Karmana
Кармана — Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Кармана туманидаги шаҳарча (1979-йилдан шаҳар мақомида бўлган, 2003-йилдан шаҳарча мақомида[1]), туман маркази. Вилоят марказидан 3 км ва яқин темир йўл стансияси (Навоий) дан 8 км масофада жойлашган. Маҳаллий тилда баъзан „Эски шаҳар“ деб юритилади.
Кармана | |
|---|---|
| шаҳарча | |
| Мамлакат | Ўзбекистон |
| вилоят | Навоий вилояти |
| туман | Кармана тумани |
| Ҳукумат | |
| Илк эслатилиши | 712-йил |
| Расмий тил(лар)и | ўзбек |
| Аҳолиси | 20 816 |
| Миллий таркиб | ўзбеклар, татарлар, корейслар, руслар, яҳудийлар, лўлилар |
| Вақт минтақаси | УТC+5 |
| Телефон коди | +998 79 532; |
| Почта индекс(лар)и | 210603, 210604, 210612 |
| Автомобил коди | 85-89 |
| Викиомборда „Кармана“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |
1926-йил 29-сентабрдан 1958-йилгача Кармана тумани, 1958-йилдан 2003-йилгача Навоий тумани, 2003-йил 27-декабрдан Кармана тумани маркази.
1968-йил 21-ноябрдан Бухоро вилояти таркибидаги шаҳар посёлкаси. 1982-йилгача Бухоро вилояти, 1983—1989-йиллар янги ташкил қилинган Навоий вилояти, 1989—1992-йиллар яна Бухоро вилояти (бу йиллар оралиғида Навоий вилояти тугатилган), 1992-йилдан қайта ташкил қилинган Навоий вилояти таркибида, 1999-йилда туман мақомида Навоий шаҳри таркибига қўшиб юборилган[2]. 2003-йил декабрда Навоий шаҳри таркибидан чиқарилиб, Кармана тумани маркази этиб белгиланган[1]. Аҳолиси — 20 816 кишини ташкил этади (2004).
Кармана шаҳарчасида Кармана туман ҳокимияти биноси, пилла қурти уруғи заводи („Грен завод“), туман корхона ва ташкилотлари, автовокзал, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатади. 4 умумий таълим, мактаб-интернат, санъат мактаблари, 2 касб-ҳунар коллежи, Кармана туман марказий кутубхонаси, маданият саройи, „Ёшлик“ маданият ва истироҳат боги, спорт мажмуаси, „Кармана овози“ газетаси таҳририяти, деҳқон бозори, марказий поликлиника мавжуд. Навоий вилоят тарихий-ўлкашунослик музейи ва Навоий вилоятининг марказий „Мотамсаро она“ ҳайкали айнан Кармана шаҳарчасида жойлашган.
Аввал Кармана шаҳарчаси марказида Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилган, кейинчалик олиб ташланган (2000-йиллар), олдин ҳайкал бўлган жойга 2019-йил флагшток ўрнатилган, унга Ўзбекистон байроғи илинган.
Кармана темир йўл ва автомобил йўллари орқали Нукус, Урганч, Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар билан боғланган.
Бухоро амирлиги даврида Кармана беклигининг маркази бўлган. Шаҳарда Қосим Шайх ва Мир Саид Баҳром тарихий меъморий обидалари ва Бухоро амирлиги ҳукмдори Абдулаҳадхоннинг ёзги саройи қолдиқлари сақланиб қолган.
Номланиши ва этимологияси
Кармана Буюк ипак йўлида жойлашган Мовароуннаҳрнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб[3], унинг номи, бунёд бўлиши, йиллар давомида тараққий топиши ҳақида қизиқарли тарихий маълумотлар, афсона ва ривоятлар мавжуд[4]. „Кармана“ атамаси уч компонентли топоним ҳисобланиб, у сўз боғловчи суффикс морфема „кар“/"ҳар"/"кал", субстрат ўзак „ман“/"мин" ва ном ясовчи топоформант „а“ бирикмасидан келиб чиққан. Баъзи тарихчилар атама морфемаси („кар“) халқ тилида „ҳар“ баъзида „кал“, „қал“ шаклида қўлланиши натижасида Бухоро воҳасида „Харкон“, „Харқон“, „Харжон“, „Қалқон“ каби номлар келиб чиққан деб ҳисоблайди[5].
„Кармана“ топонимидаги „ман“ сўзи суғдийча бўлиб, „сарой“, „кошона“, „қароргоҳ“ маъноларини англатган. Бу фикрга асосланган тарихчилар топонимнинг асл шакли „Кармана“ эмас, балки „Харман“ ёки „Хармана“ бўлиб, бу сўз „катта сарой“, „ҳашаматли кошона“, „олий қароргоҳ“ маъноларини англатиши ҳақида фикр билдирганлар[6].
Айтилишича қадим вақтларда Карманани „Бодяйи хўрдак“ („Даштдаги кўзача“) деб атаганлар[4], араб тилидан олинган бодия сўзи икки хил маънони англатади, биринчи маъноси „кўза“, „қумғон“ бўлса, иккинчиси „дашт“, „биёбон“дир. Шундан келиб чиқиб айрим тарихчилар „Бодяйи хўрдак“ жумласини „Кичик чўл“, „Кичкина дашт“ маъносида қўллайдилар[7][8].
Кармана айрим ёзма манбаларда „Карманая“, „Кармина“ ва „Хариманакат“ („катта манзилли шаҳар“) шаклида ҳам учрайди[9].
Айрим тарихчилар „Кармана“ атамаси „Ҳар-миёна“ жумласидан олинган бўлиб, у суғдча „ҳар“ — катта, улуғ, „миёна“ — ўртаси („Катта йўлнинг ўртаси“) деган маънони англатиши ҳақида ёзганлар[10].
Номланишига оид афсоналар
Кармана номланишига оид бир қанча афсоналар бизгача етиб келгандир. Афсоналардан бирида айтилишича, қадимда ушбу шаҳар бекларидан бирининг Амина исмли қизи кар бўлиб қолади. Қизни энг яхши табиблар ҳам даволай олишмайди. Бир куни бир табиб бекка қизингизни баланд жойга ўтқизиб қўйинг, атрофига кўп одамларни тўпланг, одамлар „кар Амина“, „кар Амина“ деб бақирсинлар, шунда қизингиз уялганидан таъсирланиб, қулоғи очилиб кетади, деб маслаҳат беради. Бек табиб айтган ишни қилади, қиз бу таҳқирдан таъсирланиб, соғаяди, қулоқлари эшита бошлайди. Гўё, „кар Амина“ ибораси кейинчалик ўзгаришга учраб, „Кармана“га айланиб кетади[11].
Бошқа бир афсонага кўра, Искандар Зулқарнайн (Александр Македонский) жуда кўп жойларни забт этади. Бухоро ерларига келганида Нурота тоғлари орқали Зарафшон дарёси томонга келаётиб, баланд қир устидан дарё соҳилидаги гўзал, хушманзара шаҳарни кўриб, ўз тилида „Кармено“ деб юборган. Шундан сўнг жой номи „Кармана“ деб атала бошлаган[12].
Яна бир афсонага кўра араб босқини вақтида араблар Зарафшон дарёси бўйидаги шаҳарнинг суви, тупроғи, табиатини Арманистонга ўхшатиб, „Ка Арминита“ (бошқа манбага кўра „Ки-Армания“[9]) дейишган, шундан сўнг бу жумла ўзгаришга учраб „Кармана“ шаклида сақланиб қолган[12]. Бу афсонани Абдулкарим Самъоний „Китоб ул-Ансоб“ асарида ёзиб қолдирган[13].
Тарихи


Кармана — аҳоли яшайдиган қадимий масканлардан бири. Кармана ва унинг атрофидаги қишлоқлар тарихи узоқ палеолит даврига бориб тақалади. 1999—2002-йилларда Бурқуттепа ёдгорлигини ўрганган археологларнинг фикрича, Кармана Бурқуттепадан бошланган[14]. Археологлар Бурқуттепа, Кўкйўталтепа, Работи Малик, Кўҳна қўрғон ва Кармана аркининг қадимий ўрнида изланишлар олиб бордилар. Бурқуттепадан топилган ашёлар милоддан аввалги В—ИИИ асрдан бошлаб, милодий ХИИИ асргача узлуксиз давом этган. Кейинги давр ашёлари эса бу ерда учрамаган[15][16].
Бурқуттепа вайронага айланганидан сўнг ҳукмдорларнинг қўрғонлари Зарафсон дарёси қирғоқларида қурилган ва атрофи девор билан ўралган. Ҳозир бу жой Кўҳнақўрғон деб аталади[17]. У ҳозирги Кармана шаҳрининг шимол томонидан, Зарафшон дарёсининг жанубий соҳилида қад кўтарган. Қўрғоннинг майдони 1—2 квадрат километрни ташкил этган[4].
Қадимий Кармана шаҳри Бурқуттепанинг шимоли-шарқидан бошланиб, Зарафшон дарёси қирғоқларигача чўзилган[17].
Шаҳар қўрғондевори пахсадан тикланган бўлиб, унинг узунлиги 11–12 км ни ташкил этган. Деворнинг пастки қисми қалинлиги 4,5–5 м, тепа қисми 50—60 см, баландлиги 9–10 м ни ташкил этган. Қўрғондеворнинг тепаси кунгурадор, зирҳли қилиб ишланган. Деворнинг мустаҳкамлигини сақлаш мақсадида ҳар 50–60 м да тўгарак шаклида бурж қурилган[17].
Кармана ҳудудининг қадимий тарихи, айниқса, бу ерда деҳқончилик, чорвачилик ёки ҳунармандчилик каби касб ва хўжаликларнинг юзага келиши ва тараққиёти, шаҳарсозлик маданиятининг шаклланиши тарихига оид моддий-маданий обидалар ҳозирги давргача етиб келмаган. Ёзма манбаларда келтирилган бор маълумотлар эса, асосан, кейинги даврга — ўрта асрларга мансубдир. Бунинг устига улар ғоятда қисқа ва узуқ-юлуқ. Кармананинг алоҳида шаҳар сифатида пайдо бўлиши ва ривожланиши фанда ҳали атрофлича ўрганилмаган[3].
Х асрга тегишли „Ҳудуд ул-Олам“ номли асарда Кармана Сўғд шаҳрига қарашли обод жой сифатида тилга олинган бўлса, шу даврда яшаган маҳаллий тарихчи Наршахий ўзининг „Бухоро тарихи“ асарида Карманага шундай таъриф берган:
Кармина Бухоро қишлоқлари жумласидан бўлиб, унинг суви Бухоро сувидан келади; хирожи Бухоро хирожига қо'шилади. Унинг о'зига тегишли алоҳида бир қишлоқ ҳам бор: унда масжиди жомеъ барпо этилган, адиб ва шоирлар кўп бўлган.
Булардан маълум бўлишича, Кармана Бухоро воҳасининг деҳқончилик рустоқлари (туманлари) қаторидан жой олган. У Зарафшон дарёсидан чиқарилган алоҳида канал орқали суғорилган. Кармана рустоғи илк ўрта асрларда Бухоро воҳасининг 15 та деҳқончилик рустоқларини ўраб ўтган қадимий мудогаа иншооти — Канпирак деворидан ташқарида жойлашган. Ўрта аср ёзма манбаларида бу ташқи рустоқ Кармана, баъзан эса Ясир номлари билан тилга олинади. Рустоқнинг маркази ҳам Кармана номи остида шуҳрат топган.
Бухоро воҳасининг суғорма деҳқончилик ерлари Кармана ҳудудидан бошланган. Наршахийнинг таърифича, воҳанинг Зарафшон дарёсидан бош олган суғориш тармоқларидан дастлабкиси Кармина анҳори ҳисобланган. Уни Наршахий катта анҳор деб ёзади. ИХ—Х асрларда Бухоронинг деҳқончилик ерларидан тўоланган хирож солиғидан тушган ҳар йилги даромад Кармана ерларини қўшиб ҳисоблаганда, „1 миллион 166 дирҳам-у 5,5 донакни ташкил этган“. Кейинчалик Кармананинг хирожи Бухоро хирожидан ажратилиб алоҳида олинган.
ХИИ асрда Кармана шаҳри хоразмшоҳ Эларслон (1156—1172) томонидан вайрон қилинган. Кейинчалик у қайта тикланиб, ХВ асрда яна йирик шаҳарга айланган.
Шаҳарнинг Темурийлар давлати ва Бухоро хонлиги ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни масаласи махсус тадқиқотга муҳтождир[3].
ХВИ асрдан бошлаб Кармана шаҳри Бухоро хонлиги ва Бухоро амирлигининг Кармана (Кармана ва Миёнқол) вилояти маркази бўлган.
Шўролар тузуми даврида Кармана тарихи бир қадар унутилиб, тарихий ва маданий ёдгорликларга катта зиён етказилади[4].
Сомонийлар даври

Сомонийлар даврида Карманада бир қатор тарихий обидалар қурилган. Улардан ҳозиргача сақланиб қолгани Мир Саид Баҳром мақбараси ҳисобланади[18]. Бу даврда Кармана тарихи ҳақида яхлит манбалар сақланмаган бўлса-да, Табарий, Ибн Ҳавқал, Ибн Хўрдодбек, Истахрий каби сайёҳлар, тарихчиларнинг асарларида Кармана тўғрисида муҳим маълумотлар ёзиб қолдирилган[19].
Мўғул истилоси даври
ХИИИ асрда Мовароуннаҳр мўғуллар босқинига учради. Мўғулларга қарши бир неча марта халқ қўзғолонлари бўлиб ўтди. 1238-йилда Бухорода бошланган Маҳмуд Торобий бошчилигидаги қўзғолонда Торобий тарафдорларининг қўли баланд келганида мўғул саркардалари Карманага қочганлар[19].
Амир Темур ва темурийлар даври
Амир Темур ва темурийлар даврида Кармана обод жойга айланди, ҳунармандчилик ривожланди. Баъзи тарихчилар Амир Темурнинг она авлодлари Кармана билан боғлиқлиги ҳақида фикр билдирадилар[19].
Амир Темурнинг Карманада, Работи Малик карвонсаройида бўлганлиги ҳақида Низомиддин Шомийнинг „Зафарнома“ асарида қуйидагича маълумотлар келтирилган:
Амирзода Жаҳонгир Бухоро вилоятига етиб борди. Амир Соҳибқирон эса Работи Маликка тушди. Амирзода Кармана мавзеида душманга етди. Ёғийлар ўзларининг баробар келмасликларини билиб, ўзбек Маҳмуд Яловоч ҳузурида паноҳ топдилар[20].
Шунингдек, Кармана ҳақида Темур ва темурийлар даврида яшаган Алоуддин Отамалик Жувайний („Тарихи онахонкушой“), Рашидиддин Фазлуллоҳ („Жомеъ ат-Таворих“) каби тарихчиларнинг асарларида ҳам маълумотлар келтирилган[20].
Шоҳрух Мирзо ўғли Мирзо Улуғбекка Мовароуннаҳр тожини айнан Карманада кийгизган[21].
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Кармана ва унинг атрофларида бўлганлиги ҳақида бир неча тарихий манбалар гувоҳлик беради. Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур „Бобурнома“да:
Кармана Бухоро ва Самарқанд ўртасида жойлашган вилоятдир
деб қайд этган[22].
Шайбонийлар даври


Шайбонийлар даврида ёзиб қолдирилган кўплаб тарихий асарларда Кармананинг Шайбонийлар бошқаруви давридаги тарихий эврилишларда тутган ўрни ҳақида турли маълумотлар сақланиб қолган.
Ҳофиз Таниш Бухорийнинг „Абдулланома“ асарида келтирилишича Шайбоний Жонибек султон Сафавий Таҳмосбга қарши 1528—1529-йиллардаги муваффаққияциз Хуросон юришидан сўнг Карманага қайтади ва 1529-йил шу ерда вафот этади. Жонибекнинг ўғли Искандархон Офаринкентдан Карманага келади ва шу ерда тахтга ўтиради[23].
Абдуллахон ИИ Бароқхон, Саййид султон ва Бобо султон билан қилган жангларидан кейин айнан Кармана муҳим таянч пунктига айланади, шайбоний султонларининг тож-тахт учун курашларида Кармана музокаралар олиб борадиган жой вазифасини ўтайди[23].
Шунигдек, Муҳаммадиёр ибн Араб Қатағоннинг „Мусаххир ал-билод“ асарида 1551-йилги Абдуллахон ИИ, Бароқхон ва Абдуллатифхон ўртасидаги жанглар сулҳ билан якунлангани, сулҳ музокаралари айнан Кармана шаҳрида бўлиб ўтгани баён қилинган[24].
Убайдуллахон ҳукмронлиги даврида барча вилоятлар унинг ўғиллари ва яқинларига тақсимлаб берилган эди. Кармана ва Миёнқол беклиги Муҳаммад ибн Абулхайрхоннинг ўғли Жонибек Султонга берилган. Жонибек Султон Карманани катта ўғлига, Миёнқолни эса кичик ўғли Искандархонга берган. 1528-йил Жонибек Султон вафот этгач, унинг ўғиллари ўртасида вилоят учун талашувлар бошланиб кетди[25].
Наврўз Аҳмадхоннинг бирлашган қўшинлари Карманага ҳужум қилган пайтда Искандархон Амударё тарафга қочади. Искандархоннинг ўғли Абдуллахон ИИ жангга киришиб, ғолиб чиқади. Абдуллахон ИИ Наврўз Аҳмадхоннинг вафотидан сўнг Карманадан то Шаҳрисабзгача бўлган ерларда ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Отаси Искандархонни яна Карманага ҳоким этиб тайинлайди[25].
Абдуллахон ИИ га халққа мурувват қилиш, жангларда вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, мамлакатда савдо-сотиқни ривожлантириш борасида керакли маслаҳатларни карманалик Қосим Шайх Азизон бериб турган[26].
Мир Иззатуллоҳнинг ёзишича, тўртбурчак шаклидаги географик кўринишга эга бўлган Кармана қалъаси Абдуллахон ИИ даврида қурилган[27].
Аштархонийлар даври
Тарихчи Абдураҳмон Толеъ „Тарихи Абулфайзхон“ асарида ХВИИИ асрда нуфузли беклардан бири Фарҳодбий билан Абулфайзхон ўртасида бўлган жангларда Кармана муҳим ҳарбий истеҳкомга айлангани ҳақида ёзиб қолдирилган. Абулфайзхон ҳукмронлиги даврида (1711—1747) Карманада 1717-йилдан Ниёзхўжа Қатағон, 1719-йилдан Бекўғлибий, 1720-йилдан Абулкарим ҳоким бўлганликлари ҳақида маълумотлар берилган[28].
Аштархонийлар даврида Карманага эътибор анча сусайган. Абдуллахон ИИ томонидан қурдирилган иморатлар таъмирталаб ҳолга келган[29].
Манғитлар даври


Манғитлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Муҳаммад Раҳимхон (1753—1756) мамлакатни сиёсий жиҳатдан марказлаштириш ишлари авж олди. Бунга қарши бўлган ҳокимлар вақти-вақти билан қўзғолонлар уюштириб турдилар[30].
1759-йил — Амир Дониёлбий ҳукмронлиги даврида Кармана ҳокими Нақиб Муҳаммад Аминхўжа ва Нурота ҳокими Парвоначи Ёдгор бошчилигида Бухоро ҳукмронларининг сиёсатига қарши исён кўтарилди. Дониёлбий қўшин юбориб, исёнчиларга қарши қаттиқ зарба берди. Кармана ва унинг атрофи Бухорога қайта қўшиб олинди[31].
1786-йил — Амир Шоҳмурод даврида Кармана халқи, оқсоқоллар ва атроф қишлоқ аҳолиси Бухородан мустақил бўлиш мақсадида қўзғолон кўтарди. Қўзғолон Қалқонота, Ҳазора, Нуротагача тарқалди. Амир Шоҳмурод бу қўзғолонни катта қўшин билан бостирди[31].
ХВИИИ аср иккинчи ярми ва ХИХ аср ўрталарида ер эгаларига кўп солиқ солинар, айниқса уруш пайтларида қорачерик солиғи олинарди. Бу солиққа қарши бир неча бекликларда, хусусан Карманада халқ қўзғалди. Бу исёнлардан ваҳимага тушган Амир Ҳайдар Кармана беги Саид Аҳмадхўжага шундай мактуб жўнатади:
Сиз Қийиқчи жамоасидан қорачерик беришни талаб қилибсиз. Кармана фуқаролари қорачерик олингани учун турли қуроллар билан чиқиб исён кўтарганлар. Кармана ва унинг атрофларидаги қўзғолон ва норозиликларни бартараф қилинг! Вилоятнинг аҳолисини ва уруғларининг миқдорини тўғри ҳисобланг! Карманадаги аҳоли ва элатлар беш юзта қорачерик беришлари зарур. Уларни оилалар ҳисобига тўғри тақсимлаб чиқинг[32].
Ўзбек ҳукмдори Амир Абдулаҳадхон (1885—1910) даврида Кармана шаҳри Бухоро амирлигининг иккинчи пойтахти эди[33]. Унинг даврида Карманада Асқаробод, Чармгар чорбоғ, Жар чорбоғ, Гул чорбоғ, Боғиолчин, Хайробод, Мирза чорбоғ каби сарой ва чорбоғлар қурилган[34]. Абдулаҳадхон даврида Кармана Бухоро амирлигининг норасмий пойтахти мақомида бўлган. Бу даврда Кармананинг ижтимоий-сиёсий мавқеи бир қадар ортган[35].
Болшевиклар даврида
Карманада 1,7 км² ли тўрт бурчакли ўрда ҳам бўлган. Шаҳардаги обидаларнинг кўпи Авлиёқул девонбеги ва болшевиклар ўртасида бўлган жанглар оқибатида болшевиклар томонидан бузиб юборилган[36]. 1918-йил болшевиклар томонидан Бухорони босиб олиш ҳаракатлари оқибатида Карманада кўплаб маҳаллий аҳоли ва манғитлар сулоласи вакиллари қирилиб кетди.
Физик-географик характеристика
Географик жойлашуви
Кармана табиатан чўл ҳудудида, Қизилқум саҳросининг жануби-шарқий қисмида жойлашган. Кармана шимолидан Зарафшон дарёси оқиб ўтади. Карманадан Тошкентгача бўлган масофа 506 км. Энг яқин катта шаҳар — Навоий (3 км).
Релефи
Кармана чўл ва дарё воҳаси ҳудудида жойлашган, релефи асосан текисликдан иборат.
Иқлими
Кармана иқлими кескин континентал бўлиб, ёз ойлари қуруқ ва иссиқ, қиш ойлари қуруқ ва совуқдир. Ёз ойларида Карманага қуруқ ва иссиқ ҳаво асосан Эрон, Туркманистондан келади, баҳорда Марказий Россия, Қозоғистондан нам ҳаво массаси келиши ҳолатлари ҳам учрайди. Баҳор ва кузда ёмғирлар кўп ёғади, ёзда ёғингарчилик деярли кузатилмайди. Қишда қор кўп ёғмайди. Ёзда Карманада аномал иссиқлик кузатилиши мумкин. Энг совуқ ой — феврал, энг иссиқ ой — июл.
| Кармана (1981—2010) иқлими | |||||||||||||
|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|
| Кўрсаткич | Ян | Фев | Март | Апр | Май | Июн | Июл | Авг | Сен | Окт | Ной | Дек | |
| Ўртача максимал, °C | 6,8 | 10,0 | 15,8 | 23,5 | 29,0 | 34,7 | 36,2 | 35,0 | 29,6 | 22,6 | 15,7 | 9,1 | |
| Ўртача минимал, °C | −1,2 | 0,3 | 4,7 | 10,5 | 14,7 | 18,7 | 20,4 | 18,2 | 12,6 | 7,2 | 3,7 | 0,3 | |
| Ёғингарчилик меъёри, мм | 28,1 | 28,6 | 40,9 | 25,9 | 16,0 | 1,7 | 1,8 | 0,5 | 1,8 | 3,6 | 17,7 | 27,3 | |
| Манба: Ўзбекистон гидрометеорология хизмати[37] | |||||||||||||
Экологик ҳолати
Кармана саноатлашган Навоий шаҳрига жуда яқин жойлашганлиги ва Кармана шаҳарчаси яқинида бир нечта иссиқлик электр стансиялари жойлашганлиги сабабли Кармана ҳавоси анча ифлосланган, ҳавода токсик зарарли моддалар кўп[38].
Мақоми
Кармана 2003-йил 12-декабрда Навоий шаҳри таркибидан чиқарилиб, унга шаҳарча мақоми берилган[1], Кармана шаҳарчаси маъмурий жиҳатдан Кармана туман ҳокимлиги томонидан назорат қилинади аммо бир неча ўринларда Кармана шаҳарчасида жойлашган обектлар де-журе Навоий шаҳрига тегишли ҳисобланади, жумладан қуйидагилар:
- Кармана шаҳарчаси ҳудудида жойлашган собиқ Навоий педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи (эски номи: Навоий педагогика коллежи)[39];
- Кармана шаҳарчаси марказида жойлашган (Тошкент кўчаси) „Навоий автошоҳбекат“.
Бундан ташқари, вилоят миқёсида иш юритувчи Навоий вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Кармана шаҳарчаси ҳудудида жойлашгандир[40].
Маданияти
Музей

Кармана шаҳарчасининг жанубий қисмида Навоий вилоят тарихий-ўлкашунослик музейи жойлашган бўлиб (1992-йил ташкил этилган), унинг экспозицияси Кармана шаҳарчаси ва ёндош ҳудудлардан топилган осори-атиқалар (қадимий пичоқлар, ханжарлар, кийимлар, кўзалар, хумлар, кашта ва б.), Кармана атрофида яшовчи ҳайвонларнинг қотирилган нусхалари, маҳаллий рассомларнинг асарларини ўз ичига олади.
Кинотеатр
СССР даврида Карманада „Зарафшон“ деб номланган кинотеатр бўлган, у Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида ҳам ишлаган аммо кейинчалик кинотеатр биноси хусусий тадбирлорларга берилган.
Маданий мерос ёдорликлари
Кармана шаҳарчаси қадимийлиги билан машҳур бўлса-да, шаҳарчада тарихий диққатга сазовор жойлар жуда кам сақланган. Кармана туманида сақланиб қолган 44 та моддий ва маданий мероснинг кўчмас мулк обектларидан 5 та архитектура ёдгорлиги, 1 та монументал санъат ёдгорлиги ва 1 та диққатга сазовор жой Кармана шаҳарчасида жойлашган[41].
| № | Иллустрация | Обектлар | Ёдгорлик тури | Қурилган даври | Жойлаҳган ўрни | Изоҳ |
|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | Қосим Шайх масжиди | Архитектура ёдгорлиги | ХВИ аср | Хўжа Хисрав МФЙ | Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ: Давлат мулки. Навоий вилояти маданият бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида. Вақф хайрия жамоат фондига текин фойдаланиш шартномаси асосида бириктирилган. | |
| 2 | "Ахатхон масжиди" деган ном билан рўйхатга олинган Абдулаҳадхон дахмаси | Архитектура ёдгорлиги | 1910-йил | Хўжа Хисрав МФЙ | Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ: Давлат мулки. Навоий вилояти маданият бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида.
Аслида Карманада „Ахатхон масжиди“ номли архитектура ёдгорлиги мавжуд эмас. | |
| 3 | Мир Саид Баҳром мақбараси | Архитектура ёдгорлиги | ХИ аср | Мир Саид Баҳром МФЙ | Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ: Давлат мулки. Навоий вилояти маданият бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида. Вақф хайрия жамоат фондига текин фойдаланиш шартномаси асосида бириктирилган. | |
| 4 | Шайх Хўжа Хисрав мақбараси | Архитектура ёдгорлиги | ХИИ аср | Хўжа Хисрав МФЙ | Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ: Давлат мулки. Навоий вилояти маданият бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида. | |
| 5 | Мирзачорбоғ қароргоҳи | Архитектура ёдгорлиги | ХИХ аср | Кўҳна қўрғон МФЙ | Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ: Давлат мулки. Навоий вилояти маданият бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида. | |
| 6 | Нуриддин Шайх | Архитектура ёдгорлиги | ХИВ аср | Мир Саид Баҳром МФЙ | Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ: Давлат мулки. Навоий вилояти маданият бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида. | |
| 7 | Мотамсаро она ҳайкали | Монументал санъат ёдгорлиги | 2001-йил | Хўжа Хисрав МФЙ | Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ: Давлат мулки. Навоий вилояти маданият бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида. | |
| 8 | Қосим Шайх мажмуаси | Монументал санъат ёдгорлиги | ХВИ аср | Хўжа Хисрав МФЙ | Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ: Давлат мулки. Навоий вилояти маданият бошқармаси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида. |

1. Қосим Шайх дахмаси
2. Қосим Шайх хонақоҳи (ҳозир жомеъ масжид)
3. Абдулаҳадхон дахмаси
4. Сақланиб қолган ҳужра
5. Сақланмаган ҳужраларнинг пойдеворлари
6. Масжид таҳоратхонаси
7. Масжид муллаларининг хос хоналари
8. Экин майдонлари
9. Ҳовуз
Карманадаги энг машҳур ва диққатга сазовор жой — шаҳарчанинг жанубида жойлашган Қосим Шайх мажмуаси ҳисобланади, бу ерга турли мамлакатлардан туристлар ҳам келиб туради. Бугунги кунда мажмуа таркибига Қосим Шайх хонақоҳи (ҳозир жомеъ масжид сифатида фойдаланилади; ХВИ асрда қурилган), Қосим Шайх дахмаси (ХВИ аср) ва Абдулаҳадхон дахмаси (1910–1911) киради.
Кармананинг марказида жойлашган, Х-ХИ асрларга оид Мир Саид Баҳром мақбараси ўзига хос меъморий ечимга эгалиги билан аҳамиятлидир. У архитектура жиҳатидан Бухородаги Сомонийлар мақбарасини эслатади.
Кармананинг яҳудийлар маҳалласи ўзига хослиги билан ажралиб туради. У тор кўчалар ва тиғиз жойлашган ҳовлилардан ташкил топган бўлиб, бугунги кунда у ерда яҳудийлар жуда кам қолган. Ҳозир маҳаллада асосан ўзбеклар яшайди. Карманадаги яҳудийлар яшаган маҳалла халқ тилида „жугутон кўча“, „жугут маҳалла“ дейилади.
Кармана матбуот уйи ХХ аср бошларида қурилган бинодир, ҳажми кичик бўлса-да эшик ва деразаларининг устки қисми Романовлар даврида Тошкентда қурилган саройлар услубида тикланган. Бинода ўз вақтида „Кармана овози“ газетаси таҳририяти фаолият юритган, бугунги кунда бу бино тадбиркорларга сотилган бўлиб, хароба аҳволда сақланмоқда. Мазкур бино маданий мерос обектлари рўйхатига киритилмаган.
Қабристонлар
Кармана шаҳарчаси ичида 5 та қабристон мавжуд. Тарихда қабристонлар сони кўпроқ бўлган. Ҳозир мавжуд айрим қабристонлар ҳам анча кенг бўлган. Кармананинг марказий қисмида жойлашган, Мир Саид Баҳром мақбараси ёнида бўлган Мир Саид Баҳром қабристони 1965—1970-йилларда текислаб юборилган. 1970-йилларда Қосим Шайх қабристонининг ғарбий қисми (тахминан ярми) текисланиб, ўрнига асфалт йўл, коттежлар, ҳовлилар, пиллачилик заводи, ҳаммом (кейинчалик ўлкашунослик музейига айлантирилган) қурилган.
Кармана шаҳарчасидаги қабристонлардан иккитаси ҳозир ўз фаолиятини тўхтатган яъни уларга майит кўмилмайди. Қабристонлар: Султон Сўфи қабристони (Кармананинг энг шимолий қисмида, „Кўҳнақўрғон“ маҳалласидан жой олган қабристон. Зарафшон дарёси бўйида жойлашган), Хўжа Хисрав қабристони (Кармананинг жанубий қисмида, „Арғун“ маҳалласида жойлашган қабристон. Халқ орасида бу қабристонни „Арғун мозор“, „Эрони мозор“ деб аташади), Қосим Шайх қабристони (Кармананинг жанубий қисмида, „Хўжа Хисрав“ маҳалласида жойлашган қабристон. Қосим Шайх тарихий мажмуасига туташиб кетган. Карманадаги энг катта қабристон ҳисобланади), Яҳудийлар қабристони (Кармананинг жанубий қисмида, Қосим Шайх қабристониниг ҳам жануби-ғарбий томонида жойлашган қабристон. Яҳудийлар қабристонини Қосим Шайх қабристони билан бир девор ажратиб туради. Бу қабристон ҳозир ўз фаолиятини тўхтатган), Поляк ҳарбий асирлари қабристони (Кармананинг жанубий қисмида, „Хўжа Хисрав“ маҳалласида жойлашган. У Карманадаги энг кичик қабристон ҳисобланади, ҳозир қабристонга майит қўйилмайди).
Галерея
-
Қосим Шайх қабри (орқада Қосим Шайх жомеъ масжиди кўринган, ХВИ аср)
-
Мир Саид Баҳром мақбараси (Х-ХИ асрлар)
-
Кармана яҳудийлар маҳалласи (2022-йил)
-
Карманадаги матбуот уйи, ҳозир харобага айланган (2022-йилги ҳолати)
-
"Навоий автошохбекат", Кармана шаҳарчаси (2022-йил олинган сурат)
Машҳур шахслар
- Шайх Худойдод Валий (1461—1532)[42];
- Қосим шайх Азизон (1500—1578)[42];
- Эшон Имло Авлиёуллоҳ (шоир, олим);
- Қози Зуҳайр (1688—1758; Бухоро хонлиги қозикалони, фиқҳга оид асарлар ёзган);
- Мирмуҳаммад Вафо Карминий (1712—1784; Қози Зуҳайрнинг ўғли, „Туҳфаи хоний“ номли тарихий асарнинг муаллифи);
- Саид Абдулаҳадхон (1859—1910; Бухоро амири);
- Саид Олимхон (1880/81—1944; Бухоро амири).
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 „Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларининг туман маъмурий-ҳудудий тузилмаларини югатиш ҳамда Навоий вилоятининг Навоий тумани чегараларини кенгайтриш ва номини ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003-йил 12-декабрдаги 569-ИИ-сонли қарори“. Лех.уз. Қаралди: 2022-йил 24-апрел.
- ↑ „Навоий вилояти Навоий шаҳри таркибида Кармана туманини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999-йил 27-майдаги ПФ-2323-сонли қарори“. Лех.уз. Қаралди: 2022-йил 24-апрел.
- ↑ 3,0 3,1 3,2 Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 5.
- ↑ 4,0 4,1 4,2 4,3 „Кармана тарихи“. Карманагов.уз. 2022-йил 1-февралда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 24-апрел.
- ↑ Муҳаммаджонов 2015, с. 103–104.
- ↑ Муҳаммаджонов 2015, с. 105.
- ↑ Қораев 2005, с. 84.
- ↑ Муҳаммаджонов 2015, с. 103.
- ↑ 9,0 9,1 Қораев 2005, с. 85.
- ↑ Ҳотамов, Бекниёзов 2007, с. 6.
- ↑ Ҳотамов, Ҳалилов 1995, с. 5—6.
- ↑ 12,0 12,1 Ҳотамов, Ҳалилов 1995, с. 6.
- ↑ Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 9.
- ↑ Ҳотамов, Бекниёзов 2007, с. 8—9.
- ↑ Зарипов, Шерназар 2021, с. 31—32.
- ↑ Зарипов, Шерназар 2021, с. 38—39.
- ↑ 17,0 17,1 17,2 Ҳотамов, Бекниёзов 2007, с. 9.
- ↑ Зарипов, Шерназар 2021, с. 41.
- ↑ 19,0 19,1 19,2 Зарипов, Шерназар 2021, с. 18.
- ↑ 20,0 20,1 Зарипов, Шерназар 2021, с. 19.
- ↑ Ҳаитова, Қурбонов 2018, с. 36.
- ↑ Зарипов, Шерназар 2021, с. 20.
- ↑ 23,0 23,1 Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 10.
- ↑ Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 11.
- ↑ 25,0 25,1 Зарипов, Шерназар 2021, с. 21.
- ↑ Зарипов, Шерназар 2021, с. 22.
- ↑ Мажид 2024, с. 268.
- ↑ Зарипов, Шерназар 2021, с. 24.
- ↑ Ҳотамов, Бекниёзов 2007, с. 52.
- ↑ Зарипов, Шерназар 2021, с. 24—25.
- ↑ 31,0 31,1 Зарипов, Шерназар 2021, с. 25.
- ↑ Зарипов, Шерназар 2021, с. 26.
- ↑ Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 6.
- ↑ Ҳотамов, Ҳалилов 1995, с. 23.
- ↑ Ҳаитова, Қурбонов 2018, с. 22.
- ↑ „Мирза Салимбек. Тарих-и Салими (Источник по истории Бухарского эмирата). Ташкент. Академия. 2009“. 2016-йил 25-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2018-йил 28-октябр.
- ↑ „Авераге монтҳлй дата абоут аир температуре анд преcипитатион ин 13 регионал cентерс оф тҳе Републиc оф Узбекистан овер период фром 1981 то 2010“. Cентре оф Ҳйдрометеорологиcал Сервиcе оф тҳе Републиc оф Узбекистан (Узҳйдромет). 15-декабр 2019да асл нусхадан архивланган. Қаралди: 15-декабр 2019.
- ↑ „Люди страдают от загрязнения воздуха предприятием «Навоиазот»“. Кун.уз. Қаралди: 2019-йил 28-июл.
- ↑ „Навоий вилоятидаги таълим муассасалари“. Навои.уз. 2022-йил 29-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 24-апрел.
- ↑ „Навоий вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси — Кармана шаҳри“. Голденпагес.уз. Қаралди: 2022-йил 24-апрел.
- ↑ 41,0 41,1 „Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сонли қарори“. Лех.уз. Қаралди: 2021-йил 11-ноябр.
- ↑ 42,0 42,1 Қандаҳаров 2018, с. 8.
Адабиётлар
- Иноятов С.. Соҳибқирон ва Темурийлар назари тушган диёр. Тошкент: Шарқ, 2002 — 32-бет.
- Иноятов С., Тўраев Ҳ., Ҳаитова О.. Амир Абдулаҳадхон даврида Кармана. Тошкент: Шарқ, 2004 — 48-бет.
- Иноятов С., Йўлдошев Н., Ҳаитова О.. Кўҳна тарих гувоҳи (Кармана тарихидан лавҳалар). Тошкент: Шарқ, 2000 — 43-бет.
- Ҳотамов А., Ҳалилов Ш.. Йиллар садоси. Тошкент: Адолат, 1995 — 72-бет.
- Мажид А.. Шайбонийлар давлати. Тошкент: Насим Кутуб, 2024 — 637-бет. ИСБН 978-9910-9384-0-5.
- Қораев С.. Ўзбекистон вилоятлари топонимлари. Тошкент: Ўзбекистон миллий энсиклопедияси, 2005 — 240-бет.
- Муҳаммаджонов А.. Тарих фалсафаси — маънавият кўзгуси. Тошкент: Ўзбекистон, 2015 — 272-бет.
- Ҳотамов А., Бекниёзов Н... Кармана — қадимий диёр. Тошкент: Ўзбекистон, 2007 — 152-бет. ИСБН 978-9943-01-070-3.
- Қандаҳаров А.. Бухоро хонлиги ва унда караманалик шайхлар фаолияти (монография). Тошкент: Тафаккур қаноти, 2018 — 152-бет.
- Азамат Зарипов, Шойим Шерназар. Кармана кечмиши. Тошкент: Саҳҳоф, 2021 — 192-бет. ИСБН 978-9943-6665-8-0.
- Олмахон Ҳаитова, Хуршид Қурбонов. Кармана тарихи. Тошкент: Машҳур-пресс, 2018 — 216-бет. ИСБН 978-9943-5163-5-9.
