Чимён чўққиси, Катта Чимён чўққиси — Ғарбий Тяншаннинг Чатқол тизмасидаги чўққи. Катта Чимён тоғида. Тошкентдан 80 км шарқда. Чимён чўққисини шимолидан Чатқол, шарқдан Оқбулоқ дарёлари (Чатқолнинг чап ирмоғи), жанубий ва ғарбдан Чимёнсой водийлари ўраб туради, баландлиги 3309 м. Атрофдаги ҳудудлардан тик кўтарилган. Асосан, палеозой даври оҳактошларидан ташкил топган. Чўққининг ён бағирлари кўплаб сойлар билан кесилган. Улар орасида тик кўтарилган қоялар, қурумлар, доимий қор уюмлари учрайди.