Каракатица (Сепиа) — ўн оёқлилар туркумига мансуб бошоёқли моллюскалар уруғи. Танаси чўзиқ, уз. 8,3 мм дан 50 см гача, вазни 10–12 кг гача. Икки ёнида жияксимон сўрғичлари бор. Пайпаслагичлари 10 та, уларнинг иккитаси бошқасига нисбатан узун, учки қисми кенгайган бўлиб, ўлжани тутиш учун хизмат қилади. Чап қорин пайпаслагичи гектакотиллашган. Бу пайпаслагичи ёрдамида эркаги ўзининг сперматофораларини урғочисининг мантия бўшлиғига киритади. Чиғаноғи танасининг орқа томонида мантияси остида жойлашган. Хавф туғилганда сиёх. халтачасидан чиқадиган қора суюқлик (сепия) ёрдамида сувни лойқалатиб душманини чалғитади. Тухумларини сув остида ўсимликларга биттадан ёки бир нечтадан ёпиштириб қўяди. К. сув тубида ҳаёт кечиради, танасининг рангини атрофидаги нарсаларга мос қилиб ўзгартириш хусусиятига эга. К. тропик ва илиқ сувли денгизларда 200 м гача чуқурликда тарқалган. К.нинг 90 га яқин тури маълум. Гўшти истеъмол қилинади; сиёҳи қимматбахр бўёқ сифатида, чиғаноғи қолдиғи металл ва ёғочдан ишланган буюмларга сайқал беришда, атир-упа саноатида ва тиббиётда доривор модда сифатида қўлланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил