Исм (арабча: إسم‎‎), от — боланинг туғилганлиги қайд этилаётганда унга бериладиган шахсий ном.

Келиб чиқиши

Исм арабча (إسم‎‎) сўз бўлиб, „ном, киши оти“ деган маъноларни англатади[1]. Исм шахсларни оила, авлод, маҳалла, жамоа доирасида ажратишга имкон беради. Одатда, чақалоққа исмни ота-онаси, қариндош-уруғ, оиладаги кекса кишилар танлайдилар. Қандай исм қўйилиши эстетик ва этик тамойиллар, Исм танловчиларнинг орзу-истаклари, тасаввур ва дунёқарашлари, миллий ху-сусият ва б. билан боғлангандир. Исм қўйишда диннинг таъсири, айниқса, кучли бўлди. Христианлик вужудга келиб, монотеистик динга айланганидан кейин Библияааги пайғамбарларнинг Исмлари жаҳондаги кўпгина халқларда оммавий Исмлар бўлиб қолди. Ислом динининг тарқалиши Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбекларда бу дин тушунчалари билан боғлиқ Исмларнинг кўпайишига олиб келди. Халқимиз Қуръони каримда тилга олинган Аллоҳнинг гўзал исмларини (қаранг: ал-Асмо ал-Ҳусно), Муҳаммаднинг номларини ўз фарзандларига қўйишни расм қилди. Хуллас, ҳар бир Исм муайян сабаб билан пайдо бўлиб, ўзининг тарихи, географик тарқалиши, ҳудуди ва мазмунига эга. Қадим-қадимдан Исм қўйишнинг турли расм-русм, удумлари сақланиб қолган, чунки боланинг соғ бўлиши, яшаб кетиши, келгуси бахти унга қўйиладиган Исм билан боғлиқ бўлади, деб ҳисобланган. Кишига муваффақиятли танланган Исм унинг тақдири, ҳаётига катта таъсир кўрсатади, Исм одамнинг руҳиятини ўзида мужассам қилади, киши ўз исмига ўхшай-ди, деб ишонишган. Мусулмон оилаларида болага исм қўйиш билан боғлиқ алоҳида маросим ўтказиб келинади (қаранг: Ақиқа).

Исмга эътибор чақалоққа исм танлашдан ва уни туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (метрка)га ёзишдан бошланади. Муаллифлик ҳуқуқига, оила ҳуқуқида меросхўрни белгилаш ва ш. к.даги бир қанча ҳуқуқий муносабатлар исм билан боғлангандир. Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодекси боланинг исм олиш ҳуқуқини белгилайди (69-модда). Бу ҳуқуқ боланинг шахсий ҳуқуқи доирасига киради. Амалдаги қонунларга биноан, болага исм ота-онанинг келишувига биноан қўйилади, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари буни ҳисобга олишга мажбур. Болага Исм қўйишда ота-она ўртасида келишув бўлмаса, мазкур низо васийлик ва ҳомийлик органи томонидан бола, шунингдек, унинг ота-онаси манфаатларини эътиборга олиб ҳал этилади. Бола Исмини ўзгартириш тартиби Оила Кодексида белгилаб берилган (70-модда). Унга кўра, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи ота-онанинг биргаликдаги аризасига биноан, бола 16 ёшга тўлгунча бола манфаатларини эътиборга олиб, унинг исмини ўзгартиришга ҳакли. 10 ёшга тўлган боланинг исмини ўзгартиришга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

Тилшуносликда кишилар И.ларини ўрганадиган алоҳида соҳа антропонимика деб аталади. И.ни тил факти сифатида ономастика ўрганади.

Манбалар

  1. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 2-жилд. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023 — 1036-бет. ИСБН 978-9943-8834-5-1. 

Адабиётлар

  • Бегматов Э., Ўзбек исмлари маъноси, Т., 1998; Ғафуров О., Асмаулҳусна ёхуд табаррук исмлар, 1—2-қисм, Т., 1998.

Ҳаволалар