Каъба (арабча: الكعبة‎‎ ал-каʿба) — Иброҳим Халилуллоҳ А.С ва ул зотнинг ўғиллари Исмоил А.С томонларидан қурилган. Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Масжид ал-Ҳарам масжидининг ичида жойлашган Ислом динидаги муқаддас масжид ва бинодир... Масжид дастлабки Каъба атрофида бунёд этилган. Каъба Ислом оламида энг муқаддас жой ҳисобланади. Қибла, мусулмонлар намоз вақтида юзланадиган жой Каъбадир. Мусулмонлар тарафидан амалга ошириладиган Ҳаж ва Умра Каъба атрофида амалга оширилади. Ал-Ҳарам масжидининг майдони Каъба билан қўшиб ҳисобланганда 193 000 кв.м ташкил қилади. Масжид бир вақтнинг ўзида 130 минг мусулмонни ўз бағрига сиғдира олади. Ҳаж ибодати мавсумининг одамлар тўпланиб юрадиган вақтида бир неча бор кўнгилсизликлар юз берган. Вақт ўтиши билан зиёрат амаллари кучли тартиб остида қилинмоқда. Каъбанинг бир бурчагидан Қора тош жой олган. Ҳаж амаллари пайтида Каъбанинг атрофида Тавоф амали бажарилади. Каъба бутун дунё мусулмонлари учун намоз вақтида Қибла вазифасини ўтайди. Каъба 5 мартадан 12 мартагача реконструксия қилинган. Мусулмон ривоятларида келтирилишича Каъба Одам алайҳиссалом томонидан қурилгани айтилади. Қур’онда келтирилишича эса Каъбага Иброҳим алайҳиссалом асос солган. Қур’онда айтилишича Каъба инсоният томонидан Аллоҳга ибодат қилиш учун бунёд этилган биринчи иншоотдир.Каъба (араб. — куб) — ислом динининг энг муқаддас ибодатхонаси, мусулмонларнинг бош саждагоҳи. Саудия Арабистонининг Макка ш.да. Байтул Ҳаром (Муқаддас уй), Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи) деб ҳам юритилади. Уни зиёрат қилиш — ҳаж ва умранинг асосий амалларидан бири.

Каъба Ҳарам масжиди (қаранг ал-Масжид ал-Ҳаром)нинг марказида жойлашган, бал. 15 м ва пойдевори 12х10 м ўлчамда тошдан қурилган бино; меъморий ёдгорлик. Каъба бурчаклари тахминан дунё томонлари йўналишида жойлашган. Шарқий бурчаги асвод рукни („қора бурчак“) ёки оддий рукн деб аталади. Унга ердан тахминан 1,5 м баландда токча қилиниб, „қора тош“ (арабча „ҳажар ал-асвод“) жойланган. У Каъбадаги асосий тавоф қилинадиган нарса, ер юзидаги одамларга Аллоҳ томонидан юборилган, Аллоҳ қудратининг белгиси ҳисобланади. Ҳоз. вақтда у бир-бирига қўшилиб кетган қора-қизғиш тусдаги уч синикдан иборат; метеорит деган тахмин бор. Шим. бурчаги Ироқ бурчаги, ғарб бурчаги — Сурия бурчаги, жан. бурчаги эса — Яман бурчаги деб аталади. Каъбага қора мато (кисва) қоплаб қўйилади, матога олтин ва кумуш ҳарфларда хошия қилиб Каъба ва ҳажга тааллуқли оятлар ёзилган. Шим.-шарқий деворда 2 м ча баландликда ўйма нақш билан безатилган кумуш занжирли эшик бор. Каъбага чиқиладиган ғилдиракли зинапоя ўйма нақш билан, кумуш қоплаб жозибадор безатилган. Каъба ичкарисида учта устун бўлиб, кўпдан кўп чироқ осилган, совға қилинган Қуръон нусхалари сақланади. Шим.ғарбий деворнинг томидан тилла суви югуртирилган тарнов кўриниб туради, у алмизоб ёки мизоб ар-раҳма деб аталади. Шу тарнов билан ғарбий бурчак оралиғи қибла ҳисобланади. Каъбани тош ётқизилган йўлка ўраб туради. Бу йўлкадан зиёратчилар юриб айланиб ўтишади (тавоф қилишади). Эшик рўпарасида Иброҳим мақоми бор, у тош иншоот бўлиб, Каъбани тиклаётганда Иброҳим (алайҳиссалом) шу тошда турган дейдилар. Тошда одам излари кўринади. „Қора тош“ яқинида муқаддас Замзам булоғи бор.

Каъба исломдан илгари ҳам араб қабилаларининг муқаддас ибодатхонаси ҳисобланган, унда қабила худоларининг 360 санами сақланган. Ҳар йили араб қабилалари Каъбага ҳаж қилишга келиб турганлар. Ҳаж қилиш одати кейинчалик исломга ҳам ўтган.

Каъба ибодатхонасининг қурилиши ҳақида турли ривоятлар бор. Айтишларича, Одам Ато Байтуллоҳни бунёд этган, кейин унинг ўғли Шис қурган. Тўфон пайтида Каъба ҳавога кўтариб қўйилган. Кейин яна бузилган. Иброҳим (алайҳиссалом) Маккага ўз ўғли Исмоилни олиб келганда Аллоҳ унга Каъба пойдеворини тиклашни буюрган. Иброҳим Аллоҳ амрини бажарган ва Аллоҳга сиғинувчи барча одамларга уни зиёрат қилишни васият этган. Каъбага кейин Макканинг журҳум, хуза, қурайш қабилалари навбатма-навбат қараб туришган. Каъба бир неча бор сел ва тошқинлардан зарар кўрган. Ривоят қилишларича, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ерда таъмирлаш ишларида қатнашган ва ўша вақтда биринчи бор унга ваҳий келган.

Каъба Ясриб (Мадина)да қибла деб эълон қилингач (бунгача Қуддусга қараб ибодат қилинар эди), унинг аҳамияти жуда ошиб кетди. Каъба исломнинг дин сифатида шаклланишида катта рол ўйнади. Каъбани динсизлардан озод қилиш ва уни санамлардан тозалаш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиммаларига тушди, унгача бу вазифани Иброҳим (алайҳиссалом) бажарган эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчилигидаги мусулмонлар 629-йил Маккага кичик ҳаж қилишди, 630-йил Маккани эгаллашди ва Каъба атрофидаги санамлар, унинг ичидаги Хубал деб аталган бутни, ёзувларни йўқ қилишди. Шу йили Абу Бакр (ра) раҳбарлигида биринчи ҳақиқий мусулмон ҳажи адо этилди. Бутпарастларга ҳаж қилиш ман этилди. 631-йилда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги марта ҳаж зиёратчиларига бошчилик қилдилар.

Халифа Умар (розиаллоҳу анҳу) даврида Каъба ёнидаги уйлар бузиб ташланди ва унинг атрофида Ҳарам масжиди қурилди. 683-йилда Каъбани умавий қўшинлари ўққа тутди. Кейин у қайта тикланиб, кенгайтирилди. 929-йил Маккани қарматлар босиб олди ва „қора тош“ни олиб кетишди. Орадан 20-йил ўтгач, бу тошни қайтариб олишга муваффақ бўлинди. Аста-секин Каъба теварагида турли иншоотлар, жумладан, асосий мусулмон мазҳабларининг минбарлари тикланди. Улар саудий ҳукмдорлар ХХ асрнинг 50—60-й.ларида олиб борган катта таъмирлаш вақтида олиб ташланди. 1980-йил Маккадаги масжид ва Каъбани бир гуруҳ экстремист исёнчилар босиб олди. 2 ҳафтадан сўнг масжид тозаланиб, исёнчилар тор-мор қилинди.

Каъба бутун дунё мусулмонларининг энг муҳим маркази ва бирлиги рамзи бўлиб келди, ҳозир ҳам шундай бўлиб турибди. Ислом динидаги барча оқимлар унинг муқаддаслиги ва алоҳида ролини тан оладилар. Ҳар йили дунёнинг ҳамма чеккаларидан мусулмонлар ҳаж ибодатини адо этиш учун бу ерга келадилар.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил