Ibratli oila
| „Ибратли оила“ кўкрак нишони | |
|---|---|
| Тури | кўкрак нишони |
| Тақдирлаш асоси | фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшгани учун |
| Мамлакат |
|
| Ҳолати | топширилади |
| Таъсис этилган санаси | 2022-йил 7-март. |
„Ибратли оила“ кўкрак нишони — давлат мукофотларидан биридир. Ушбу мукофот Ўзбекистон Республикаси Президентининг „Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ 2022-йил 7-мартдаги ПФ-87-сон Фармонига биноан фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган оилаларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.
Кўкрак нишони билан фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилалар тақдирланади[1], шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган ибратли оилаларнинг вакиллари – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Ҳужжатларни кўриб чиқиш
Кўкрак нишони билан тақдирлаш қуйидагича амалга оширилади.
- Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари билан биргаликда ҳар йили 1-мартга қадар кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни шакллантиради ва фуқаролар йиғинлари кенгашлари қарорлари асосида туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига тақдим этади.
Номзод оила бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида мазкур оила ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида оила аъзолари томонидан оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.
- Туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари „Ибратли оила“ кўкрак нишони учун номзодларни саралаш туман (шаҳар) комиссияси томонидан ҳар томонлама ўрганилишини ташкил этади, уларнинг фаолиятига оид барча маълумотларни тегишли йиғилиш қарорлари асосида ҳар йили 15-мартга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларига тақдим этади.
- Номзод оилаларни кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар комиссияси томонидан ҳар томонлама ўрганилиб, тегишли қарор қабул қилинади. Мазкур таклиф ва қарорлар Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари томонидан ҳар йили 1-апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитасига тақдим этилади.
- Қўмита раисининг буйруғи билан кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича доимий комиссия тасдиқланади.
Комиссия таркибига фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари, шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари киритилади.
- Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, белгиланган мезонларга мувофиқ баҳоланади ва ҳар йили 15-апрелга қадар энг муносиб номзод оилалар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
Талаблар
-оилада ва жамоат жойларида кутубхоналар ташкил этган, оила аъзолари илмли, зиёли бўлган, шунингдек, илмий даражага эга бўлган, рисола, китоб, қўлланма ва асарлар яратган ҳамда илм-фан, таълим, адабиёт ривожига ҳисса қўшиб келаётган, фарзандлари турли нуфузли танловлар, мусобақалар, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришаётган, аҳоли, айниқса хотин-қизларга ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, психологик, тиббий маслаҳатлар беришда фаол иштирок этаётган, китобхонлик маданиятини юксалтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган оилалар;
-ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка, ҳомийликка олган, вояга етказиш, ўқитиш ва тарбиялашда ижобий натижага эришаётган, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига муносиб ҳисса қўшаётган, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган, аҳолининг муаммоларини аниқлаш, ҳал этишга кўмаклашаётган, жамоатчилик томонидан ижобий тавсифланган оилалар;
-ижоди (артист, меъмор, рассом, ҳайкалтарош, амалий безак устаси, дизайнер, шоир, ёзувчи, бастакор, санъацҳунос ва ҳоказо) билан халқ орасида танилган, ушбу соҳада миллий ва маданий қадриятларни тарғиб этиш орқали жамият ривожига ҳисса қўшаётган, ёшларга ижод соҳасида устозлик қилиб, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётган оилалар; оилавий кулолчилик, косибчилик, наққошлик, каштачилик, чеварчилик, заргарлик ва ҳунармандчиликнинг бошқа турлари билан шуғулланиб, унинг ривожига ҳисса қўшиб келаётган, шогирдлар тайёрлаган оилалар;
-оилавий спорт билан шуғулланиб, республика ва халқаро даражадаги ютуқларга эришган, шогирдлар етиштирган, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган, хусусан, маҳаллада спортнинг ривожланиши ва оммавийлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, жамоатчилик томонидан ижобий тавсифланган оилалар;
-оила қурганига 10 йилгача бўлган, қайнона, қайнота ва бошқа оила аъзолари билан аҳил ва ҳамжиҳатликда яшаб, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида ютуқларга эришаётган намунали ёш оилалар; оилавий қадриятларни улуғлаган, ўзи ва фарзандлари Ватан ҳимояси, юрт тинчлигини сақлаш йўлида садоқат билан хизмат қилаётган, унинг тараққиётига ҳисса қўшаётган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот органларида фаолият юритаётган, жамоатчилик томонидан ижобий тавсифланган оилалар;
-оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган, салмоқли даражада иш ўринлари яратган, „устоз-шогирд“ анъанасини тарғиб қилган, инновацион лойиҳаларини жорий қилиб, хотин-қизларни ҳамда ногиронларни иш билан таъминлаган, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари маҳаллий, республика ва халқаро миқёсда эътироф этилган, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, миллий ҳунармандчилик турларини ёшларга ўргатиш, айниқса томорқадан даромад топиш йўлларини кўрсатишда, ўзини ўзи банд қилишда ўрнак бўлаётган, жамоатчилик томонидан ижобий тавсифланган оилалар;
-оила аъзолари ўз фаолияти давомида маҳаллалар ва оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга муносиб ҳисса қўшаётган, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб этиб келаётган, халқимиз саломатлиги йўлида ҳалол меҳнат қилаётган, янгича ёндашувлари билан жамоатчилик орасида муносиб эътироф этилган, ўз фаолиятида фаол ва фидойи бўлган, яшаб турган хонадони ва маҳалласида мевали ва манзарали дарахт ва гул етиштириб, кўчат тарқатиб, „Яшил макон“ яратаётган, ҳудуд ободлигига юқори эътибор қаратган оилалар.
Комиссия хулосаси асосида ҳар йили 5-майга қадар Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи чиқарилади.
Мукофотлаш тартиби
Кўкрак нишони қоида тариқасида, оила бекаси бўлган аёл киши номига расмийлаштирилиб берилади.
Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси мукофотланган оилаларга 15-май – Халқаро оилалар куни байрами арафасида топширилади[2].
Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Қўмитанинг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, тақдирланган ибратли оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади, уларнинг ибратли фаолиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида кўкрак нишони билан тақдирланган оилалар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойларнинг кириш қисмига „Ибратли оила“ белгиси ўрнатилади.
Бир оила кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади.
Тавсифи
„Ибратли оила“ кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
Олд томони марказий қисмида диаметри 24 миллиметр бўлган кумуш рангдаги доира ичида қуёш нурлари фонида ота ва она икки нафар фарзандини қўлларидан тутган ҳолда ибратли оила тимсоли сифатида зарҳал рангда акс эттирилган.
Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган доиранинг юқори қисмида баландлиги 2,4 миллиметр бўлган „ИБРАТЛИ ОИЛА“ сўзлари ҳамда ўртада ажратиб турувчи иккита саккиз қиррали юлдузнинг қуйи қисмида фахр-ифтихор ва шараф маъноларини ифода этувчи иккита дафна япроғи ва унинг ўртасида мустаҳкам оила рамзи бўлган никоҳ узуклари тасвирланган.
Орқа томонида, айлана марказида, тўрт қаторда ҳарфларнинг баландлиги 1,8 миллиметр бўлган „Оилаларни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун“ сўзлари ёзилган.
Қалинлиги – 3,5 миллиметр. Тасвирлар ва ёзувлар қавариқдир ҳамда олд ва орқа томонларининг четлари қавариқ доира билан ўралган. Шунингдек, ҳалқа ва илмоқчалар ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.
Қадағичнинг эни – 26 миллиметр, бўйи – 17 миллиметрдан иборат. Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, лентанинг марказидан эни 12 миллиметрли яшил йўл ўтган. Унинг ҳар икки тарафидан эни 1 миллиметрли қизил, 2 миллиметрли оқ ва 2 миллиметрли кўк рангдаги йўллар туширилган. Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.
Манбалар
- ↑ „Ибратли оила ко'крак нишони билан кимлар мукофотланади“. Норма (06-сентябр 2023-йил). Қаралди: 15-сентабр 2023-йил.
- ↑ „«Ибратли оила» кўкрак нишони та’сис этилди“. Кун (11-март 2022-йил). Қаралди: 15-сентабр 2023-йил.