Эрон Ислом Республикаси (форсча: جمهوری اسلامی ایران - Жомҳури е Эслāми е Ирāн‎‎), қисқача Эрон (форсча: ایران - Ирāн‎‎) — Ғарбий Осиёдаги мамлакат. Пойтахти — Теҳрон шаҳри. Майдони 1 648, 95 км², аҳолиси сони 92 417 681 киши (2025). Пул бирлиги — Эрон риали. Маъмурий жиҳатдан 31 та устонга бўлинади. Йирик шаҳарлари: Машҳад, Караж, Табриз, Шероз, Исфаҳон, Аҳвоз.

Эрон Ислом Республикаси
форсча: جمهوری اسلامی ایران Жомҳури е Эслāми е Ирāн‎‎
Шиор: форсча: استقلال، آزادى ا، جمهوری اسلامی / Эстеқлāл, Āзāди, Жомҳури-е Эслāми‎‎
(Истиқлол, Озодлик, Ислом Республикаси)
Мадҳия: سرود ملی جمهوری اسلامی ایران / Сорūд-э Меллī-е Жомҳūрī-е Эслāми-е Īрāн (Эрон Ислом Республикаси давлат мадҳияси)
Location of Eron
Пойтахт Теҳрон
Расмий тил(лар) Форсча
Ҳукумат Ислом республикаси
Мужтабо Хоманаий
Масъуд Пизишкиён
Ташкил топди (1979-йил 1-апрел
(Ислом инқилоби))
Майдон
• Бутун
1,648,000 км2 (17-ўрин)
• Сув (%)
7.07
Аҳоли
• 2025-йилги рўйхат
↗ 92 417 681 (17-ўрин)
• Зичлик 48/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2016-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$. 1,459 трлн (18-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$ 18,359
Пул бирлиги Эрон туман (ИРР)
Вақт минтақаси УТC+3:30
• Ёз (ДСТ)
УТC+4:30
Қисқартма ИР, ИРН
Телефон префикси 98
Интернет домени .ир

Ғарбдан Ироқ (Курдистон вилояти), шимоли-шарқдан Арманистон, Озарбайжон ва Туркия билан, шимолдан Туркманистон, шарқдан Афғонистон ва Покистон билан чегарадош. Эрон ҳудуди шимол томондан Каспий денгизи, жанубдан Ҳинд океанининг Форс ва Уммон кўрфазлари билан ювилади.

Эрон қадимий қўлёзмаларга кўра қарийб беш минг йиллик бой тарихга эга. Ушбу мамлакат ҳудудидаги илк давлат — Элам, эрамиздан аввалги 3-минг йилликда Эроннинг ҳозирги Хузистон устони ҳудудида вужудга келган.

Амалдаги конституцияси 1979-йил 2—5-декабрдаги референдумда тасдиқланган, кейинчалик тузатишлар киритилган. Конституция бўйича давлатнинг олий расмий шахси — Эрон Ислом Республикаси Раҳбари (1989-йилдан Саид Али Хоманаий). Ундан кейинги олий расмий шахс — президент (2024-йилдан Масъуд Пезешкён[2]). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Исломий Кенгаш мажлиси (парламент), ижроия ҳокимиятни президент ва ҳукумат амалга оширади.

Давлат тузуми

Эрон Ислом Республикасининг амалдаги конституцияси 1979-йилнинг 2-5-декабр кунлари ўтказилган умумхалқ референдум натижаларидан сўнг қабул қилинган. Кейинроқ баъзи ўзгартиришлар киритилган. Расман Эрон — ислом республикасидир. Ушбу мамлакат ҳозир дунёда жуда оз бўлган теократик давлатлардан бири.

Мамлакат конституциясига кўра, давлатнинг олий расмий шахси — Эрон Ислом Республикаси Олий Раҳбаридир. Олий Раҳбар мамлакатнинг умумий сиёсатини ва бошқа жабҳаларини назорат қилади. Шунингдек, айнан Олий Раҳбар мамлакат қуролли кучларининг бош қўмондони, ҳарбий разведка раҳбари. Олий Раҳбар мулозимларни давлатнинг баъзи юқори лавозимларига тайинлайди ва вазифасидан озод қилади. Булар: Олий судлар раисларини, полиция раҳбарини, барча турдаги қуролли кучлар қўмондонларини, шунигдек 12 нафар Конституция қўриқчилари кенгашидан 6 нафарини. Олий Раҳбар Экспертлар кенгаши томонидан сайланади ва ушбу кенгашга ҳисобот беради. 1979-йилнинг 3-декабридан 1989-йилнинг 3-июнигача Эрон Олий Раҳбари Руҳуллоҳ Хумайний эди. Унинг вафотидан сўнг ушбу лавозимга ўша йилнинг 4-июн кунидан Али Хоманаий тайинладни, унинг ҳарбий ҳаракатлар оқибатидаги фожиали вафотидан кейин 2026-йил мартдан бошлаб ўғли Мужтабо Хоманаий Эрон Ислом Республикасининг амалдаги Олий Раҳбари этиб сайланди.

Мамлакатда иккинчи расмий олий шахс — Эрон Ислом Республикаси Президентидир. Президент мамлакат конституцияси гаранти, ҳукумат бошидир. Президент қарорлари Олий Раҳбар тасдиғидан ўтганидан сўнг қабул қилинади. Эрон президенти Вазирлар кенгаши аъзоларини тайинлайди, мамлакат ҳукуматини назорат қилади. Мамлакат президенти сайлови мамлакатнинг 18 ёшга тўлган фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри умумхалқ сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериши йўли билан ўтказилади ва 4 йил муддатга сайланади. Бир президент ваколати икки муддатдан, яъни 8 йилдан кўпроқ бўлиши мамлакат конституцияси томонидан чекланган.

Раисийнинг ва бошқа қатор юқори лавозимдаги давлат арбобларининг бахциз ҳодиса сабабли ўлимидан кейин муддатидан аввалги сайловлар ўтказилди. Сайлов 2 босқичда ўтди. Унда Мас’уд Пезешкиён ғолиб бўлди.[3]

Табиати

Эрон Олд Осиё тоғлиги минтақасининг шарқий қисмида жойлашган ва Эрон тогълигининг ғарбий қисмини эгаллаган. Эрон шимолда Каспий денгизига туташ, жанубда Форс ва Уммон қўлтиқлари билан ўралган (ушбу қўлтиқлардаги Кешм, Хўрмуз, Харк ва бошқалар ороллар Эронга тегишли). Соҳиллари пасттекислик, айрим жойлари мангра чакалакзорлари билан қопланган. Ер юзасининг ярмидан кўпроғи тоғли. Мамлакат ҳудудининг чеккаларида Шимолий Эрон, Шарқий Эрон ва Жанубий Эрон тоғлари жойлашган. Эрон тоғлари орасида Албурз тоғлари (Дамованд чўққиси Эроннинг энг баланд нуқтасидир, 5604 м) ва Туркманистон Хуросон тоғлари алоҳида ажралиб туради. Эроннинг жанубий ғарбида Загрос тоғ тизмаси жойлашган. Чекка тизмалар ораларида 1000–2000 м баландликдаги ясситоғликлар бор. Эроннинг ғарбида, Арманистон тоғлигида сўнган вулканлар, ички ясситоғликларда чўл ва ландшафтли ботиқлар мавжуд. Эроннинг жанубий соҳилини Гармсар текислиги эгаллаган. Эрон нефт ва газ захираларига бой. Тошкўмир, темир ва хром рудалари, ноёб элементлар, полиметалл ва мис рудалари, боксит, олтингугурт, сурма, барит, туз конлари ва бошқалар бор.

Иқлими. Эрон ҳудудининг катта қисмида суптропик, континентал, Форс ва Уммон қўлтиқлари соҳилларида тропик иқлим; ёзи иссиқ, қиши шимолда совуқ, жанубда илиқ. Январнинг ўртача температураси Теҳронда 2’, Жасқ шаҳри (Уммон қўлтиғи соҳилида)да 19°; июлники худди шу жойларда 29 ва 32°. Ўртача йиллик ёғин 500 мм дан кам, фақат Албурз тоғлари ён бағирларида 2000 мм гача, Сейистон ботиғида 5060 мм. Эронда дарё кам. Йирик дарёлари: Қорун, Сафедруд, Атрек, Аракс, Ҳилманд, Шатт ул-Араб. Фақат Қорун дарёсида кема қатнайди. Тоғ оралиғидаги ботиқларда оқмас кўллар (Урмия, Дарёчаи Намак ва бошқалар) бор. Тоғ олди текисликларидаги бўз тупроқларда чўл ўсимликлари, тоғлардаги қўнғир тупроқларда дашт ўсимликлари ўсади. Пастликлар шўрхок. Албурз тоғларининг шимолий ён бағри кенг баргли ўрмон билан қопланган. Эроннинг жанубидаги қизил тупроқларда саванна туридаги ўсимликлар ўсади. Дарё водийлари ўтлоқ, тупроғи аллювиал. Эроннинг ҳайвонот дунёси хилма-хил. Тоғларда қуён, чиябўри, тоғ эчкиси, йўлбарс, қоплон, жайра, водийларда тулки, бўри, сиртлон, буғу, бўрсиқ ва бошқалар яшайди. Мамлакат марказидаги текисликда каклик, Форс қўлтиғи соҳилларида сақоққуш ва қизил ғоз, Каспий денгизида қимматбаҳо балиқ турлари — осётр ва белуга кўп. Миллий боғлари: Кевир, Гулистон, Урмия, Марказий Албурз ва бошқалар.

Аҳолиси

Форс қизи

Сони

2015-йилги маълумотларга кўра, Эрон аҳолиси 78 миллион 408 минг 412 кишини ташкил этади[4]. 2011-йилда мамлакатда ўтказилган аҳоли сонини санаш ва рўйхатга олиш натижаларига кўра, Эрон аҳолиси сони 75 миллион 149 минг 669 кишини ташкил этган эди[5]. Аҳолининг ўртача зичлиги — 42 киши/км² га.

1979-йилдан бери Эрон аҳолиси икки бараварга ўсди ва 2006-йилга келиб 70 495 782 кишини ташкил этди. Сўнги йилларда ушбу рекорд ўсиш темплари сусайган. 2009-йилнинг май ойи ҳолатига кўра, Эрон аҳолисининг 60% дан ошиғи 30 ёшга тўлмаган эди. Аҳоли орасидаги саводхонлик 85% дан ошиқ ва ушбу кўрсаткич йилдан-йилга яхши томонга ўзгармоқда. Мамлакат аҳолисининг 70% дан кўпроғи шаҳарларда истиқомат қилади.

Эронда туғилганларнинг 4 миллиондан ошиғи Эрондан ташқарида яшайди. Уларнинг асосий қисми 1979-йилда мамлакатда юз берган Ислом инқилоби дастидан қочганлардир. Ушбу қочқинлар ҳозир асосан АҚСҲ, Канада, Австралия ва Европа мамлакатларида истиқомат қилади ва деярли барчаси ушбу мамлакатлар фуқаролигини олган. 1996-йилги маълумотларга кўра, Эроннинг ўзида 1 миллиондан ошиқ қочқинлар мавжуд бўлган. Уларнинг асосий қисми уруш ва қийин иқтисодий ва ижтимоий вазият туфайли Афғонистон ва Покистоннинг Вазиристонига кирувчи вилоятлардан келган.

Миллий таркиби

Эронда 30 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Аҳолисининг 75% дан ошиғини эроний тиллар ва эроний халқлар гуруҳига кирувчи халқлар: форслар, курдлар, лурлар, мозандаронлар, гилаклар, балужлар, толишлар, бахтиёрийлар, пуштунлар, тожиклар ва бошқалар ташкил этади. Туркий тиллар ва туркий халқлар гуруҳига кирувчи озарбайжонлар ва туркманлар, шунингдек бошқа миллатлардан, араблар, арманлар, оссурияликлар, грузинлар, лўлилар ва бошқалар ҳам яшайди. Ушбу миллатларнинг 65% дан ошиғини форслар, тахминан 15% озарбайжонлар, 10% курдлар, 6% лурлар, 2% араблар, туркманлар 2%, бошқалар 3%.

Диний таркиби

Эрон аҳолиси диндорларининг асосий қисми мусулмонлардир, яъни аҳолининг 98% ни мусулмонлар ташкил этади. Улардан 89% исломнинг шиа мазҳабига, 9% исломнинг сунний мазҳабига эътиқод қилади. Эронда давлат дини — ислом динининг шиа мазҳабидир. Баҳрайн, Ироқ ва Озарбайжондаги каби, Эронда мамлакат диндорларининг ярмидан кўпи шиалик мазҳабига эътиқод қилувчилардир. Эронда ушбу мазҳаб учун муқаддас саналадиган икки шаҳар жойлашган. Булар: Машҳад ва Қум шаҳарларидир.

Тарихи

Эрон ҳудудида одамзод илк палеолит давридан яшайди. Эронликлар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар Оссурия ёзма ёдгорликларида келтирилган. Милоддан аввалги 834-йилда шоҳ Салманасар ИИИнинг шарққа қилган юришини тавсифловчи миххат ёзувларида қадимий форс тилида сўзлашувчи халқлар истиқомат қилган Парсуа мамлакати қайд этилган. Милоддан аввалги 3-минг йиллик бошида Эроннинг жануби-ғарбида дастлаб шаҳардавлатлар, кейинроқ Элам давлати пайдо бўлди. Милоддан аввалги 2-минг йиллик давомида Эрон ҳудудига ҳинд-эрон тилларида сўзлашувчи ҳинд-европа қабилалари кириб кела бошлаган.

Эроннинг ҳозирги номи ўша халқлар — орийлар номи (қадимий эронча агуапа — „орийлар мамлакати“) дан олинган. Бу даврда Эрон ҳудудининг бир қисми Оссурия ҳукмронлиги остида бўлган. Милоддан аввалги тахминан 673—672-йилларда Оссурияга қарши кўтарилган ғалаён натижасида Эрон тоғлигининг шимоли-ғарбий қисмида Мидия давлати пайдо бўлди. Милоддан аввалги 550-йил Мидия ва Форсия қироллиги ўртасида бўлиб ўтган уруш (553— 550)дан сўнг ҳокимият Аҳамонийлар сулоласи қўлига ўтди. Юнонлар, кейинчалик Европанинг бошқа халқлари Форсия номини мамлакатнинг барча қисмига тааллуқли деб билиб, уни Форсия (Персия) деб атай бошлаганлар (Европа адабиётида бу ном 1935-йилгача сақланиб келган). Ғарб билан Шарқ ўртасидаги савдо йўлларида ўз ҳукмронлигини ўрнатиш мақсадида Аҳамонийлар Юнонистон билан уруш олиб бордилар. Милоддан аввалги 330 йил Аҳамонийлар давлати Александр Мақдуний қўшинлари томонидан мағлубиятга учради. Унинг ўлимидан сўнг Эрон Салавкийлар давлати таркибига кирди. Милоддан аввалги ИИИ аср ҳозирги Эрон ва Туркманистон чегараларида Парфия қироллиги вужудга келиб, милоддан аввалги ИИ аср ўрталарида Эроннинг барча ҳудуди унинг таркибида бўлган. Милоддан аввалги И асрдан Парфия Рим билан узоқ муддатли урушга кирди. Милодий 224-йил Парфия қарамоғидаги Форсия ҳукмдори Ардашер И Парфиянинг сўнгги қироли Артабан В ни урушда енггач, Сосонийлар давлатини тузди. Сосонийлар ҳукмронлиги даврида ИИИ аср ўрталарида монийлик, В аср охирларида маздакийлик пайдо бўдди. ВИИ асрда Эронни араблар босиб олди ва у Араб халифалиги таркибига кирди. Эронда ислом дини тарқалиб, Х асрда аҳолининг кўп қисми унга эътиқод қила бошлади. ИХ—Х асрларда Эрон ҳудудида ноибликлар вужудга келди. 900 йилда Хуросон ва бутун Шарқий Эрон Сомонийлар қўл остига ўтди, сўнг Шарқий Эрон Ўрта Осиёнинг бир қисми ва ҳозирги Афғонистон ҳудуди билан биргаликда Ғазнавийлар давлати таркибига кирди. ХИ асрда Эронга туркий қабила (ўғуз)лар кириб келди. Улардан бири — салжуқийлар ғайнавийлар қўшинини тормор қилиб, Эронни ва унга қўшни мамлакатларни босиб олди ва Салжуқийлар давлатини тузди. ХИИ аср бошларида Салжуқийлар давлати парчаланиб, қатор султонликлар пайдо бўлди. ХИИ аср охирида Эрон Хоразмшоҳлар давлатига қўшиб олинди. 1220—56 йилларда Эронни мўғуллар босиб олди ва ХИВ асрнинг ўрталаригача Ҳулокуийлар давлати таркибида бўлди. ХИВ асрнинг 30—80-йилларида Хуросонда мўғул ва маҳаллий зодагонлар зулмига қарши Сарбадорлар қўзғолонлари, 1350-йил Мозандарон ва Гилонда Саидлар ҳаракати бўлиб ўтди, натижада сарбадорлар ва саидлар давлати пайдо бўлди. ХВИ аср бошида Эроннинг барча қисми Сафавийлар қўлига ўтди. 1502-йил шиа мазҳаби давлат дини деб эълон қилинди. ХВИИ аср охири — ХВИИИ аср бошларида мамлакатнинг турли қисмларида зодагонларга қарши ғалаёнлар, шунингдек, асоратга солинган афғон, туркман, курд, озарбайжон ва бошқа халқларнинг озодлик ҳаракатлари бошланиб кетди. Афғон қабилаларининг 1709—22 йиллардаги қўзғолонлари натижасида 1722-йил улар Сафавийлар пойтахти бўлмиш Исфаҳонни эгалладилар. Афғон хонларининг ҳукмронлигига қарши халқ ҳаракати бошланиб кетди. 1723-йил Эроннинг шимоли-ғарбий ва марказий вилоятларига бостириб кирган турклар қувиб чиқарилди. Эрон давлати Нодиршоҳ раҳбарлигида жуда катта империяга айланди. 1747-йил фитна натижасида шоҳ ўлдирилди ва Эрон давлати парчаланиб кетди. ХВИИИ аср охирида занд ва қожар хонлари ўртасида узоқ давом этган курашдан кейин Эронда Қожарлар сулоласи ўрнатилди. ХВИИИ аср охиридан Эрон Европа мамлакатларининг мустамлакачилик объектига айланди. ХИХ асрдаги Россия-Эрон урушлари натижасида муқаддам Эрон босиб олган Кавказорти ҳудудлари Россияга ўтди. ХИХ асрнинг 50-йиллари ўрталарида мамлакатда ижтимоий зиддиятларнинг кучайиши Бобийлар қўзғолонларида ўз аксини топди. ХИХ асрнинг. 60-йиллари — ХХ аср бошларида Эрон асосан, Буюк Британия ва Россиянинг ярим мустамлакасига айланди. ХИХ аср охиридан зулм ва ижтимоий зиддиятларнинг кучайиши 1905—11 йиллардаги Эрон инқилобининг бошланишига замин яратди. Натижада конституция эълон қилинди, парламент (мажлис) чақирилди. 1911-йил охирида Эрон инқилоби Англия ва Россия томонидан бостирилди. Биринчи жаҳон уруши йиллари (1914—1918)да Эрон урушга кирган давлатларнинг ҳарбий ҳаракатлари майдонига айланди. 1919-йил Эрон Буюк Британия томонидан босиб олинди. Мамлакатда миллий озодлик кураши авж олди. Эрон Озарбайжони (1920), Гилон ва Мозандарон (192021), Хуросон (1921)да кучли миллий озодлик ҳаракатлари бўлиб ўтди. 1921-йил 21-февралда ўнг кучлар Ризохон қўмондонлиги остида давлат тўнтаришини амалга оширдилар. Саид Зиёвуддин раҳбарлигидаги янги ҳукумат (ушбу ҳукумат таркибида Ризохон ҳарбий вазир бўлган) демократик ҳаракат ёйилиб кетмаслик чораларини кўрди ва жамоат тазйиқи остида 1919-йилги Англия—Эрон битимини бекор қилди. 1925-йил 12-декабрда Таъсис мажлиси Ризохонни Ризошоҳ Паҳлавий номи билан Эрон шоҳи деб эълон қилди. 1930-йилларнинг ўрталаридан Эрон Германия билан алоқаларини кучайтира бошлади. Иккинчи жаҳон уруши йиллари (1941-йил августда) Эрон ҳудудига совет ва инглиз қўшинлари киритилди (1945-йил охири — 1946-йил майда олиб чиқиб кетилди).

1941-йил 16-сентабрда Ризошоҳ тахтдан воз кечди ва унинг ўрнига ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавий ўтирди. 1943-йил 9-сентабрда Эрон Германияга қарши уруш эълон қилди, лекин ҳарбий ҳаракатларда қатнашмади. 1945—46 йиллар Эронда кучли антиимпериалистик ва демократик ҳаракатлар авж олди. Ҳукумат АҚСҲ ва Буюк Британия ёрдамига таяниб, бу ҳаракатларга чек қўйди. 1960-йилларнинг бошларида мамлакатда ижтимоий ва ички сиёсий вазият кескинлашди. Шоҳ ҳукумати монархия тузуми ва ҳарбий қудратини мустаҳкамлаш мақсадида ислоҳотлар ўтказишга киришди (аграр ислоҳотлар ўтказилди, маориф ва соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга оид айрим тадбирлар амалга оширилди). Аммо шоҳ тузумининг реаксион ички сиёсати, ғарбпарастлиги Эронда ислом динининг фундаментал қадриятларини тиклашга интилувчи руҳонийларнинг кескин қаршилигига учради.

1979-йил февралда монархияга қарши инқилоб натижасида шоҳ тузуми ағдарилди. Инқилобга сургундан қайтган шиалар етакчиси Оятулло Ҳумайний (1964-йил мамлакатдан сургун қилинган) раҳбарлик қилди. Муҳаммад Ризо Паҳлавий мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. 1979-йил 1-апрелдан мамлакат расмий равишда Эрон Ислом Республикаси деб номланди. 1979-йил охирида Эрон билан Ироқ ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. Эрон билан Ироқ ўртасида Шатт ул-Араб дарёси бўйлаб ўтган чегара хусусидаги жанжал қуролли тўқнашувга айланиб кетди. 8 йил давом этган бу можаро икки томонни ҳам ҳолдан тойдирди. Ҳумайний вафотидан сўнг (1989) ҳокимият тепасига келган янги ҳукумат бир қанча ижобий ислоҳотларни амалга ошира бошлади, ташқи сиёсатда Эронни халқаро миқёсда яккаланиб қолиш ҳолатидан чиқариш йўлини белгилади.

Эрон 1945-йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси суверенитетини 1991-йил 25-декабрда тан олган ва 1992-йил 10-майда дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 11-феврал — Ислом инқилоби куни (1979).

Сиёсий партия ва ташкилотлари

Эрон Ислом Республикаси конституциясига биноан, Эронда исломга алоқаси бўлмаган сиёсий партия ва ташкилотлар фаолияти ман қилинган. Ҳозирги кунда мамлакатнинг ички сиёсий ҳаётида бир қатор ислом партия ва уюшмалари мавжуд бўлиб, улар орасида эътиборга лойиқ бўлганлари Курашаётган руҳонийлар жамияти, Исломий Эрон бирдамлик партияси, Исломий Эрон ҳамжиҳатлик партияси, Тараққиётга хизмат қилувчилар уюшмаси, Имом Ҳумайний сиёсати тарафдорлари уюшмасидир.

Иқтисодиёти

Эрон — нефт саноати ривожланган аграр индустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги 21,3%, саноат 32,7% (жумладан, нефт ва газ қазиб олиш 18,7%)ни ташкил этади.

Саноатида нефт, газ, кўмир, хром, қўрғошин, рух, мис, марганец ва темир рудалари қазиб олиш катта аҳамиятга эга. Йилига ўртача 85 млрд. кВцоат электр энергияси ҳосил қилинади. Нефтни қайта ишлаш, нефт кимёси корхоналари бор. Қора ва рангли металлургия, машинасозлик ва металлсозлик, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати ривожланган. Ҳунармандчилик (гилам тўқиш, металл буюмлар тайёрлаш) билан ҳам шуғулланилади.

Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи — деҳқончилик. Асосий озиқ-овқат экини — буғдой; шунингдек, арпа, шоли, дуккакли дон экинлар экилади. Боғдорчилик (ўрик, шафтоли, анжир, писта, хурмо, беҳи, анор, ситрус мевалар, ёнғоқ ва бошқалар), токчилик, сабзавотчилик ва полизчилик билан мамлакатнинг ҳамма қисмида шуғулланилади. Пахта экилади, қанд лавлаги, шакарқамиш, тамаки етиштирилади, чой ўстирилади. Чорвачилигида қўй, эчки, қорамол, эшак, туя, от, хачир боқилади. Паррандачилик ривожланган. Пиллачилик билан шуғулланилади. Форс қўлтиғи ва Каспий денгизида балиқ овланади.

ЙУНЕСКО томонидан қайд этилган дунё сивилизацияси меросига оид 12 тарихий ёдгорликнинг 3 таси Эронда жойлашган. 2001-йил Эронни 1402160 хорижий сайёҳ зиёрат қилди, хорижий сайёҳликдан тушган даромад 1,112 млрд. АҚСҲ долларини ташкил этди. Пул бирлиги — риал.

Маъмурий-ҳудудий бўлиниши


Йирик шаҳарлари

Эрон аҳолисининг 70% дан кўпроғи шаҳарларда истиқомат қилади. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, ушбу кўрсаткич 2030-йилга келиб 80% дан ошиб кетиши мумкин. Мамлакатда 2011-йилги маълумотларга кўра, 1331 та турли ҳажмдаги шаҳарлар мавжуд. 1951-йилда, мамлакатда 201 та шаҳар мавжуд эди. Эроннинг саккиз шаҳри миллионер-шаҳар мақомига эга, яъни ушбу 8 шаҳарда 1 миллиондан ошиқ киши яшайди[6]. Эроннинг пойтахти ва энг йирик шаҳри — Теҳрон. Ушбу шаҳарнинг аҳолиси 2015-йилги маълумотларга кўра, 8 846 782 кишини ташкил этади[7]. Теҳрон агломерациясида эса 15 200 000 дан ошиқ киши истиқомат қилади[7]. Айнан Теҳронда мамлакат саноатининг ярмидан кўпи жойлашган.

Катталиги ва аҳолиси сони бўйича мамлакатдаги иккинчи шаҳар — Машҳад. Ушбу шаҳар шиа мазҳаби топинувчилари учун муқаддас шаҳар ҳисобланади ва Машҳад аҳолиси 2011-йилги маълумотларга кўра 2 749 374 кишини ташкил этади. Эроннинг бошқа миллионер шаҳарлари: Караж, Исфаҳон, Табриз, Шероз, Қум, Аҳвоз.

Транспорти

Транспорт йўлининг узунлиги 7,3 минг км. Ички юкларнинг асосий қисми автомобил транспортида ташилади. Автомобил йўлларининг уз. 167 минг км. Денгиз савдо флоти тоннажи 8345 минг т дедвейтни ташкил этади. Форс қўлтиғидаги асосий портлари: БандарАббос, БандарҲумайний, Бушир, Харк, Ободон, БандарМоҳшаҳр; Каспий денгизида — Энзели, Новшаҳр, Амиробод. Теҳрон, Шероз, Исфаҳон, БандарАббос, Ободон, Табризда халқаро аэропортлар бор.

Эрон четга нефт ва нефт маҳсулотлари, гилам, газ, пахта, мева, тери, металл буюмлар чиқаради; четдан озиқ-овқат, машина ва жиҳозлар, саноат хомашёси олади. Ташқи савдода Германия, Италия, Кувайт, БАА ва бошқалар мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади. Эронда хорижий сайёҳлик ривожланган.

Тиббий хизмати

Эронда ўртача умр 69 ёшни ташкил этади. 2003-йил 110797 ўринли 730 касалхона (120 таси хусусий), 307169 врач, ҳамшира ва фармацевт ишлади. Врачлар университет ва ўрта махсус тиббиёт билим юртларида тайёрланади. Ҳозирги пайтда Эронда соғлиқни суғурта қилиш йўлга қўйилмоқда.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари

Бошланғич ва ўрта таълим

Эронда 5 йиллик бепул мажбурий бошланғич таълим жорий қилинган. Икки босқичдан иборат 7 йиллик ўрта мактаб таълими мавжуд. Мамлакатда саводхонлик кўрсаткичи 85,0% дан зиёдроқ ва ушбу кўрсаткич йилдан-йилга яхши томонга ўзгармоқда. 2004-йил маълумотларига кўра, ўша йилги ўқув йилида мамлакатдаги мактабларда 17 миллион 196 минг 588 ўқувчи таълим олган ва ушбу кўрсаткич Эрон аҳолисининг тез суратларда ўсиши натижасида кескин ошмоқда. Бошланғич мактаб ўқитувчилари педагогик билим юртларида, ўрта мактаб ўқитувчилари Теҳрон университети қошидаги педагогика институтида тайёрланади.

Олий таълим ва олий ўқув юртлари, музейлар

Олий маълумотли кадрлар Теҳрон университети, Теҳрондаги Эрон миллий университети, Фаробий университети, Шероз, Машҳад, Исфаҳон, Табриз, Караж, Аҳвоздаги университетларда, Теҳрон политехника институти, Ободон нефт институти ва бошқаларда тайёрланади. 2004-йил олий ўқув юртларида 1 миллион 673 минг 753 талаба ўқиди ва ушбу кўрсаткичлар ҳам кескин ўсмоқда. Институтлар Теҳрондаги фан ва маориф тараққиётини тадқиқ этиш ва ривожлантириш институти, Эрон маданияти тадқиқот маркази, Санъат ва археология тарихи миллий марказида, шунингдек, Теҳрон, Машҳад, Табриз, Шероз, Исфаҳон, Аҳвоз университетлари ва бошқа олий ўқув юртларида ҳам олиб борилади. Мамлакат йирик кутубхоналари: Теҳрондаги Эрон Миллий кутубхонаси (1935), Парламент кутубхонаси (1924), ҳар бир университет қошидаги кутубхоналар. Маданият вазирлиги тизимида 1500дан ошиқ кутубхона мавжуд. Эронда археология ва этнография музейи, Гулистон саройи музейи, Миллий бадиий музей, Гиламлар музейи ва бошқа йирик ва бой музейлар мавжуд.

Матбуот ва ОАВ

Эронда матбуот ва ОАВ яхши ривожланган. Мамлакатдаги матбуот, телевидение, радио ва бошқа ОАВ воситалари давлат назоратида. Эронда беш юздан ошиқ газета ва журналлар нашр этилади. Асосий ва йирик газеталари: „Аброр“ (1985-йилдан чоп этилади), „Кейҳон“ (1942-йилдан чоп этилади), „Рисолат“ (1985-йилдан чоп этилади), „Эғтелот“ (1925-йилдан чоп этилади), „Эттелоте ҳафтаги“ (1941-йилдан чоп этилади). Ислом Республикаси ахборот агентлиги (ИРНА), 1934-йил ташкил этилган. „Эрон Ислом Республикаси овози“ миллий радиоси 1971-йил тузилган. Эрон телевидениесига 1971-йил асос солинган.

Адабиёти

Эрон адабиётини шартли равишда 3 босқичга бўлиш мумкин: қадимий, ўрта аср ва замонавий. Эрон адабиётининг илк намуналари қадимий форс тилида яратилган. Қаҳрамонлик эпосининг дастлабки кўринишлари Аҳамонийлар даврига мансуб миххат битикларида ўз аксини топган. Эрон араблар томонидан забт этилиб (ВИИ аср), унинг ҳудуди халифалик таркибига киргандан сўнг Эрон адабиёти араб тили ва ислом таъсирида шаклланди. ИХ асрга келиб адабиётда форс тилининг мавқеи кучайди. Х асрнинг 2-ярмидан бошлаб форс тили Шарқда шеърият тили даражасига кўтарилди. Х—ХВ асрлар Эрон назмининг юксалиш даври ҳисобланади. Бу даврда Фирдавсий, Умар Хайём, Саъдий, Румий, Ҳофиз каби дунё адабиётининг ёрқин юлдузлари ўзларининг ўлмас асарларини яратдилар. Уларнинг шеъриятида гуманизм, инсоннинг улуғ мавжудот эканлиги, маънавий баркамоллик сари интилиш ғоялари тараннум этилди. Форс адабиётининг дурдонаси бўлмиш Фирдавсийнинг „Шоҳнома“ достони майдонга келди. Бу даврда Эрон адабиётининг мумтоз жанрлари бўлган рубоий, қасида, ғазал ва қитъа янада такомиллашди. Шу билан бирга Абдулло Ансорий, Фаридиддин Аттор ва бошқаларнинг асарларида суфийлик тариқати ғоялари ўз аксини топди. Мўғуллар томонидан Эроннинг ишғол этилиши (1220—56) натижасида маданий ҳаёт инқирозга юз тутди. ХИИИ асрнинг 2-ярмига келиб Эрон адабиётида мадҳия ва қаҳрамонлик эпослари ривож топди. ХВИ аср охири Эрон адабиётида шиа мазҳабига хос марсия шеърий жанри шаклланди. Бу даврга келиб Эрон мумтоз адабиёти сарой шеърияти доирасида тараққий этди. ХВИИ аср Эрон адабиётида ҳинд услуби (сабке ҳинди) устунлик қила бошлади. Бу ҳол ХВИИИ асрда Эрон шоирлари Муштоғ Исфаҳоний, Сабоҳий Бикделий Кошоний, Ҳотиф Исфаҳоний ва бошқаларнинг эътирозига учраб, Эрон адабиётида „бозгашт“ (қайтиш) деб аталмиш янги йўналишнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу йўналиш илк Эрон мумтоз шеъриятига хос услубни қайта жонлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан ифодаланади. ХИХ асрда Эрон адабиётида ёднома ва сафарномалар пайдо бўлиб, янги форс насрий жанрига асос солинди. Эронда кенг қулоч ёзган миллий озодлик ҳаракати (1905—1921) публицистика ва сатирик шеъриятнинг шаклланишига туртки бўлди. М. Баҳор, А. Лоҳутий ижодида адолацизликка қарши кураш ғоялари намоён бўлди. ХХ асрда Эрон адабиётида роман ва реалистик ҳикоя жанри ривож топди. Бу даврда Муртазо Мушфиқ Козимийнинг „Қўрқинчли Теҳрон“ (1924), Аббос Козимийнинг „Машаққатли ҳаёт“ (1931), Яҳё Давлатободийнинг „Шаҳрноз“ (1926), Саид Нафисийнинг „Фарангис“ (1931) номли асарлари чоп этилди. ХХ асрнинг 30-йилларида Эрон шеъриятига янги шеърий жанр „шеъри ноу“ кириб келди. Анъанавий аруз вазнидан воз кечиб, эркин услубда шеър яратиш бу йўналишнинг характерли жиҳатидир. Эрон шеъриятидаги янги йўналишнинг асосчиси Нимо Юшиж (1895—1961) ҳисобланади. 1940—50 йиллар насрда ижтимоий ҳаётни акс эттирувчи бир қатор реалистик асарлар яратилди. Содиқ Ҳидоят (1903—51)нинг „Дайди ит“ (1943), „Ҳожи оғо“ (1945), Бўзўрг Алавийнинг „Эллик уч“ (1942), „Унинг кўзлари“ (1952) ҳикоялари жамоатчилик эътиборини қозонди. Ислом инқилобидан сўнг Эрон адабиётида озодлик ва инқилобни тараннум этувчи шеърлар, Эрон-Ироқ урушида қатнашган жангчиларнинг мардлиги ва ватанпарварлигини акс эттирувчи асарлар, диний йўналишда ёзилган шеърий тўпламлар кенг ўрин олди.

Меъморлиги

Эрон ҳудудидаги меъморий ёдгорликлар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Эронда неолит даврига оид пахсадан қурилган турар жойлар (Кошон ёнидаги ТепеСиалк, Шероз яқинидаги ТалиБакун) топилган. Мидия қироллиги даври (милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 1-ярми)да унинг пойтахти Экбатана атрофида (ҳозирги Ҳамадон) истеҳком деворлари барпо этилган. Аҳамонийлар даврида сарой меъморлиги кенг ривож топди (Пасаргада, Персеполис, Сузадаги сарой мажмуалари). Аҳамонийлар сарой меъморлик услубига ҳашаматлилик, ҳайвон ҳайкалчалари билан безатилган баланд устунлар хос. Асосий қурилиш материаллари — хом ғишт, тош ва ёғоч. Тўртбурчак шаклидаги зардуштийлик ибодатхоналари ҳам шу даврга мансуб меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Парфия қироллиги даврида ҳовли томони очиқ айвонли саройлар қурилган. Сосонийлар даврида шаҳарлар тез суръатлар билан барпо этила бошланди. Шаҳарлар доирасимон ёки тўғри тўртбурчак тарҳли қилиб, қалин девор билан ўралди. Бино қурилишида тош, пишиқ ғишт, ёғоч ишлатилган, том қисми эса ёйсимон шаклга эга бўлган. Кейинчалик гумбазлар пайдо бўлган. Сосонийлар даври саройларига ҳашаматли айвон ва баланд устунлар хос. Эроннинг араблар томонидан забт этилиши (ВИИ аср) меъморликда янги услубдаги биноларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу даврда кўплаб карвонсарой, масжид, минора, мақбара, тим, мадраса ва ҳаммомлар қурилди. Девор билан ўралган кўплаб шаҳарлар барпо этилди. Шаҳарнинг 4 дарвозасини боғловчи 2 асосий хиёбоннинг кесишган нуқтаси сарой, бозор ва масжид жойлашган марказий майдонни ташкил этди. Баъзи ҳолларда шаҳар марказида арк барпо этилди. ХИИ асрга келиб масжид қурилишида Эронга хос услуб пайдо бўлди (тўрт томони айвон ва болохоналар билан қуршалган ҳовли ҳамда гумбазли бино). Масжид ёнида юқори қисми торайиб борувчи айлана минора қад кўтарди. Бу пайтгача миноралар саккиз бурчак шаклида қурилган. ХИИИ—ХИВ асрлар ўрталарида Эронда мадраса, масжид, хонақоҳ ва минорадан таркиб топган яхлит ансамбллар пайдо бўлди. Эрон Темурийлар давлати таркибига кирган давр (ХИВ—ХВ асрлар)да меъморликда гумбазларни кўк кошин билан безаш одат тусига кирди. Масжид, мадраса ва бошқалар биноларнинг олд қисмига кошинлардан рангли зеб берилди (Машҳаддаги Гавҳаршод бегим масжиди, 1405—18, меъмор Қавомиддин Шерозий). ХИВ—ХВИ асрларда шаҳар қурилиши авж олди, шаҳар ансамбллари (Янги Исфаҳон) бунёд этилди, саройлар деворий расмлар, мозаика билан безатилди (Исфаҳондаги Али Қопу, Чеҳел Сутун саройлари, Қазвиндаги саройлар). Сафавийлар даврига келиб, Эрон меъморлигида ҳашаматлиликка кенг ўрин берилди, биноларни мураккаб ва кўркам нақшлар билан безаш, улкан фавворалар қуриш расм бўлди. Шаҳарларда муҳташам мажмуалар қуриш режаси ҳаётга татбиқ этилди. Исфаҳондаги Шоҳ майдони атрофида барпо этилган сарой, масжид, карвонсарой ва бозор яхлит меъморий ансамблни ташкил этди. ХВИИИ—ХИХ асрларда юз берган иқтисодий инқироз Эронда қурилиш кўламининг кескин камайишига олиб келди. ХХ асрга келиб, Эрон меъморлигида янги шаклдаги бинолар пайдо бўлди (Теҳрондаги университет биноси, 1930-йиллар; Теҳрон яқинидаги „Хилтон“ меҳмонхонаси, 1962). Турар жой, ижтимоий масканлар, саноат мажмуалари, кўприклар қурилишида. ойна, металл ва темир-бетон конструксиялар кенг қўлланди. Эрон меъморлари биноларни барпо этишда замонавий меъморлик услуби ва миллий анъаналардан фойдаландилар (Ҳамадондаги Ибн Сино мақбараси, 1952; Машҳаддаги Нодиршоҳ мақбараси, 1961; Нишопурдаги Умар Хайём қабри устига қурилган павилон1963).

Тасвирий санъати

Эрон санъати 8 минг йил давомида шаклланиб келган. Эрон ҳудудидан топилган ғорлардаги одам, ҳайвон, ўсимлик ва ов қуролларининг деворий расмлари тасвирий санъатнинг илк намуналари сифатида эътироф этилади. Милоддан аввалги ХИИ—ВИИ асрларга оид қабрлардан қимматбаҳо металлдан ишланган бадиий безак буюмлар, бронза ҳайкалчалар топилган. Аҳамонийлар даврида кумуш ва олтиндан ясалган идишлар, заргарлик буюмлари, тамға, тангалар кандакорлик билан безатилган. Сосонийлар даври тасвирий санъатида ҳайкалтарошлик асосий ўрин эгаллади (Мозандарондаги бронза бюстлар), ИХ—ХИИИ асрларда амалий безак санъати ривожланди. Нишопур, Кошон, Султонобод каби шаҳарлар кулоллик марказлари сифатида шуҳрат қозонди. Ҳар хил рангли шишалардан идиш ва буюмлар тайёрланди. Эрон миллий санъатининг асосий турлари (гиламчилик, сопол идишларга чизилган нақшлар, хаттотлик) араблар босқинига қадар шаклланди, бироқ ўзининг юксак чўққиларига ислом дини даврида эришди. Эрон тасвирий санъатига геометрик шакллар, ўсимлик нақшлари, афсоналардан олинган лавҳалар, ҳайвонлар тасвири хосдир. Ғарбда форс тасвирий санъати миниатюра сифатида танилган. Эрон рассомлари ўз асарларида афсонавий қаҳрамонлар ва шоҳларни ҳамда Эрон мумтоз адабиёти асарларидаги лавҳаларни моҳирлик билан акс эттирдилар.

Қуръон матнларини безаш санъати юксак чўққиларга кўтарилди. Эрон Араб халифалиги таркибига киргандан сўнг хаттотлик санъати ривожланди. Бу санъат турининг ривожланиши Темурийлар даврига тўғри келди. Хаттотликнинг моҳир устаси Мир Эъмод Ҳасаний Сейфи Ғазнавий (1617-йил вафот этган) бўлган. Қожарлар сулоласи ҳукмронлиги даврида хаттотликнинг „шикастанастаълиқ“ шакли равнақ топиб, ҳозирги кунга қадар қўлланади. ХВ—ХВИИ асрлар миниатюра санъатининг ривожланиш даври ҳисобланади. Табриз ва Исфаҳон миниатюра мактаблари шуҳрат қозонди (яна қ. Табриз миниатюра мактаби, Исфаҳон миниатюра мактаби). Бу даврда яратилган миниатюра асарлари нақшга бой бўлиб, ранглар жилоси ва нафислиги билан ажралиб туради. Эрон миниатюраларида реализм йўналиши ҳам кенг ўрин олган. Ушбу услубнинг ёрқин намояндаси Ризо Аббосийнинг асарларида уруш лавҳалари, аёллар сиймоси акс эттирилган. Унинг яратган миниатюралари Исфаҳондаги Чеҳел Сутун ва Али Қопу саройлари деворларида муҳрланиб қолган. ХИХ асрда Эрон миниатюра санъати ғарб маданияти таъсири остида инқирозга учради. ХХ аср бошларида Эрон рассомлигида реализм йўналиши катта ўрин эгаллади. Ҳайкалтарошлик, рассомлик санъати ва фафика (айниқса, китоб безаги, реклама плакатлари) юксала бошлади. Ҳасан Али Вазирий, Муҳсин Муқаддам, Абулқосим Содиқий каби рассом ва ҳайкалтарошлар ўз асарларида оддий халқ ҳаётидан олинган лавҳаларни акс эттирдилар. 1920-йил Камол ул-Мулк Теҳронда рассомлик ва ҳайкалтарошлик мактабини ташкил этди. Замонавий тасвирий санъат миллий мактабининг асосчиларидан бири Акбар Тажвидий (1925—95)дир. Ҳозирги даврда тасвирий санъат анъаналарини Эроннинг машҳур рассомлари М. Фаршчиён, А. Рустамиён, П. Калонтарий, Ё. Таботабоий, Оташзод ва бошқалар давом эттирмоқдалар. Тасвирий санъатда модернизм услуби ривожланди. 1959-йил Теҳронда Безак санъати олий мактаби очилди. Халқ санъатида ёғоч, суяк, садаф ўймакорлиги, кандакорлик ривожланган (маркази — Исфаҳон ва Шероз). 2000-йил Эрон Бадииёт академияси ташкил этилган. Ислом маданияти ва тасвирий санъати бўйича турли йирик халқаро бадиий кўргазмалар, хаттотлар танловлари ўтказиш кенг тус олган.

Мусиқаси

Эроннинг мумтоз ва халқ мусиқаси узоқ ўтмишга бориб тақалади. қадимий давр мусиқаси ҳақида маълумотлар сақланмаган, аммо мусиқий чолғу ва оҳанглар Эрон мусиқа маданиятининг Месопотамия мусиқий анъаналари билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади. Халқ мусиқасида тасниф, тарона, қасида, ғазал, дастгоҳ кенг тарқалган. Эрон миллий мусиқа чолғулари: най (найилабак, „ҳафт банд“, найианбон), сурнай, камонча, қонун, сетор, рубоб, борбат, тор, сантур, доира, тўнбак. ВИ асрга келиб сарой санъати, бастакорлар ижоди (Борбат ва бошқалар) равнақ топди, халқ орасида мутриблар (хонандараққос) шуҳрат қозонди, мусиқа назарияси шаклланди. Араб истилоси даврида Эрон мусиқаси арабмусулмон маданияти таъсирига учради, бир вақтнинг ўзида араб ҳамда форс мусиқаси унсурларини ўзлаштирди. ХИИИ асрда бастакор, мусиқа назариётчиси Сафиуддин ал-Урмавий машҳур бўлди. ХИХ асрнинг 2-ярмидан бошлаб Эрон мусиқасига Европа мусиқаси таъсир кўрсатди, Теҳронда Шоҳ коллежи қошида Европа услубидаги мусиқа мактаби очилди. ХХ асрнинг 20-йилларида бастакор, Теҳрон университети профессори Али Нақи Вазирий миллий мусиқа таълимини йўлга қўйди, мусиқа назариясига оид асар яратиб, мусиқа мактаби очди. 30-йилларнинг бошларида Теҳронда Олий мусиқа мактаби (40-йилларда консерваторияга айлантирилди)ўз ишини бошлади, филармония жамияти (1940), Х.Санжарий раҳбарлигида симфоник оркестр (1946) ташкил топди. А.Вазирий, А.Сабо, А. Рашидий каби композиторлар машҳур бўлган. Ҳозирги кунда Эронда, асосан, фолклор гуруҳлари, миллий чолғу ансамбллари мавжуд. Шу билан бирга ХХ аср охирларидан миллий ва Европа оҳангларини уйғунлаштирган эстрада ва оркестр ижросига ҳам катта эътибор берилмоқда. 1968-йилдан Шерозда миллий санъат фестиваллари ўтказиб турилади. Мусиқа санъатини ривожланишига Мирзо Абдулло, Дарвешхон, Маҳмуд Карами, Фаромирзо Пойдур, Абу алҲасан Сабо катта ҳисса қўшган, ҳозир Ҳусайн Малик, Тоҳир Зода, Шаҳноз, Шожараён каби санъаткорлар машҳур.

Театр сарчашмалари қадимий маросимлардан бошланади. Баъзи манбаларда қадимий „бозигар“ (ўрта асрлардаги масхарабозлар театрини эслатади) театри тўғрисидаги маълумотлар сақланиб қолган. Эронда пантомима, қўғирчоқ ва соя театрлари қадимдан машҳур. Ўтмишда ниқоблар намойиши ва маросим („саде“) томошалари уюштирилган. Х асрдан бошлаб имом Ҳусайн вафотига бағишланган диний йўналишдаги саҳналар қўйилган. ХВИИ—ХВИИИ асрларда форс трагедияси турларидан бири — таъзия вужудга келди. ХХ асрнинг 30-йилларига қадар Эронда масхарабозлар театри мавжуд бўлган. 1890-йил Теҳронда сарой театри ташкил топди. ХХ аср бошларида Эронда „Фарҳанг“ („Маданият“) театр ҳиссадорлик жамияти таъсис этилди. 1911-йил Эрон миллий театрига, 1917-йил Европа услубидаги Эрон комедия театрига асос солинди. 1929-йилдан бошлаб Эрон театрларида аёллар фаолият кўрсата бошлади. 1932-йил рассом С. Кермоншоҳий Теҳронда театрстудия ташкил этди. Ушбу маскан мамлакатнинг илғор театр санъати марказига айланди. 1930—40 йиллар театрларда, асосан, Европа драматургларининг асарлари саҳналаштирилди. Эрон театр санъатининг юксалиш даври 1960-йилларга тўғри келди. 1963-йил Теҳронда профессионал актёрларни тайёрловчи драма студияси ташкил этилди, доимий театр гуруҳлари, жумладан „Бугунги театр“ (раҳбари М. Жафарий) ва Миллий труппа (раҳбари М. Жавонмард) пайдо бўлди. 1968-йилдан Шерозда ҳар йили театр фестивали ўтказилади. 1979-йилга қадар Эронда варете театри ҳам мавжуд бўлган. Ислом инқилобидан сўнг театр санъати инқирозга юз тутди. Ҳозирги кунда диний руҳдаги спектаклларни саҳналаштириш учун рухсат берилган. Аёлларнинг театрда фаолият кўрсатиши ман этилган.

Киноси

1920-йилда Теҳронда биринчи кинотеатр очилди. 1930-йил комедия жанридаги илк бадиий филм яратилди. 1934-йил дастлабки овозли филм суратга олинди. 1946-йил „Митрафилм“ (1948-йилдан „Форсфилм“) киностудияси ташкил этилди. 1950-йилларда суратга олинган „Порт ўғриси“ филми мамлакатнинг энг машҳур кино асарига айланди. 60-йилларнинг охири — 70-йилларда тарихий, афсонавий, муҳаббатни тараннум этувчи филм ва мусиқий комедиялар, жумладан, „Мозандарон йўлбарси“ (режиссор С. Хачикиён), „Интизорлик соҳили“ (режиссор С. Ёсимий) каби филмлар яратилди. 1955-йилдан Теҳронда халқаро, 1964-йилдан миллий кинофестиваллар ўтказилади. 1964-йил Кино санъатининг олий кенгаши тузилган. Уша даврнинг таниқли режиссорлари И. Кушон, М. Муҳсиний, С. Ёсимий, С. Хачикиён, Ш. Рафиё миллий кинематографияни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшдилар. 1970-йилларда йилига 100 дан ортиқ бадиий филм яратилди, мамлакатда 500 га яқин кинотеатр ишлади. Ислом инқилобидан кейинги даврда кино санъати инқирозга учради. Филмлар ишлаб чиқариш ҳажми кескин камайди (йилига 30 та). Мамлакатда аксарият киностудия ва кинотеатрлар ўз фаолиятини тўхтатди. 1980—81 йиллар бор-йўғи 11 филм яратилди. 1980-йиллар охирига келиб кинематография қайта тиклана бошлади. Давлат томонидан кўрсатилган ёрдам ҳамда ғарб филмларига қўйилган чеклашлар эвазига Эронда ўзига хос миллий кино яратилди ва иқтидорли киноартистлар етишиб чиқди. 1990-йилларнинг ўрталарида Эрон филмлари халқаро миқёсга чиқди. „Олча таъми“, „Шамол бизни олиб кетади“ (иккаласининг режиссори А. Киёрустами), „Қандаҳор“ (режиссор М. Махмалбоф), „Ота“, „Осмон болалари“, „Жаннат ранги“ (учаласининг режиссор М. Мажидий) каби филмлар Канн, Турин, Берлин ва Москва кино анжуманларида эътиборли совринлар соҳиби бўлди. Бу филмларда даврнинг ижтимоий ва маданий муаммолари, инсонлар ўртасидаги муносабатлар, ҳаёт фалсафаси ҳаққоний акс эттирилди.

Ўзбекистон — Эрон муносабатлари

Демографияси

Эрон аҳолиси 83,500,000 кишини ташкил қилади. Эронинг расмий тили форс тилидир, аммо Эроннинг 30% аҳолиси туркий тилли халқлардан ташкил топган. [8] [9] [10] [11] [12]

Манбалар

  1. ↑ „Ҳуман Девелопмент Репорт 2013“ (эн). Унитед Натионс Девелопмент Программе (2013). 2013-йил 13-августда асл нусхадан архивланган.
  2. ↑ Бугун.уз. „Эронда президентлик сайловида етакчиликни қўлга киритган номзод маълум бўлди“. ҳттпс://бугун.уз/. 2021-йил 24-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 19-июн.
  3. ↑ „Мас’уд Пезешкиён Эрон президенти этиб сайланди“. 2024-йил 9-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 9-июл.
  4. ↑ Статистиcал Cентре оф Иран
  5. ↑ Статистиcал Cентре оф Иран
  6. ↑ WебCите қуэрй ресулт, 2010-01-10да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2010-01-10 {{cитатион}}: Cите усес генериc титле (ёрдам)
  7. ↑ 7,0 7,1 „фа:جمعیت و خانوار شهرستان‌های کشور براساس سرشماری عمومی نفوس و مسکن 1390“ (Персиан). Статистиcал Cентер оф Иран. 2016-йил 4-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 23-январ 2015-йил. (Wайбаcк Мачине сайтида 2016-03-04 санасида архивланган)
  8. ↑ سیری در تاریخ زبان و لهجه های تؤرکی ، دکتر جواد هیئت
  9. ↑ ترکان و بررسی تاریخ زبان و هویت آنها در ایران ، حسن راشدی
  10. ↑ Аҳмет Cафероğлу, Тüрк Кавимлери, Эндерун Китабеви, İстанбул, 1988, с. 64 — 72.
  11. ↑ فرهنگ جغرافیایی ملی ترکان ایران ، دکتر پناهیان
  12. ↑ архив нусхаси, 2012-11-09да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2011-04-27

Ҳаволалар