қўқонга бостириб кириб, шаҳарни талаган. Асарда шу билан бир қаторда Нодирабегим ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган. Тарихчи-олим Ис’ҳоқхон Ибрат асарда Қўқон хонлигида ҳукмронлик қилган хонлар фаоолиятини хронологик тарзда баён этади.

Шеърияти

Ис’ҳоқхон Ибратнинг замондоши, шоир, таржимон, хаттот Сулаймонқул Муҳсиний Ис’ҳоқхон Ибратнинг фазилатлари ҳақида гапириб, „соҳиби девон“ деб таъриф берган. Бундан ташқари, Ибрат шеърларининг кичик бир қисмини тўплаб, ўз матбаасида „Илми Ибрат“ номи билан 1909-йилда Охунзода Абдурауф Шаҳидий муҳаррирлигида чоп этган. Китоб сўнгги сўз қисми билан биргаликда 16 бетдан иборат бўлиб, 1 та арабча, 3 та форсча, 5 та ўзбекча шеърдан ташкил топган. Тўпламдаги шеърларнинг асосий мазмунини шоир яшаб ижод этган тузумдаги адолацизликни танқид остига олиш ва халқни илм-маърифатга чақириш ғояларидан ташкил топган. Ибратнинг бирмунча шеърлари шоирнинг тўнғич ўғли Аббосхон Ис’ҳоқов томонидан 1918-йилда тузилган баёзга киритилган. Ис’ҳоқхон Ибрат мазкур давр Қўқон адабиёти муҳитининг Нодим Намангоний, Мулла Жалолхон Васфий, Муҳаммадшариф Сўфизода, Муҳсиний, Убайдулла Ғурбат каби йирик шоирлари билан адабий ҳамкорликда бўлган. Ибрат, асосан, ўзбек тилида, қисман, араб ва форс тилларида ижод қилган. Ибрат ёшлигидан Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Бобур, Машраб каби ижодкорларнинг меросини чуқур ўрганган. Ибратнинг „Қарз“, „Қалайсизлар“, „Бўлубдур“, „Ўлурсан“, „Сийм-у зардур“ каби шеърлари ижтимоий-сиёсий мавзуларга бағишланган. Ис’ҳоқхон Ибратнинг 15 банд 90 мисрадан иборат бўлган „Қарз“ радифли мусаддаси 1993-йилда „Туркистон вилоятининг газети“да эълон қилинди. Шоирнинг ушбу шеърида мустамлака Туркистондаги ҳисобсиз солиқлар натижасида камбағал деҳқонларнинг бошига тушган мусибатлар акс эттирилган. Шу билан бирга шоирнинг „Тарихи чопхона“, „Маданият ҳақида маснавий“, „Туркистон халқиға хитоб“, „Газит хусусида“, „Табрик Намангондин“, „Тарихи манзумайи вагон“, „Қалам“ каби шеърларида омма ичида кенг тарқалган[31].

Матбааи Ис’ҳоқия

Оренбург шаҳридан Ис’ҳоқхон Ибрат бир тўплам тошбосма ва бир комплект типография жиҳозлари олиб келган. Литография очиш учун Ис’ҳоқхон Ибрат Наманган шаҳар уездига сўнгра эса Фарғона вилоятига бир неча бор сўровнома асосида мурожат қилади. Орадан бир йил ўтгач Фарғона вилояти ҳокимлиги Ис’ҳоқхон Ибратга ўз ҳовлисида босмахона очишга рухсат беради. Рухсатнома олинганидан сўнг у тошбосма матбаани уч киши ҳамкорлигида: шоир Абдурауф Шаҳидий, Ҳусаин Макаев ва А.Абдусатторбоевлар билан ўз уйида иш бошлайди[32]. 1906-йилда Ис’ҳоқхон Ибрат томонидан яратилган, Мирражаб Бандий тарафидан кўчирилган „Санъати Ибрат қалами Мирражаб Бандий Муфрадот“ (Мирражаб Бандий қўли билан кўчирилган Ибратнинг ҳуснихат санъати ҳақида Муфрадот китоби) рисоласи чоп этилди. 26 саҳифадан иборат бўлган рисола хаттотлик санъатига қизиқувчилар ва уни ўрганувчилар учун мўлжалланган. Рисолада хаттотлик санъати намуналари берилган. 1908-йилда литография „Илми Ибрат“ шеърий рисоласини нашр этди, унда Ис’ҳоқхон Ибратнинг етти шеъри ҳам эълон қилинган эди. Бу шеърлар маърифатпарварлик мазмунида бўлиб араб, форс ва ўзбек тилларида ёзилган. 1908-йилда Наманганлик Ҳожи Усмонбек заргарнинг „Ажойиб улфозили олам“ (Фозиллар ва олимларнинг ажойиб фазилатлари) асари нашр этилди. 1911-йида ўзбек ёзма драматургиясининг тўнғич асари бўлган қўқонлик муаллим Абдурауф Самадовнинг „Маҳрамлар“ песаси нашр этилади[33]. 1912-йилда Ис’ҳоқхон Ибратнинг „Жомеъ ул-хутут“ (Ёзувлар мажмуаси) илмий рисоласи, жаҳон халқлари турли ёзув тизимларининг келиб чиқиши, ривожланиши ва ҳозирги аҳволи тўғрисида ҳикоя қилувчи китоби босмадан чиқарилди. 1916-йилда Жиззах қўзғолони муносабати билан А.Муҳиддиннинг „Лошмон фожеалари“ шеърий тўплами нашр қилинади. Айнан шу йили Ис’ҳоқхон Ибрат томонидан назмий йўл билан тузилган „Фиқҳи Кайдоний“ (Қонуншунослик асри) ҳам нашр этилган. 1917-йилда Қорахонийлар давлати асосчиси Сотуқ Буғрахонга бағишланган „Тазкирайи Увайсия“ асари чоп этилди[34][35].

Асарлари

  • Луғати ситта ал-сина 1896-йил[36]
  • Жомеъ ул-хутут (Ёзувлар мажмуаси) 1912-йил[37]
  • Мезон уз-замон (Замон тарозуси) 1928-йил[38]
  • Тарихи Фарғона 1916-йил[39]
  • Тарихи маданият 1926-йил[40]
  • Тарихи ҳуррият
  • Қўрбошилар замони (ХХ асрнинг 20-йиллари)
  • Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий (Мирражаб Бандий қўли билан кўчирилган Ибрат ҳуснихат санъати ҳақида Муфрадот китоби) 1908-йил[41]

Вафоти

Ис’ҳоқхон Тўра Ибрат 1935-йилдан ҳамма лавозимлардан олиб ташланди ва 1937-йилнинг март ойида шўро ҳукумати томонидан амалга оширилган қатағон натижасида қамоққа олинди. Ибратнинг тўпланган қўлёзма ва тошбосма китоблари, Файзулла Хўжаев томонидан берилган имтиёзли хат 4 та қанор қопга жойланиб, олиб кетилади. Унинг қишлик уй -жойи, уй-рўзғор асбоблари ким ошди савдосига қўйиб сотиб юборилади, оиласи ва болалари 3 сотихдан иборат қуруқ ерга чиқариб қўйилади[42]. У Андижон зиндонига юборилди ва у ерда беш-олти ой давомида ҳибсда сақланган. Қамоқ шароитида у нафақат жисмоний, балки руҳий босимларга ҳам дуч келди. Баъзи манбаларга кўра, Ис’ҳоқхон Ибрат 1937-йилда қатағон даврида қамоқхонада оғир шароитларда вафот этган.

Хотираси

Ис’ҳоқхон Тўра Ибрат ўзбек маърифатчилиги ва адабиёти тарихида муҳим ўрин тутади. Унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида 2017-йил 13-апрелда Вазирлар Маҳкамаси томонидан „Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Ис’ҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш“ тўғрисида қарор қабул қилинди[43]. 2018-йил 3-май куни ушбу мажмуа расман очилди ва унда музей, боғ, хиёбон, босмахона ҳамда Ис’ҳоқхон Ибратга бағишланган ҳайкал ўрнатилди. 2005-йилда унинг катта ҳажмда педагогик ҳамда адабий, илмий асарлари қайта нашр этилди. 2017-йилда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Ис’ҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби очилди[44].

Яна қаранг

Адабиётлар

  1. У.Долимов, Ис’ҳоқхон Ибрат, Тошкент, Фанлар Академияси, 1984.
  2. Р.Холматов, Фарғона ноширлари ва нашрлари, Тошкент, Ўзбекистон, 1986.
  3. А.Бобохонов, Ўзбек матбаачилиги тарихидан, Тошкент, Шарқ, 1984.
  4. Ибрат, Ажзий, Сўфизода. Танланган асарлар. Т.: „Маънавият“, 1999;
  5. Адеэб Кҳалид. Тҳе Политиcс оф Муслим Cултурал Реформ: Жадидисм ин Cентрал Асиа. Беркелей & Лос Ангелес 1998.
  6. А. Марcос, Д. Драгнеа, М. Драгнеа. Исламиc Cултуре анд Пре-Исламиc Белиэфс ин Cентрал Асиа. Лехингтон Боокс. 2024.
  7. Ис’ҳоқхон Ибрат. Танланган асарлар. „Маънавият“, 2005. Тошкент:
  8. Ис’ҳоқхон Ибрат. Жомеъ ул-хутут. Матбааи Ис’ҳоқия, 1912 Наманган:
  9. Ис’ҳоқхон Ибрат. Тарихи Фарғона. ЎзР ФА СҲИ Қўлёзмалар фонди, инв. 11080.
  10. Ис’ҳоқхон Ибрат. Тарихи маданият. ЎзР ФА СҲИ Қўлёзмалар фонди, инв. 11616.
  11. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. Тошкент: Маънавият, 2006.
  12. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти. кент: „Маънавият“, 2004. Тошкент: маънавият, 2004.
  13. Қосимов Б., Долимов У. Маърифат дарғалари. Тошкент: Ўқитувчи, 1990.

Манбалар

  1. ↑ „Исъҳоқхон тўра Ибрат ҳаёти ва ижоди“. спутник.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  2. ↑ „Ис'ҳоқхон тўра Ибрат ҳаёти ва ижоди“. спутник.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  3. ↑ Ис’ҳоқхон Ибрат. Илми Ибрат. – Тўрақўрғон: Матбаайи Ис’ҳоқия, 1909. 4-бет.
  4. ↑ "Ёшлар нашриёти" Жадидлар тўплами Ис’ҳоқхона Тўра Ибрат 4-5-бетлар
  5. ↑ „ИСҲОҚХОН ИБРАТ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ ҲАҚИДА“. слиб.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  6. ↑ "Мезон уз-замон". Ис’ҳоқхон Ибрат. И дафтар, 36-бет.
  7. ↑ "Ёшлар нашриёти" Жадидлар тўплами Ис’ҳоқхона Тўра Ибрат 129-бет
  8. ↑ Ис’ҳоқхон Ибрат. Мезон уз-замон. ИИ дафтар, 45-бет.
  9. ↑ Ис’ҳоқхон Ибрат. Луғати ситта ал-сина. – Тошкент: Илйин, 1901. 2-бет.
  10. ↑ „Ишоқхон Ибрат ҳақида. Г’азаллари ва ше’рлар то’плами.“. илмлар.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  11. ↑ Ҳақ сўз. // Туркистон вилоятининг газети. 1908, 56-сон.
  12. ↑ „БУЮК МАЪРИФАТПАРВАР ИСҲОҚХОН ИБРАТ(1862-1937)“. www.букҳари.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  13. ↑ „Фоторепортаж: Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Ис’ҳоқхон Ибрат музейи“. Дарё.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  14. ↑ Долимов У. Ишоқхон Ибрат. Танланган асарлари. – Тошкент: „Маънавият“, 2005. – 200 б.
  15. ↑ Кҳалид А. Принтинг, Публишинг, анд Реформ ин Царист Cентрал Асиа. Интернатионал Жоурнал оф Миддле Эаст Студиэс. 1994;26(2):187-200. дои:10.1017/С0020743800060207
  16. ↑ „Матбааи Ис'ҳоқия тарихидан“. cйберленинка.ру. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  17. ↑ Кҳалид А. Принтинг, Публишинг, анд Реформ ин Царист Cентрал Асиа. Интернатионал Жоурнал оф Миддле Эаст Студиэс. 1994;26(2):187-200. дои:10.1017/С0020743800060207
  18. ↑ Олим Усмон, Ўзбекистонда рус тилининг илк таргҳиботчилари (Ташкент, 1962)
  19. ↑ „ТЎРАҚЎРҒОН ТЎРАСИ ТЎҒРИСИНДА“. жадид.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  20. ↑ Ибрат И. Жоме ул хутут. Наманган. 1912. ЎзР ФА. ШИ. Қ. Но 621.
  21. ↑ „Ис’ҳоқхон Ибратнинг қозилик фаолияти“. ҳуқуқбурч.уз. 2024-йил 6-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  22. ↑ Буюк алломаларимиз меросида маърифий ислом. – Тошкент: Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2021. –378-б.
  23. ↑ Писмо в редаксию. // Туркистон вилоятининг газети, 1911, 70-сон.
  24. ↑ Ис’ҳоқхон Ибрат. Луғати ситта ал-сина. – Тошкент: Илйин, 1901. 2-бет.
  25. ↑ "ЙОСҲЛАР НАСҲРИЙОТ УЙИ" – Тошкент 2022. Жадидлар тўплами, Ис’ҳоқхон тўра Ибрат 27-бет.
  26. ↑ Хабарлар // Туркистон вилоятининг газети. 1901, 4-август.
  27. ↑ „Ис'ҳоқхон тўра Ибрат ҳаёти ва ижоди“. спутник.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  28. ↑ Туркистон вилоятининг газети. 1913, 48-сон.
  29. ↑ „Тарихи Туркистон“. н.зиёуз.cом. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  30. ↑ Ис’ҳоқхон Ибрат. Тарихи Фарғона. Қўлёзма. ЎзР ФАСҲИ Қўлёзмалар фонди. инв. 11080, 4-бет.
  31. ↑ "ЙОСҲЛАР НАСҲРИЙОТ УЙИ" – Тошкент 2022. Жадидлар тўплами, Ис’ҳоқхон тўра Ибрат 160-бет.
  32. ↑ Р.Холматов, Фарғона ноширлари ва нашрлари, Тошкент, Ўзбекистон, 1986
  33. ↑ А.Бобохонов, Ўзбек матбаасчилиги тарихидан, Тошкент, Шарқ, 1984
  34. ↑ "Матбааи Ис’ҳоқия" тарихидан Р.Холматов, З.Эргашева, Қўқон давлат педагогика институти, 64-бет.
  35. ↑ Олим Усмон, Ўзбекистонда рус тилининг илк таргҳиботчилари (Ташкент, 1962)
  36. ↑ „Ис'ҳоқхон тўра Ибрат ҳаёти ва ижоди“. спутник.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  37. ↑ „Ишоқхон То’ра Ибрат. Тарихи Фарг’она & Расулбек Умматов. Ибратнинг ижодий фаолияти“. кҳ-даврон.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  38. ↑ „Ишоқхон То’ра Ибрат. Тарихи Фарг’она & Расулбек Умматов. Ибратнинг ижодий фаолияти“. кҳ-даврон.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  39. ↑ „Ишоқхон То’ра Ибрат. Тарихи Фарг’она & Расулбек Умматов. Ибратнинг ижодий фаолияти“. кҳ-даврон.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  40. ↑ „ТЎРАҚЎРҒОН ТЎРАСИ ТЎҒРИСИНДА“. жадид.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.
  41. ↑ "Матбааи Ис’ҳоқия" тарихидан Р.Холматов, З.Эргашева, Қўқон давлат педагогика институти
  42. ↑ Ишоқов Р. ва Низомова Ж. билан қилинган суҳбатлар матни. 1994. март, апрел. Долимов У. Ишоқхон Ибрат. -Б.106
  43. ↑ „Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида атоқли ма’рифатпарвар Ис’ҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида“. Лех.уз. Қаралди: 11-июн 2025-йил.
  44. ↑ „Ис'ҳоқхон тўра Ибрат ҳаёти ва ижоди“. спутник.уз. Қаралди: 10-феврал 2025-йил.

Ҳаволалар