Бахром Иноятов (1917-йил, Тошкент — 1969-йил 18-июл, Москва) – актёр, педагог, биринчи ўзбек дирижёрларидан. Ўзбекистон халқ артисти (1965). Тошкент консерваториясининг (А. Козловский синфида) дирижёрлик факултетини (1957) тугатган. Ўзбек давлат опера ва балет театри (1948-йилдан Навоий театри)да дирижёр, 1960—1966-йилларда бош дирижёр. 1960-йилдан Тошкент консерваториясида дарс берган. Дастлаб „Оқбилак“ (С. Василенко, 1943) балети ва „Маҳмуд Торобий“ (О. Чишко, 1944) операсининг биринчи постановкаларига дирижёрлик қилган. Иноятов репертуарида чет эл ва ўзбек композиторларининг асарлари бор. „Бўрон“ (С. Василенко, М. Ашрафий, 1954), „Улугбек“ (А. Козловский, 1958), „Гулсара“ (Р. Глиэр, Т. Содиқов, 1963) опералари, „Оққуш кўли“ (П. Чайковский, 1956), „Маскарад“ (Л. Лапутин, 1958), „Суҳайл ва Меҳр“ (М. Левиев, 1968) балетлари ва бошқа спектаклларни саҳналаштиришда фаол иштирок этган, чет эл операларининг ўзбек тилига таржимаси муаллифи[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил