Жаҳон пуллари - умумий универсал тўлов воситаси сифатида тан олинган, халқаро миқёсда ҳамма учун харид воситаси, бойликларнинг умумий ўлчов бирлиги, қийматнинг халқаро ифодаси бўлган пуллар; жаҳон бозорида амал қилувчи юксак ликвидли пуллар. Ж. п. миллий пуллардан барча мамлакатларнинг халқаро муомаласида ишлатилиши билан фарқ қилади. Ж. п. қадимда халқаро савдо пайдо бўлиши билан вужудга келган. Дастлаб Ж. п. вазифасини бой, давлатлараро савдода фаол қатнашадиган мамлакатнинг олтин ва кумуш тангалари, кейинчалик олтин қуймалар, ёмбилар бажарган (улар тангаларга нисбатан катта вазнга эга бўлиб, савдо айланмаси катта бўлган, бир йўла кўп пул талаб қилинадиган муомалада қўлланган). 20-аср нинг 1-чорагидан олтин пуллар муомаладан чиқарилиб, улар ўрнини бир пул бирлигига тўғри келадиган соф олтин миқдори (г) билан таъминланган қоғоз пуллар эгаллади. Шу пайтдан бошлаб, иқтисодиёти кучли мамлакатларнинг барқарор деб тан олинган қоғоз пуллари Ж. п. вазифасини ўтай бошлади (Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ж. п. вазифасини АҚСҲ доллари ўз зиммасига олди). 20-асрнинг 70-й.ларига келиб кўпгина мамлакатларда қоғоз пул бирликларининг олтин таъминоти бекор қилинди. Лекин шунга қарамай қоғоз Ж. п. доираси кенгайди ва улар қаторига эркин алмаштириладиган инглиз фунт стерлинги, Германия маркаси, Япония иенаси, Швейсария франки қўшилди. Кейинги йилларда бу миллий пуллар ичида рақобат кучайиб, дунё миқёсида АҚСҲ доллари ва Япония иенасининг мавқеи кўтарилди, натижада жаҳон бозори асосан икки зона — АҚСҲ доллари ва Япония иенаси зоналарига ажралди. 1999-йил 1 январда Европа Иттифоқининг 11 мамлакати учун умумий бўлган янги пул — евро давлатлараро ҳисоб-китобларда муомалага киритилди (2002-йил 1 январдан Е. банкнотлари ва тангалари муомалага чиқарилди). Бундан кўзланган мақсад Европада АҚСҲ долларининг тазйиқига қарши курашиш, унинг ҳукмронлигига барҳам беришдир. Ж. п. сифатида евро АҚСҲ долларининг жиддий рақобатчиси (1 АҚСҲ доллари =1,13 евро; 2002, феврал). Халқаро иқтисодий интеграция кучайиши билан Ж. п.нинг турлари қисқариб, унинг вазифасини озчилик валюта бажаради.

Аҳмаджон Ўлмасов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил