Кичик жуз — ХВИ асрдан ХИХ аср ўрталаригача мавжуд бўлган уч йирик қабилавий бирлашмадан иборат (Боюли, Алимули ва Жетиуру) қозоқ хонлиги.

Боюли бирлашмасини Нурали султон (1748—1786), Алимули бирлашмасини Абулхайрхон (ХВИИИ асрнинг 20-йиллари — 1748), Жетиуруни эса Тавкахон бошқарган. Кичик Жуз ҳудуди Урал ва Тобол дарёларидан Сирдарёнинг қуйи оқимларига қадар чўзилган. Шарқда Ўрта Осиё давлатлари ва Қозоғистоннинг қорақалпоқ ерлари, ғарбда Каспий денгизи, шимолда эса Астрахан, Саратов ва Оренбург губерниялари билан чегараланган. Абулхайрхон ўлдирилгач, Кичик Жуз унинг ўғиллари Нурали ва Ботир томонидан бошқарилган. Ҳудудда вақти-вақти билан турли хонликлар ва уруғлар бирлашмасидан ташкил топган бир нечта хонликлар мавжуд бўлган. 1785-йилдан бошлаб Кичик жуз яна уч хонликка бўлинган. Уларни Эрали (1790—1794), Эшим (1795—1797) ва Абулхайрхоннинг ўғли Айшувоқ султон (1798—1805) бошқарган. Кейинги хон Жонтўра 1824-йилда вафот этгач, Кичик жуз тугатилган.

Кичик жуз ҳудудларида қорамолларга йил давомида ем-хашак билан та’минлаш мумкин бўлган қишлоқ ва яйловлар мавжуд бўлган. Қишки яйловлар Сирдарё ва Урал дарёлари этагида, Ирғиз ва Тўрғай дарёларининг қуйи оқимларида, Сом ва Барсуқ чўлларида жойлашган, ёзги яйловлар эса Урал дарёсининг ирмоқлари бўйича Тобол қирларида ҳамда Муғожар тоғларида бўлган.

Кичик жуз қабилалари душман ҳужумига қарши бирга курашган ва ҳарбий юришларга ҳам бирга чиқишган. ХИХ аср ўрталарида Кичик жуз аҳолиси тахминан 1 миллионни ташкил қилган. 1844-йилги „Оренбург ўлкаси қирғизларини бошқарув бўйича низом“га биноан, Кичик жуз ерлари Россия империяси ҳудудига қўшилган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил