Интернат мактаб — Ўзбекистонда оила, мактаб ва мактабдан ташқари таълим-тарбия вазифасини ўтайдиган умумий ўрта таълим мактаби. И.м.да болалар яшаб, тарбияланади ва ўқийди (болаларнинг бир қисми якшанба ва каникул кунларини уйларида ўтка-зади). Айрим И.м.лар муайян мутахассислик бўйича ихтисослашади, мас, мусиқа И.м., спорт И.м. Унинг яхши жиҳозланган ўқув бинолари, тажриба участкалари, и.ч. устахоналари, лабораториялари ва бошқалар бўлади. И.м.да таълим-тарбия ишлари меҳнат билан узвий боғланган ҳолда олиб борилади. И.м.га болалар, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини бо-сувчи шахсларнинг ихтиёрлари билан қабул қилинади. Жисмоний камчилиги бўлган болалар учун махсус И.м. мавжуд (қаранг Махсус мактаблар). И.м.га, биринчи навбатда, етим болалар, уруш ва меҳнат ногиронларининг, ёлғиз, ёхуд кўп болали оналарнинг болалари, шунингдек, тарбияланиш учун оиласида зарур шароити бўлмаган болалар қабул қилинади. Ота-онали болалар учун ота-онадан белгиланган миқдорда ҳақ олинади; етим болалар эса тўлиқ давлат таъминотида бўлади. ЎзР да 232 та И.м. бўлиб, буларда 48 минг 646 та бола тарбияланади (2002)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил