Baynalmilalchilik
Байналмилалчилик (араб, "байналмилал" — миллатлараро) — жаҳондаги турли миллат ва ирқларга мансуб кишиларнинг халқаро бирдамлиги; уларнинг бир-бирларини тушунишлари ва ўзаро ишончининг , маданиятлар, қадриятлар, билим ва технологиялар ўзаро сингиб боришининг асоси; миллатчиликнинг зидди. Инсоният тарихи турли миллатлар ва элатлар орасида иқтисодий, сиёсий ва маданий-маънавий алоқалар ўрнатилиб, уларнинг тобора мустаҳкамланиб бориши жараёнидир, мазкур муносабатларсиз эса ижтимоий тараққиёт амалга ошмайди.
ХВ аср охиридан бошланган буюк географик кашфиётлар, саноат тараққиёти, фан ва техника соҳасидаги оламшумул ихтиролар давлатлар ва халқлар орасида беқиёс даражада кенгайган иқтисодий ва сиёсий, маданий, маърифий ҳамда маънавий алоқаларнинг жадаллашувига олиб келди. Бу байналмилал алоқалар миллий онг ва ўз-ўзини англаш, миллий озодлик ҳамда мустақиллик ғояларининг шаклланиши ва тарқалишига; илм-фан ва техника, маданият ва маърифат сохаларидаги ютуқларнинг айирбошланишига кенг йўл очиб берди.
Мустабид шўролар тузуми даврида Байналмилалчилик бир томонлама талқин қилинди. фақат ишчилар синфи, унинг партиялари мафкураси ва сиёсатининг асосий принсипларидан бири, социализм ва коммунизм учун курашдаги бирлиги, деган маънода тушунтирилиб, бунда "пролетар интернационализми"гина кўзда тутилди. Аслида эса Байналмилалчилик умуминсоний ҳодиса бўлиб, барча халқлар ва мамлакатларнинг тараққиёт сари ҳаракатининг , мустақиллик ва миллий озодлик курашининг ғоят зўр омилидир.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўз ички ва ташқи сиёсатида Байналмилалчилик ғояларига содиқ тарзда жаҳондаги барча халқлар ва миллатлар билан дўстона алоқаларни ўрнатиш ҳамда ривожлантириш йўлидан бормоқда. ЎзР илғор мамлакатлар билан барча соҳада ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва бирдамликни барқарор этишга институтилмоқда, халқаро муносабатларнинг умум тан олган қоида ва тамойилларига риоя қилмоқда. Мамлакатда барча фуқароларнинг , улар миллати ва ирқидан қатъи назар, ўзаро ишончи ҳамда бирдамлигини мустаҳкамлаш, миллий-маданий неъматларини ўзаро айирбошлаш юзасидан изчил сиёсат юритилмоқда. Ўзбекистонда жами 100 дан зиёд — рус, украин, белорус, қозоқ, қирғиз, уйғур, татар, қорақалпоқ, тожик, немис, корейс ва бошқа халқларнинг миллий-маданий марказлари, республика миллий-маданий маркази ташкил этилган, барча эл-элатларнинг маънавий юксалиши учун тенг имкониятлар яратилган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Байналмилалчиликга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Сиёсатга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |