Латерит (лотинча: латер — ғишт) — гилсимон ёки тошсимон зич тоғ жинси. Иссиқ ва нам иқлим шароитидаги алюмосиликат жинсларининг физик-кимёвий нурашининг элювиал маҳсули. Латерит нураш пўстининг қалинлиги 50—60 м. Ранги қизил, гоҳо сарғиш-қизил. Асосан, темир ва алюминий оксиддан ташкил топади. Қаттиқ тошли (ҳавода), жуда бўш ёки гилли тузилишга эга. Таркиби бўйича бу каолинит, темир, титан, магнетит, галлузит ва гиббеит аралашмасидир. Унда, одатда, эрийдиган тузлар, сулфатлар, карбонатлар, гидрослюдалар ва монтмориллонитлар гуруҳи минераллари йўқ. Гилли Латеритлар осонгина йўнилади ва ҳавода тез қотиш хусусиятига эга бўлгани учун илгаридан Ҳиндистон ва Ҳиндихитойда қурилиш материали сифатида ишлатилади. Латеритлар билан темир рудалари, силикатли никел ҳамда хром, кобалт ва олтин конлари боғлиқ. Латеритлар ҳам алюминий олинадиган хом ашё ҳисобланади. Латеритнинг энг сифатли рудалари Россия (Воронеж вилояти)да қазиб олинади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил