Jinoyat
Жиноят — жиноят қонунида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракацизлик). Муайян қилмишни жиноят деб ҳисоблаш масаласи ҳар бир давлатда ўзининг ижтимоий тузуми, аҳолининг турмуш тарзи, миллий хусусиятлари, урф-одатлари, анъаналарига мувофиқ халқаро ҳуқуқ меъёрлари эътиборга олинган ҳолда ҳал этилади.
Қилмиш жиноят эканлигини аниқлаш учун қуйидаги умумий белгилар назарга олинади:
- қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги;
- айбнинг мавжудлиги;
- жазога сазоворлиги.
Ҳар қандай жиноий қилмишда мазкур белгиларнинг барчаси бирданига мавжуд бўлиши шарт, улардан бири мавжуд бўлмаса, қилмишни жиноят эмас, деб ҳисоблашга асос топилади.
Турлари
Жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра:
- ижтимоий хавфи катта бўлмаган;
- унча оғир бўлмаган;
- оғир;
- ўта оғир жиноятларга бўлинади.
Жиноятлар тажовуз объектига кўра, шахсга қарши жиноят, иқтисодиёт соҳасидаги жиноят, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноят, давлат ҳокимиятига қарши жиноят, экология соҳасидаги жиноят, ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши жиноят, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятга бўлинади.
Айбнинг шаклига кўра эса қасддан содир этилган жиноят ва эҳтиёцизлик орқасида содир этилган жиноятга бўлинади.
Жиноий жавобгарликдан озод этувчи ҳолатлар
Шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракацизлигини ва бундан келиб чиқадиган жиноий оқибатни англаган, ўз ҳаракатларини бошқара оладиган бўлсагина қилмиши жиноят ҳисобланади. Субект ёшига етмаган ва ақли норасо шахслар томонидан содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш жиноят саналмайди ва уларга нисбатан жиноят қонунида назарда тутилган мажбурлов чораларини қўллаш мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида қилмишнинг жиноийлигини истисно этадиган ҳолатларнинг қуйидаги 6 тури белгиланган:
- кам аҳамиятли қилмишлар;
- зарурий мудофаа;
- охирги зарурат;
- ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказиш;
- буйруқ ёки бошқа вазифаларни ижро этиш;
- касб ёки хўжалик фаолияти билан боғлиқ асосли таваккалчилик (36—41-моддалар).
Мазкур ҳаракатлар туфайли келиб чиққан оқибатлар жиноий оқибат ҳисобланмайди, қилмиш ҳам жиноят саналмайди.
Омиллари
Алоҳида олинган муайян бир жиноят ва умуман жиноятчилик содир этилишига таъсир кўрсатувчи ижтимоий омиллар, ходисалар, жараёнлар бўлади. Жиноят сабаблари ўрганилаётганда ана шулар ҳисобга олинади. Жумладан, биринчидан шахснинг ўзи, унинг дунёқараши, қизиқишлари, жамият ва давлатга, ён атрофидаги кишилар ва оилага муносабати, унда салбий сифатларнинг шаклланиши ва кучайиши; иккинчидан — шахс тарбияланган, вояга етган оилавий ва ижтимоий муҳит; учинчидан — жиноят содир этилган вақтдаги шароит, вазиятга эътибор берилади.
Мамажон Усмоналиев.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |