Информатика, (франсузча: информатиқуэ, олмонча: информатик  – ахборот, инглизча: cомпутер сcиэнcе), ахбороцҳунослик – илмий информациянинг (ахборот, хабар, маълумот) моҳияти, умумий хоссалари ва қонуниятларини, шунингдек, илмий коммуникация тизимини (ўша илмий информацияни тарқатиш усуллари ва воситалари мажмуи) ўрганиш билан шуғулланадиган илмий фан; инсон фаолиятининг ЭҲМ, компютерлар билан боғлиқ бўлган соҳаси. Ижтимоий фанлар жумласига киради. Унинг марказий тушунчаси – ижтимоий ҳаётнинг исталган соҳаси ва тармоқларидан олинадиган маълумотлар, яъни илмий информация.

Илмий информацияни олиш ва ундан фойдаланиш соҳалари ҳамда вазифасига кўра, у турли хилларга бўлинади. Масалан, соҳалар бўйича – биологик, сиёсий, иқтисодий, техникавий, кимёвий, тиббий ва бошқалар, вазифасига кўра – оммавий, махсус информация ва бошқалар. Илмий информациянинг тўғрилиги, янгилиги ва фойдалилиги мезонларини ишлаб чиқиш информатиканинг вазифасига кирмайди. Информатика кибернетика, кутубхонашунослик, лингвистика, математик мантиқ ва бошқа фанлар билан узвий боғлиқ. У илмий маълумотларни йиғиш, ишлаб чиқиш (ўрганиш), сақлаш, излаш ва тарқатиш жараёнлари мажмуини ўз ичига олади.

Этимологияси

Информатика термини ХХ асрнинг 60-йилларида ишлатила бошланган. Бу даврда кўпчилик тадқиқотлар ахборотларни қидириш муаммолари билан узвий боғлиқ бўлган. Айни шу даврда ахборотларни қидириш тизими ва усуллари яратилди.

Тарихи

Информатиканинг юзага келиши ва ривожланишида ҳисоблаш техникаси ва бошқа техник воситаларнинг ўрни беқиёс, чунки ахборотлар бевосита ҳисоблаш техникаси ёрдамида қайта ишланади.

Кенг маънода маълумотларни излаб топиш, қайта ишлаш ва илмий изланиш натижаси сифатида қайд қилиб қолдириш ишлари биланн олим ва мутафаккирлар қадимдан шуғулланишган. Масалан, Абу Райҳон Берунийнинг „Ҳиндистон“ асари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг „Бобурнома“ асари шундай асарлар жумласига киради. Информатиканинг илмий фан сифатида расман шаклланиши 1895-йилдан – Брюсселда халқаро библиография институти (1938-йилдан – Халқаро ҳужжатномалар федерацияси) ташкил қилинган санадан бошланди. ХХ аср 60-йиллари охирига қадар „Информатика“ термини ўрнига „хужжатномалар“ ёки „ҳужжатнома ва информация“ термини ишлатилган. Фан-техника инқилоби, ЭҲМ, информация техникаси воситалари (микрофото суратга олиш, нусха кўчириш техникаси ва ҳоказо) ва бошқаларнинг пайдо бўлиши информатиканинг фан сифатида тараққий этишига имкон туғдирди. Айниқса, компютерлар тармоғи ва у билан боғлиқ равишда интернет тизимининг ривожланиши умуман информатиканинг, хусусан, Информатика коммуникация тизимининг яна-да тараққий этишига сабаб бўлди. Излаб топилган, тўпланган, қайта ишланган „тайёр“ информация – маълумотларни кенг тарқатишда таҳририят-нашриёт ва матбаа жараёнлари, илмий нашрларни тарқатиш (хусусан, китоб савдоси, кутубхона-библиография фаолияти;) илмий адабиётлар алмашиниш; архив иши ва, албатта, илмий-информацион фаолият, радиотелевидение, интернет тизими муҳим аҳамият касб этади. Информатиканинг асосий йўналишлари: ҳисоблаш техникасининг назарий асослари, информация назарияси, ҳисоблаш эксперимента, программалаш, сунъий интеллект, информация технологияси ва бошқа инглизча гаплашиладиган давлатларда информатика термини ўрнига „cомпутер сcиэнсе“ („ҳисоблаш фани“) термини ишлатилади.

Ўзбекистонда информатика

Ўзбекистонда ҳам информатика масалаларига катта эътибор берилди. Масалан, 1993-йилда информациялаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди, 1994-йил Ўзбекистон хукумати Республикани информатизациялаштириш консепсиясини қабул қилди, шу йили ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базасини ҳуқуқий ҳимоя қилишга доир қонун ишлаб чиқилди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентининг „Компютерлаштириш ва информациякоммуникация технологияларини жорий қилишни яна-да ривожлантириш тўғрисида“ги фармони (2002 й. 30.05) чиқди ва Вазирлар Маҳкамасининг „Компютерлаштириш ва информациякоммуникация технологияларини жорий қилишни яна-да ривожлантириш тўғрисида“ги қарори (2002 й. 06.06) қабул қилинди.

Информатика масалалари билан махсус ташкилотлар, хусусан, йирик кутубхоналарнинг информация хизмати шуғулланади. Ўзбекистонда бу иш билан Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Алоқа ва информатика университети, Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Давлат статистика департаменти, ҳисоблаш марказлари, Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги, радио ва телевидение тизими, Ўздавстандарт шуғулланади. Ўзбекистон Республикаси Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси тузган (2000) Кўп функсияли информация маркази 14 ҳудудий ҳамда кўплаб шаҳар ва туман товар ишлаб чикарувчилар ва тадбиркорлар палаталарини ягона информация тармоғига бирлаштиради[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Информатика“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (И-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Ҳаволалар

Викиомборда „Информатика“ мавзуси бўйича медиафайллар бор.