Инсоф (арабча адолат, одиллик, беғаразлик) ​​— адолат ва виждон билан иш тутиш туйғуси, ишда, кишиларга муносабатда ҳалоллик, тўғрилик[1].

Этимологияси

Бу арабча сўз бўлиб, 'инсаф(ун) шаклига эга; ўзбек тилига касрали ҳамзани „и“ товушига, „сад“ ундошини „с“ ундошига, чўзиқ „а“ унлисини „о“ унлисига алмаштириб қабул қилинган; асли "икки тенг бўлакка бўлди" маъносини англатувчи „насафа“ феълининг "виждон билан, адолат билан иш тутди" маъносини  англатувчи шаклидан ҳосил қилинган масдар бўлиб, „виждон билан, адолат билан иш тутиш“ маъносини англатади. Бу сўздан ўзбек тилида инсофли, инсофсиз сифатлари, инсофсизлик мавҳум оти ясалган[2].

Қўлланилиши

Инсоф ўзбек миллий менталитети билан боғлиқ тушунчалардан бири бўлиб, ҳаддан ошмаслик, чегарадан чиқмаслик, инсонийликни йўқотмаслик маъноларида ҳам қўлланади. Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси Ўткир Ҳошимов инсоф тушунчаси ҳақида фикр юритиб, шундай ёзади:

"Халқимизнинг ажойиб удумлари бор. Чақалоқнинг танглайини кўтараётганда „умринг узоқ бўлсин, инсофли-тавфиқли бўл“, деб дуо қилади. Бирон муаммони ҳал қилаётганда „инсоф сари барака“, дейди. Бировнинг ноинсофлигидан ранжиса, „инсоф қилинг-да, биродар“, дейди. Хуллас, инсоф деган тушунча билан боғлиқ гаплар кўп. Ўйлаб қарасам, бу сўзнинг бошқа тиллардаги таржимасини топиш анчайин мушкул экан. Масалан, рус тили дунёдаги энг бой тиллардан бири. Унда „честностъ“, „порядочностъ“, „великодушиэ“, „долг“, „совестъ“ сингари теран маъно ташувчи сўзлар кўп. Бироқ менимча, улар „инсоф“ деган сўз маъносини тўлиқ англатмайди"[3].

Мазкур сўз бир қатор мақоллар таркибида ҳам учрайди. „Инсоф сари барака“, „Инсофи йўқнинг иймони йўқ“, „Инсофли ошини ер, инсофсиз бошини“, „Ноинсофни туз конда кўр“, „Ноинсофга эрк берсанг, элни талар“ каби мақоллар шулар жумласидандир[4].

Инсоф сўзи миллий реалиялар сирасига киради.

Манбалар

  1. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати (иккинчи жилд), 2020. 
  2. ↑ Ш. Раҳматуллаев. Ўзбек тилининг этимологик луғати, 2003. 
  3. ↑ Ў. Ҳошимов. Дафтар ҳошиясидаги битиклар, 2010. 
  4. ↑ Ҳикматнома. Ўзбек халқ мақолларининг изоҳли луғати, 1990. 

Ҳаволалар