Jaloliddin Manguberdi
Жалолиддин Мангуберди (Хоразмчада-Жалоладдин Манкбурни)(1198—1231) Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори (1220-йилдан), Муҳаммад Хоразмшохнинг тўнғич ўғлидир. Султон Жалоладдин Хоразмшох 33 йил умр кўрган бўлиб, шундан 11 йил умри турли жанглар ичида ўтган. Тўлиқ исми Султон Турк ва Ажам Жалоладдин ва Дуня ибн Муҳаммад. Онаси – Ойчечак ҳотун . Дастлаб у тахт учун асосий даъвогар ҳисобланмаган, чунки онаси Ойчечак Алуддин Хоразмшоҳ ҳарамидаги Туркман канизаклардан бири эди. Тахт вориси Қутбаддин О’злакшох бўлган ва унинг тахт борасидаги даъволарини бувиси Теркен Хотун қўллаб қувватлаган. Аммо, отаси ўлими олдидан Жалоладдинни тахт вориси қилиб тайинлайди, Жалоладдин Ануштегинийлар Сулоласидан бўлган.
| Жалолиддин Мангуберди | |
|---|---|
|
Мангуберди таваллудининг 800 йиллигига бағишланган 25 сўмлик танга. 1999-йил. | |
| Давлат номи | Хоразмшоҳлар |
| Туғилиши |
Манкбурни Мангуберди 1198-йил |
| Вафоти |
1231-йилнинг август ойида Диёрбакир вилояти Силван (Диёрбакир) Айн Дар қишлоғи |
| Дафн этилган жой |
Силван ёки Тунcелида экани тахмин қилинади |
| Сулола | Ануштегинийлар |
| Отаси | Муҳаммад Хоразмшоҳ |
| Онаси | Ойчечак |
| Дини | Ислом |

Таржимаи ҳоли
Жалолиддин Ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад ва унинг рафиқаси Ойчечакнинг тўнғич ўғли эди.
Хоразмшоҳнинг замондоши, тарихчи ан-Насавийнинг ёзишича, у ўзини туркий деб ҳисоблаган, хусусан: „Мен турк, араб тилидан бехабарман“, деган[1].
Султон Жалолиддиннинг шахсий котиби Шиҳоб аддин Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насавий уни шундай таърифлайди: „У қора танли, бўйи паст, нутқи ва ифодаси туркий эди, лекин форсча ҳам гапирарди. Унинг жасоратига келсак, мен айтиб ўтган жанглар бу ҳақда гапиришга кифоя қилади. У шерлар орасида шер, жасур отлиқлари орасида энг жасур эди. Юмшоқ эди, жаҳли чиқмасди, сўкмасди“[2].
Жалолиддин Мангуберди вояга етгач, отаси уни Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон ҳудудларигача бўлган ерларга ҳоким ва тахт вориси этиб тайинлаган (1215), бироқ Туркон хотун ва қипчоқ амирларининг қатъий норозилиги сабабли Қутбиддин Ўзлоқшоҳ фойдасига ворисликдан маҳрум этилган. Жалолиддин Мангуберди отасининг ҳарбий юришларида иштирок этиб, ўзининг жасур жангчи, иқтидорли саркардалик қобилиятларини намойиш этган (қаранг Ирғиз дарёси бўйидаги жанг).
Мўғулларга қарши кураши
Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинлари Мовароуннаҳрга бостириб кириб бирин-кетин шаҳарларни эгаллаб, Самарқандга яқинлашганларида хоразмшоҳ Муҳаммад Каспий денгизи бўйида жойлашган Обескун шаҳри яқинидаги Ашура оролидан паноҳ топган. Оғир бемор бўлган Муҳаммад ўғилларини ёнига чорлаб, сўнгги дамда Жалолиддин Мангубердини ўз ўрнига хоразмшоҳ этиб тайинлаган. Жалолиддин Мангуберди укалари Оқшоҳ ва Қутбиддин Ўзлоқшохлар билан бирга Гурганж мудофаасига ошиқади. Лекин Гурганждаги қипчоқ амирлари Туркон хотуннинг акаси Хумортегинни султон деб эълон қилиб, Жалолиддин Мангубердига қарши суиқасд уюштирмоқчи бўлдилар. Бундан хабар топган Жалолиддин Мангуберди Темур Малик бошчилигидаги 300 суворий билан Гурганжни тарк этиб Хуросонга йўл олган. Нисо шаҳри яқинида уни 700 нафар мўғул суворийси кутарди. Жалолиддин Мангуберди шиддатли жангдан сўнг уларни тор-мор келтириб, Нишопурга келди. Бу ердан у барча вилоят ҳокимларига номалар жўнатиб, мўғул босқинчиларига қарши бирлашишга даъват этади. Бир ойдан сўнг Ғазна томон йўл олади. Йўлда унга Ҳирот волийси, қайнотаси Аминалмулк 10 минг кишилик қўшин билан келиб қўшилган. Қандаҳорни қамал қилиб турган мўғул қўшинлари билан 3 кунлик жангда Жалолиддин Мангуберди уларни тор-мор келтирган. Жалолиддин Ғазнага 1221-йилда кириб келган. Бу ерда унга халаж қабиласи бошлиғи Сайфуддин Иғроқ, Балх волийси Аъзам Малик, афғонлар сардори Музаффар малик, қарлуқлар етакчиси Ҳасан Қарлуқ келиб қўшилган. Уларнинг ҳар бири ихтиёрида 30 минглик қўшин бор эди. Жалолиддин Мангубердининг ўзидаги кучлар эса 60 минг суворий эди. Жалолиддин Мангуберди Валиён қалъасини қамал қилаётган Такажук ва Малғур бошчилигидаги мўғул қўшинига ҳужум қилиб, 3 кунлик жангдан сўнг уларни тор-мор келтирган, 1000 дан ортиқ мўғул аскари ўлдирилган, омон қолган қисми Панжшир дарёсидан ўтиб, кўприкни бузиб ташлашган. Бу Жалолиддин Мангубердининг мўғуллар устидан қозонган дастлабки йирик ғалабаси эди.

Парвон жанги

Чингизхон Жалолиддин Мангубердига қарши Шики Хутуху нўённи 45 минглик қўшин билан жўнатади. Ғазна яқинидаги Парвон жангида Жалолиддин Мангуберди мўғуллар устидан ғалаба қозонади, бироқ жангдан сўнг Жалолиддин Мангубердининг лашкарбошилари ўлжа устида ўзаро жанжаллашиб қолиб, оқибатда Сайфуддин Иғроқ, Аъзам малик ва Музаффар маликлар Жалолиддин Мангубердини тарк этганлар. Бу тарк этишни сабаби турлича бўлган. Масалан, Туркманлар йўлбошчиси бўлган Сайфуддин Ағроқ билан бир арабий от устида талашиб қолишади. (Ўлжалар орасида энг ноёб улуш от ҳисоблаган. Отлар зотига ва чиройига қараб бир неча минг тиллога баҳоланган.) Тортишув пайтида қизишиб кетган Амин Малик Сайфуддин Иғроқни бошига қамчи билан уради. Жалолиддин эса Амин Маликни бу иши учун жазоламайди (Амин Малик Жалолиддиннинг қайнотаси эди, балки Амин Маликни жазоламаганига сабаб шу ҳам ҳам бўлиши эҳтимол.) Бу номусга чидай олмаган ва қаттиқ ранжиган Аъзам Малик Музаффар Маликни олиб, Жалолиддин қўшинни тарк этади улар билан бирга Сайфиддин Иғроқ ҳам ўз аскарларини олиб Азам Малик ва Музаффар Малик билан бирга кетади. Бунинг натижасида хорамзшоҳ қўшини ярмига қисқаради. Жалолиддин Мангубердининг ёнида фақат Амин Малик ва Ҳасан Қарлуқ ўз лашкари билан қолган, холос.
Синд дарёси бўйидаги жанг
Чингизхон катта қўшин тўплаб Жалолиддин Мангубердига қарши шахсан ўзи отланган. Фапдиз қалъаси яқинида Жалолиддин Мангуберди Чингизхон қўшинининг илғорини тор-мор келтиради ва кучи озлиги сабабли Синд (Ҳинд) дарёси томон чекинади. Чингизхон қўшини Жалолиддин Мангубердини дарёдан ўтишига имкон бермай қуршаб олади. 1221-йил 25-ноябрда бўлган тенгсиз жангда (Синд дарёси бўйидаги жанг) мағлубиятга учраган Жалолиддин Мангуберди 4000 жангчиси билан 18-20 метрлик жарликдан Синд дарёсига сакраб, унинг ўнг соҳилига сузиб ўтиб, чўл ичкарисига кириб кетди (Бу чўл ҳозир ҳам Чўли Жалолий деб аталади). Чингизхон Жалолиддин Мангубердининг бу жасоратидан ҳайратда қолиб, ўз ўғилларига қараб: „Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим!“, деган.
Шимолий Ҳиндистон ва Кавказдаги ҳарбий ҳаракатлар
Орадан бир неча кун ўтгач, Жалолиддин Мангуберди қўшини сони 7 мингга етди. Унга Кулбарс баҳодир, Кабкуҳ ва Саъдиддин Али аш-Шарабдор каби лашкарбошилар ўз кишилари билан келиб қўшилди. Жалолиддин Мангуберди Шимолий Ҳиндистоннинг нотаниш чўлида оч, жулдур кийимли жангчилари билан саргардонликда қолди. Унинг бу ҳолидан фойдаланмоқчи бўлган Шатра вилояти рана (шоҳ) си Жалолиддин Мангубердига хужум қилган. Жалолиддин Мангубердининг мерганлик билан отган камон ўқидан рана ҳалок бўлади, қўшини эса пароканда бўлиб қочади. Жалолиддин Мангуберди катта ўлжани қўлга киритади.
Бу ғалабадан сўнг Синд, Учча, Мўлтон, Лоҳур ва Пешовар ҳокими Носириддин Қубача (1205—27)нинг Нандана ва Сакундаги ноиби Қамариддин Кармоний Жалолиддин Мангубердига ўзини хайрихоҳлигини изҳор этиб, совға-саломлар жўнатган. Ғиёсиддин Пиршоҳ ажралиб кетган амирлардан Санжоқонхон, Элчи паҳлавон, Ўрхон, Сойирча, Текжоруқ Хонкишилар ўз лашкарлари билан келиб Жалолиддин Мангубердига қўшилдилар. Жалолиддин Мангуберди Калор шаҳри, Паросравар, Тарнуж қалъаларини қўлга киритди. Мулкларининг катта қисмидан ажралган Қубача 10 минг отлиқ қўшини ҳамда мамлуклар сулоласидан бўлган Деҳли султони Шамсуддин Элтутмишдан олган қўшимча куч билан Жалолиддин Мангубердига қарши жанг қилган, бироқ мағлубиятга учраган, унинг хазинаси, қурол-яроғлари ўлжа тушган. 1222-йил Чингизхон Жалолиддин Мангуберди изидан Тўрбай Тўқшин ва Бола нўённи 20 минглик қўшин билан жўнатади. Лекин улар Мўлтонга қадар бориб, шаҳарни ололмай, жазирама иссиққа дош беролмай қайтишади. Жалолиддин Мангуберди ўзига қарши мўғул қўшинлари жўнатилгани хабарини Паросравар қалъасини олгандан сўнг эшитган. Жалолиддин Мангуберди Мўлтон томон йўл олиб Қубача мулкларидан Учча, Садусан, Хатисор, Девал ва Дамрилларни қамал қилади, қўшини учун туялар зарурлиги туфайли Гужарот вилояти маркази Наҳрвалга Хосхон бошчилигида қўшин жўнатади. Шамсуддин Элтутмиш Жалолиддин Мангуберди устига катта қўшин (30 минг отлиқ, 100 минг пиёда, 300 та фил) тортади. Жалолиддин Мангуберди мардонаворлик билан рақибига қарши чиқади. Жалолиддин Мангубердининг Ўзбек Той Жаҳон Пахлавон қўмондонлиги остидаги илгори Элтутмиш илғори билан тўқнашиб рақибидан устун келади. Элтутмиш Жалолиддин Мангуберди ҳузурига элчисини юбориб сулҳ сўрайди.
Жалолиддин Мангуберди Ҳиндистонда ўз номидан кумуш ва мис тангалар зарб қилади, унга тобе ҳинд мулкларида унинг номи хутбага қўшиб ўқилган. Бироқ вазият борган сари мураккаблашиб бормодқа эди. Элтутмиш, Қубача, шунингдек, Ҳиндистоннинг бошқа вилоят ҳокимлари ўзаро тил бириктириб Жалолиддин Мангубердига қарши иттифоқ тузмоқчи эканликлари аён бўлиб қолди. Жалолиддин Мангубердининг икки лашкарбошиси Язидак паҳлавон ва Сунқуржиқ Тойсилар хиёнат қилиб Элтутмиш томонига ўтганлар. Қийин вазиятдан қутулиш учун Жалолиддин Мангуберди ҳарбий кенгаш чақирган. Амирларнинг кўпчилиги Ироқ томон юриш қилиб, уни Ғиёсиддин Пиршоҳдан тортиб олишни таклиф қилади. Ироқда сиёсий парокандалик ҳукм сурарди. Ироқ томон кетишга қарор қилинди. Жалолиддин Мангуберди ўзининг Ҳиндистонда забт этган мулкларига Ўзбек Той Жаҳон Пахлавонни, Ғур ва Ғазни вилоятларига Ҳасан Қарлуқни ноиб сифатида қолдириб, Ироққа йўл олган. Чўлу биёбонларни кесиб ўтишда Жалолиддин Мангубердининг кўп жангчилари нобуд бўлган, ниҳоят у 4 минг жангчиси билан Кирмонга етиб келган. Ғиёсиддин Пиршоҳнинг Кирмондаги ноиби Бароқ ҳожиб Жалолиддин Мангубердига тобелик изҳор қилади. Шундан сўнг Жалолиддин Мангуберди Форс вилояти маркази Шерозга келган. Форс ҳокими отабек Саъд ибн Зангий ва Язд хокими отабек Ал-уддавла ибн Тўғоншоҳ унга тобелик билдиришади. Жалолиддин Мангуберди Исфаҳонга келганда аҳоли уни катта тантана билан кутиб олади, қўшини қурол-аслақа билан таъминланади. Бу ҳол Ғиёсиддин Пиршоҳга ёқмайди, у акасига қарши 30 минг отлиқ қўшин билан йўлга чиқади. Бироқ Жалолиддин Мангуберди унга совғасаломлар билан мирохур Одекни элчи сифатида жўнатган ва ўзаро низони тинчлик билан ҳал этган. Қўшин бошлиқлари Жалолиддин Мангуберди томонига ўтган. 1225-йил Жалолиддин Мангуберди Озарбайжонга юриш қилади. Сўнг Бағдодга қарши юришга ҳозирлик кўради. Халифа Носирга элчи жўнатиб, мўғулларга қарши бирлашишга чақирди. Бунга жавобан Халифа Жалолиддин Мангубердига қарши ўзининг мамлуки амир Жамолиддин Қуштемур бошлиқ 20 минглик қўшинини жўнатди. Басра яқинидаги жангда Халифа қўшинлари тор-мор келтирилди. Халифа Бағдод мудофааси билан машғул бўлади. Жалолиддин Мангуберди Бағдод атрофида 12 кун тургач, Озарбайжон томон кетади. Озарбайжон ва Аррон отабеги Ўзбек ичкилик, маишатга берилиб давлат ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган эди, давлатни амалда унинг хотини Малика хотун бошқарарди. 1225-йил майда Жалолиддин Мангуберди Мароға шаҳрини жангсиз қўлга киритади. Дамашқ, Эр-бил ҳокимлари у билан иттифоқ тузишга рози бўладилар. Отабек Ўзбек Табризни ташлаб Ганжага, сўнг Алинжо қалъасига қочиб ўша ерда вафот этади. Жалолиддин Мангуберди Табризни 1225-йил 25-июлда эгаллади. Султоннинг иккита хос мулозими – Тожиддин Қилич ва Бадриддин Ҳилол бўлиб улар Малика муҳофазаси учун юборилади. Улар Малика И мулозимлари, яқинлари, канизаклари, мол Мулки билан бирга Хой шаҳрига кўчиради. Жалолиддин эса Табриз шаҳрига кириб келиб ўз бошқарувини ўрнатади. Султон Табриздалигида унга Малика томонидан бир гуруҳ аёллардан иборат совчилар келади. Улар Маликани Жалолиддинга турмушга чиқиш нияти борлигини ва эри Отабек Ўзбекни ажаршганлигини билдиради. Султон бир шарт билан – агар Малика эридан ажаршганлигини исботласа унга уйланиаҳини айтади. Табризга яқин ҳудудлар, хусусан, Варзукон қозиси ҳам Отабек Ўзбек Маликани талоқ қилгани ҳақида тасдиқлашади. Табриз қозиси бўлган фақиҳ фиқҳ олими Издиддин Казвиний Отабек Ўзбек ва Маликани эр – хотинликдан чиққанлиги тўғрисидаги ҳукмни эълон қилади. Шундан кейин Жалолиддин Мангуберди Малика хотунга уйланади. У маликага тўй совғаси сифатида Хойдан ташқари Яна икки шаҳар Солмас – Урмияни (Бу ҳудудлар ҳам Жанубий Озарбайжонда бўлган) ҳам мулк қилиб берган. Табризда бир неча кун тургандан сўнг ўз қўшинини Грузия томон бошлайди. 1225-йил августда Гарни қалъаси яқинида гуржиларнинг Иване Мҳаргодзели бошлиқ 60 минглик қўшинини тор-мор келтиради ва Тифлисга қараб юради. Грузия маликаси Русудана Кутаисига кўчиб ўтган. Жалолиддин Мангуберди Двин, Лори шаҳарларини эгаллайди, Сурмари шаҳри ҳокимлари ўз тобеликларини билдиришган.
1227-йил сентабрда Исфаҳондан 30 чақирим шарқдаги Син қишлоғи яқинида Жалолиддин Мангуберди мўғулларнинг Тайнол нўён бошлиқ қўшинини енгган. Тайнол нўён Жалолиддин Мангуберди ҳақида: „Замонасининг ҳақиқий баҳодири экан, ўз тенгқурларининг сарвари экан“, деган. Жалолиддин Мангубердининг Кўния султони Алоуддин Кайқубод, Жазира ҳокими ал-Малик ал-Ашраф Музаф фариддин Мусо, Дамашқ ҳокими ал-Малик ал-Муаззам Шарафиддин Исо ва Миср ҳокими ал-Малик ал-Комил Муҳаммадга номалар ёзиб, уларни мўғулларга қарши курашиш йўлида бирлаштириш йўлидаги хатти-ҳаракатлари беҳуда кетди. Устига устак Алоуддин Кайқубод мухолиф кучларни Жалолиддин Мангубердига қарши бирлаштиришга муваффақ бўлди. 1230-йил 10-августда Арзинжон яқинидаги жангда Жалолиддин Мангуберди кучлари мағлубиятга учради. Жалолиддин Мангубердининг кучсизланганидан фойдаланган мўғуллар катта қўшин билан Озарбайжонга бостириб кириб Мароға, Табризни эгаллаб (1231-йил), Жалолиддин Мангубердини таъқиб этишган. Маёфариқин вилоятидаги қишлоқлардан бирида мўғуллар тунги ҳужум натижасида Жалолиддин Мангубердининг оз сонли қўшинини тор-мор келтирадилар, Жалолиддин Мангубердини ўзи эса таъқибдан қутулиб Курдистон тоғларига чиқиб кетган. Бу ерда қароқчи курдлар қўлига асир тушиб, 1231-йил август ойининг ўрталарида фожиали ўлдирилган. Шаҳобиддин Ғозий султоннинг тоғаси „ Ҳақиқатдан ўлдирилган Жалолиддинмиди?“ – деб сўрайди. Майитни олиб келиб кўрсалар, рост шу бўлади. Жалолиддин Мангуберди жасади тундра Маяфориқин яқинига кўмишади ва қабри мўғуллар томонидан таҳқирланмаслиги учун текислаб ташлашади. Жалолиддин Мангубердининг ўлими ўша давр муаррихларининг тилида айтганда „ йўлбарс (Чингизхон назарда тутилган) чангалидан омон чиққан арслон чиябўри қўлида жон берди“ – дея таърифлашган. Жалолиддин Мангуберди ҳақида унинг шахсий котиби, тарихчи Насавий шундай ёзади: „Жалолиддин қорачадан келган, ўрта бўйли, турк лафзли одам эди. Форс тилини ҳам яхши биларди. Унинг ботирлигига келганда шуни айтиш керакки, султон арслонлар орасидаги энг кучли шер эди. Бир сўзли, кек сақламайдиган, очиқ кўнгил, тўғри одам эди. У жиддий шахс эди. Ҳеч қачон кулмасди. Жуда нари борса, жилмайиб қўярди. У адолацизликларни ёмон кўрарди. Жалолиддин ўта қатъиятли, ниҳоятда иродали, мураккаб вазиятларда, тақдирнинг қалтис синовларида ўзини йўқотиб қўймайдиган фавқулодда мард ва ботир саркарда эди“.
Вафоти
Жалолиддин кўп йиллар давомида Чингизхон қўшинларига қарши муваффақиятли курашди, аммо мўғулларга бирлашган қаршилик фронтини ташкил эта олмай, Курдистон тоғларида ҳалок бўлди. Аламут ҳукмдори орқали мўғуллар Жалолиддин яқинда бўлган мағлубиятдан заифлашганини билиб олдилар. Ўша йили Чўрмағон бошчилигидаги ўттиз минглик мўғул қўшини Жалолиддинни осонликча енгиб, Шимолий Эронни эгаллади. Хоразмшоҳ Ганжага чекинди. Мўғуллар эргашиб Арранни эгаллаб олишди. Жалоладдин Маяфарикин тоғларида паноҳ топди ва шу йилнинг август ойида у салжуқийлар томонидан ёлланган номаълум босқинчи томонидан ўлдирилган.
Жалолиддин Мангуберди хотираси


Ўзбекистонда Жалолиддин Мангуберди миллий қаҳрамонлар қаторига киради. Академик Василий Бартолднинг фикрича, хоразмшоҳлар миллати жиҳатидан ўзбеклар ҳисобланган[3][4].
1999-йилда Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги кенг нишонланди. Ўзбекистонда унга бир нечта ҳайкаллар ўрнатилган, Хоразм вилоятида Жалолиддин Мангубердига бағишланган мемориал мажмуа барпо этилган. 2022-йил 29-август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Хоразм вилоятида ёдгорликни тантанали равишда очиб берди[5].
1999-йилда Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллигига бағишланган 25 сўмлик эсдалик тангаси зарб этилди[6].
2000-йил 30-августда „Жалолиддин Мангуберди“ ордени таъсис этилгган. Орден низомига кўра, у мамлакат мустақиллиги ва чегаралари дахлсизлигини ҳимоя қилишда ҳарбий истеъдод, мардлик ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатган, шунингдек, давлатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган қўмондонлик таркибидаги ҳарбий хизматчиларни тақдирлаш учун берилади. 2003-йил 22-августда Хоразм вилояти ушбу орден билан мукофотланган.
Маданиятда
- Жалолиддин улуғлаш совет давридан бошланган бўлиб, у Василий Яннинг 1939-йилда нашр этилган „Чингизхон“ романи ва „Мардлик қанотларида“ қиссасининг асосий қаҳрамонларидан бири ҳисобланади.
- Жалолиддин Мангуберди шарафига Ўзбек Миллий академик театри саҳнасида „Жалолиддин Мангуберди“ спектакли саҳналаштирилган[7].
- Григол Абашидзенинг „Узун тун“ романининг қаҳрамонига айланган.
- Исай Калашниковнинг „Шафқациз аср“ романининг персонажи бўлган.
- Жалолиддин Мангуберди Хитойнинг „Чингизхон“ сериалида иккинчи даражали қаҳрамон сифатида ҳам тасвирланган.
- 2015-йил апрел ойида Туркманистон президенти иштирокидаги тадбирда Туркманистон халқ рассоми Сарагт Бабаев „Жалолиддин Мангбурни“ деб номланган энг яхши ҳайкал учун мукофотга сазовор бўлган[8].
- 2017-йилда О. Назарбеков иштирокида Жалолиддин Мангбурнига бағишланган „Мендирман“ номли мусиқий клип суратга олинган[9].
- Ўзбек гуруҳи „Сетора“нинг „Аждодлар руҳи“ номли клипи[10]
- Жалолиддин Мангуберди „Кулдан қайта тирилган“ ўзбек филмида қисқа эпизодларда намоён бўлади[11]
- Режиссёр Меҳмет Боздағ томонидан Жалолиддин Мангуберди ҳақида „Мендирман Жалолиддин“ номли турк-ўзбек сериали суратга олинган. Биринчи қисмнинг премераси 2021-йил феврал ойига мўлжалланган эди[12]
- 2021-йил сентябр ойида Туркманистоннинг Бош драма театри Жалолиддин Мангубердига бағишланган „Жалолиддин Султон – Ватанимизнинг мангу фахри“ номли спектаклни саҳналаштирган[13].
Манбалар
- ↑ Шихаб ад-Дин Мухаммад ибн Ахмад ан-Насави. Сират ас-султан Джалал ад-Дин Манкбурни: (Жизнеописаниэ султана Джалал ад-Дина Манкбурни). Критич. текст, пер. с араб., предисл., коммент., примеч. и указатели З. М. Буниятова. М.: Издателская фирма „Восточная литература“ РАН, 1996. С. 51.
- ↑ Шихаб ад-Дин Мухаммад ибн Ахмад ан-Насави. Сират ас-султан Джалал ад-Дин Манкбурни: (Жизнеописаниэ султана Джалал ад-Дина Манкбурни). Критич. текст, пер. с араб., предисл., коммент., примеч. и указатели З. М. Буниятова. М.: Издателская фирма „Восточная литература“ РАН, 1996, с.288
- ↑ "…Храбростю и мужеством узбекская воэнная знат, по признанию акад. В. В. Бартолда, превосходила воинов Чингиз-хана, коториэ во время войни с хорезмшахом вовсе не проявили личного героизма." См. Петрушевский И. П. „Рашид ад-Дин и его исторический труд“, . Рашид ад-Дин. Сборник летописей. Том 1. Книга 1. М.-Л.: Изд. АН СССР, 1952 — 7–37-бет. ИСБН 978-5-458-71716-8.
- ↑ В.В. Бартольд. „Туркестан в эпоху монгольского нашествия“ часть ИИ, стр. 451 (1964). 2021-йил 4-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 7-март.
- ↑ Президент открил новий памятник Джалаладдину Мангуберди в Ургенче. Газета.уз Wайбаcк Мачинедаги асл нусхадан архивланган архив нусхаси. (30-август 2022-йил)
- ↑ Георге С. Cуҳаж – 2012 Стандард cаталог оф wорлд cоинс (1901—2000) (39тҳ эдитион)
- ↑ Сообщэниэ о спектакле Wайбаcк Мачинедаги асл нусхадан архивланган архив нусхаси. (4-август 2020-йил), на сайте Министерства култури Республики Узбекистан (2.3.20)(ўзб.)
- ↑ „Президент Туркменистана принял участие в торжествах, посвящённых Празднику туркменского скакуна“ (деадлинк). 2018-йил 10-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2018-йил 9-июл.
- ↑ „Озодбек Назарбеков — Мендирман | Озодбек Назарбеков – Мендирман – ЁуТубе“. 2019-йил 24-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2018-йил 16-март.
- ↑ Сетора - Аждодлар руҳи ЁуТубеда
- ↑ Филм „Возрожденний из пепла“ на русском язике
- ↑ Трейлер сериала на узбекском язике
- ↑ „Джелалетдин Султан – вечная гордость Отчизны“ (ру). туркменистан.гов.тм (2021-йил 24-сентябр). 2021-йил 18-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 18-ноябр.
Адабиётлар
- Шаҳобиддин Муҳаммад Насавий. Султон Жалолиддин Мангуберди./ Камол Матёқубов таржимаси. Тошкент, 1999-йил.
- Туркманистоннинг тарихий-маданий мероси: энсиклопедик луғат. Истанбул: УНДП, 2000. ИСБН 975-97256-0-6.
- Бартолд В. В. Мўғул босқини даврида Туркистон. – М., 1963.
- Буниётов З. М. Хоразмшоҳлар-Ануштегинийлар давлати. – М., 1986.
- Доманин А.А.. Жасорат қанотларида - Қўрқмас, оловқалб, мард Жалолиддин Мангуберди ҳақида. М.: Ҳақиқат, 1988.
- Доманин А.А.. Чингизийлар Мўғул империяси. Чингизхон ва унинг ворислари. М.: Марказлаштирувчи полиграф, 2005. ИСБН 5-9524-1992-5.
- Турк шоири ва ёзувчиси Номиқ Камолнинг „Жалолиддин Хоразмшоҳ“ асари асосида тайёрланган беш қисмли телевизион спектакли(Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон таржима ва ссенарий муаллифидир).
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- Silvan (Diyorbakir)da vafot etganlar
- Qirollik bilgiqutisida nomaʼlum parametrlar qoʻllangan sahifalar
- 1198-yilda tugʻilganlar
- Turkmanistonda tugʻilganlar
- Xorazmda tugʻilganlar
- 1231-yilda vafot etganlar
- Diyarbakır viloyatida dafn etilganlar
- Anushteginiylar
- Xorazmshohlar
- Xorazmshohlar davlati hukmdorlari
- Xorazm hukmdorlari
- Milliy qahramonlar
- Oʻrta asr sarkardalari
- Turkmanistonning tarixiy va madaniy merosi
- Sultonlar