Isitma
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. (2025-02) |
| Иситма |
|---|
Иситма — одам ва иссиқ қонли ҳайвонлар организмининг қўзғатувчи омиллар (хусусан, микроблар) га нисбатан махсус ҳимоя реаксияси. Тана температурасининг кўтарилишида намоён бўлади, кўпгина касалликларда кузатилади. Тана ҳароратининг кўтарилиши билан ўтадиган ҳамма касалликлар қадимдан иситма деб аталган. Иситма ҳозир мустақил касаллик деб ҳисобланмаса ҳам, баъзи касалликлар ҳамон иситма деб аталади (масалан, безгак иситмаси, искабтопар иситмаси, Ку иситмаси). Иситманинг инфексион ва ноинексион хиллари фарқ қилинади. Иситма юқумли касалликларда ҳам, юқумсиз касалликларда ҳам кўтарилиши мумкин.
Сабаблари
Кўпинча касаллик микроблари ва вируслари чиқарган моддалар ва уларнинг парчаланиш маҳсулотлари, организмга ҳазм йўлидан бошқа йўл билан киритилган ёт оқсиллар (баъзан ваксиналар) нинг парчаланиш маҳсулотлари, шунингдек, организмнинг ўз тўқима ва ҳужайралари шикастланганда (масалан, ички қон қуйилишларида, жароҳатланишда, тўқималар эзилганда ёки шунга ўхшаш ҳолатларда) ҳосил бўладиган моддалар таъсирида иситма чиқади. Организмда моддалар алмашинганда кимёвий реаксиялар рўй бериши туфайли баъзи аъзоларда, масалан, жигар ва мускулларда доим иссиқлик ҳосил бўлиб туради, шундан маълум бир қисмининг баданда ушланиб қолиши тана температурасининг кўтарилишига сабаб бўлади. Юқорида айтилган моддалар бош миядаги терморегулясия марказига бевосита ёки рецепторлар орқали таъсир этганда иситма пайдо бўлади. Гавда температураси тез кўтарилганда тери томирлари торайиб (спазм), совуқ сезилади ва мускуллар титрайди (Жун-жиш тури). Гавда температураси жуда юқори кўтарилган вақтда организмдан иссиқлик чиқиб кетиши кучайиб, иссиқлик ҳосил бўлиши вақтинча мувозанатланади. Температура тушаётганда организмдан иссиқлик чиқиб кетиши янада кучаяди (бадан терлайди, тери томирлари кенгаяди). Температура бирданига-жуда тез (критик) ёки секин-аста (литик) тушиши мумкин.
Баъзи микроб заҳарларининг катта дозалари терморегулясия марказини қўзғатгач, кетидан сусайтириши мумкин. Шу сабабли касаллик (масалан, дифтерия) нинг оғир — токсик хили деярли иситмасиз ўтиши мумкин. Кексалар ва озғин, бедармон кишилар оғир инфексион касалликлар билан оғриганда баъзан иситма чиқмайди.
Гавда температурасининг кўтарилиш даражасига қараб иситма субфебрил (38° дан паст), ўртача (39,5° гача), юқори ёки баланд (4 Г гача) ва баъзан, ҳаддан ташқари юқори (41° дан ортиқ) бўлади. Гавда температурасининг 40-4Г гача кўтарилиши бош оғриғи, дармонсизлик, иштаҳа бўғилиши, меъда секрециясининг сусайиши ва бошқа ҳодисаларга сабаб бўлсада, ҳаёт учун хавфли эмас. Лекин иситмали баъзи касалликларда беморнинг алаҳсираши, беҳуш бўлиб қолиши, моддалар алмашинуви ва овқат ҳазм қилишнинг бузилиши, асосан, температуранинг кўп кўтарилишига эмас, балки шу касалликдаги интоксикация хусусиятларига ва шунинг натижасида организмдаги турли функсияларнинг бузилиш даражасига боғлиқ. Бу ҳолда бемор атрофида ҳамшира ёки бошқа тиббиёт ходими, шунингдек, беморнинг яқин кишилари бўлиб совуқ компресс қўйиши ва беҳосдан ўрнидан туриб кетмаслигини назорат қилиб туриши лозим.
Касаллик сабабини бартараф қилмай туриб, иситмани сунъий йўл билан тушириш беморнинг кайфиятини яхшиласа ҳам, наф бермайди, аксинча, ташхис (диагноз) ни қийинлаштиради. Иситма чиққанда организмнинг иммун хусусиятлари кучайиб (иммунитет), инфексион жараёнлар сусаяди, шу боис айрим ҳолларда (захмнинг 4-босқичи, эпидемик энсефалит ва бошқалар) даво мақсадида сунъий иситма юзага келтирилади[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |