Ливия, Ливия Араб Социалистик Халқ Жумҳурияти (Ал-Жамаҳирия ал-Арабия ал-Либия аш-Шаъбия алИштирокия) – Шимолий Африкадаги давлат. Майдони 1759,5 минг км². Аҳолиси 5,2 млн. киши (2001). Пойтахти – Триполи шаҳри Маъмурий жиҳатдан 13 вилоят (баладийя)га бўлинади.

Тҳе натионал флаг оф Либя.
Ортҳограпҳиc мап cентред он Либя

Давлат тузуми

Ливия – жамаҳирия (халқ оммаси давлати). Конституцияси йўқ. Раҳбар орган – Инқилобий (Тарихий) раҳбарият. Қонун чиқарувчи орган – умумий халқ конгресси. Ижрочи ҳокимият – ҳукумат вазифасини бажарувчи Олий Халқ қўмитаси. Давлат бошлиғи – Ливия инқилоби раҳбари, Ливия Араб Социалистик Халқ Жамаҳирияси бошлиғи Муаммар Қаззофий (Каддафий).

Табиати

Ливия ҳудудининг 98% субтропик чала чўл (шимолида) ва тропик чўлдан (жанубида) иборат. Қирғоқ чизиғи нисбатан текис. Энг катта ва ягона қўлтиғи – Сидра. Ливия ер юзасининг кўп қисми плато (баландлиги 200–600 м). Жанубида Тибасти тоғлигининг тармоқлари (баландлиги 2286 м гача) бор. Мамлакатнинг шарқий қисмини Ливия нули эгаллаган. Геологик жиҳатдан Ливия ҳудуди Африка платформаси шимолий ён бағрининг бир қисмидан иборат. Токембрий кристалли жинслар ер юзига чиқиб ётади. Сойликлар чўкинди жинслар билан тўлган. Ливиянинг марказий қисмида ёш вулқон жинслари кўп. Юқори бўр – палеоген ётқизиқлари орасида нефт конлари бор; газ, темир рудаси, фосфорит ва бошқа қазилма бойликлар ҳам мавжуд.

Иқлими тропик, чўлга хос иқлим. температураларнинг мавсумий ва суткалик фарқи катта. Мамлакат шимолида субтропик иқлим, Ўрта денгизга хос. Январнинг ўртача температураси шимолида 11 – 12° ва жанубида 15—18° гача, июлники шимолида 27—29° ва жанубида 32—35°гача, энг юқори температура (50° дан ошади) Ливия чўлининг марказида. Йиллик ёғин мамлакат шимолида 250–350 мм дан (Таробулус ал-Ғарбда) 400–625 мм гача (Киренаикада). Иссиқ ва куруқ ҳамсин шамоли эсиб туради. Доим оқувчи дарёлари йўқ. Ер ости сувлари юза жойлашган ерларда воҳалар бор. Куруқўзанли водий кўп.

Соҳилдаги бўз ва бўз-жигарранг тупроқли ерларда акация, тамарикс, маквис, кедр, сарв; жан.роқда дағал ут ва бута усади. Чул қисмида ўсимлик жуда сийрак.

Ҳайвонот дунёси, асосан, судралиб юрувчилар (илон, калтакесак)дан иборат; чаён куп. Шимолида сиртлон, каш-қир, тулки, қуён учрайди. Водийларда кушлар бор. Миллий боги – Куф.

Аҳолиси

Тҳис фалл, УСАИД партнеред w/а cивил соcиэтй орг ин Сабҳа, Либя то траин 30 фемале аcтивисц & энcоураге тҳеир партиcипатион ин тҳе политиcал транситион. А сериэс оф wоркшопс он cоверед топиcс лике wомен’с легал ригҳц, & политиcал партиcипатион.

Аҳолисининг 98% араблар. Барбар, туарег ва тубулар, йирик шаҳарларида европалик (асосан, италян)лар ҳам яшайди. Расмий тил – араб тили. Давлат дини – ислом (мусулмонларнинг аксари сунна мазҳабида). 90% аҳоли мамлакатнинг шимолий қисмида, чўлда сийрак, бир қисми кўчманчи. Аҳрлининг 82% шаҳарларда яшайди (1990). Йирик шаҳарлари: Таробулус ал-Ғарб ва Бинғози.

Тарихи

Ливия ҳудудида одам қадимдан яшаб келади. Минг йиллар давомида ибтидоий жамоа тузуми хукм сурган. Милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 1-ярмида Ливия ғарбида Лептис-Магна, Сабрата ва Эа деган Финикия манзилгохлари вужудга келди. 7-асрда Ливия шарқида юнонларнинг шаҳарчалари пайдо бўлди. Шулардан мухими Кирена. Кейинчалик Ливия ҳудудининг бир қисми Киренаика деб юритилди. Милоддан аввалги 5-аср ўрталарида Ливиянинг ғарбий қисми Карфаген қўл остига ўтди. Милоддан аввалги 6-аср охири ва 5-аср бошларида Киренаиканинг бир қисмини Ахоманийлар давлати, кейинчалик македониялик Александр қўшинлари босиб олди. Милоддан аввалги 2-асрда уни Рим эгаллаган. 6-асрдан Ливия Византия таркибига кирди. 7-асрда Ливия Араб халифалигига қўшиб олинган. Ливияга жуда кўп араб қабилалари кўчириб келтирилиши натижасида маҳаллий аҳоли араблар билан чатишиб кетган. Ислом дини кенг тарқалган.

Ливия 16-асрдан 1912-йилгача Усмонли турк салтанати таркибида бўлди (фақат 1711 – 1835-йиллари Ливияни маҳаллий Караманли сулоласи бошқарди). 1911 – 12 йиллардаги Италия-Туркия урушидан сўнг Ливиянинг соҳил бўйи ҳудудларини Италия эгаллади. Маҳаллий аҳоли Италия мустамлакачиларига қаттиқ қаршилик кўрсатди. Биринчи жаҳон уруши даврида Италия ўз қўшинларининг бир қисмини Ливиядан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Италия қўл остида фақат Ҳимс, Таробулус ал-Ғарб ва Бинғози шаҳарлари қолди. Бу вақтда Киренаика ҳудуди Санусия тариқати қўл остида эди. 1918-йил Таробулус ал-Ғарбтания республикаси эълон қилинди. Италия ҳукумати ўз мустамлакаларидан ажралиб қолишдан қўрқиб, Санусия тариқати бошлиғи Идрис ас-Санусийни Киренаика ҳукмдори деб тан олишга, Таробулус ал-Ғарбтания республикасига мухторият ҳуқуқи беришга мажбур бўлди. 1922-йил Идрис ас-Санусий Киренаика ва Таробулус ал-Ғарбтания амири деб эълон қилинди. Италияда ҳокимият фашистлар қўлига ўтгач (1922), Ливияни бутунлай бўйсундириш учун уруш ҳаракатлари яна бошлаб юборилди. Маҳаллий аҳоли кўплаб қатл қилинди. Жуда кўп ерлар италян келгиндиларига бўлиб берилди. Иқтисодиётнинг барча тармоқлари устидан Италия назорати ўрнатилди. Бунга қарши Ливияда озодлик ҳаракати янада авж олиб кетди. Италия қийинчилик билан Таробулус ал-Ғарбтания (1928), Фецсан (1930)ни босиб олди. 1939-йилга келибгина Киренаика, Таробулус ал-Ғарбтания ва Фецсан Италия таркибига киритилди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Италия мустамлакаларини кенгайтириш учун Ливиядан база сифатида фойдаланишга уринди. Ливияда ҳарбий базалар, катта тош йўллар қурилди, портлар қайта тикланди, мустамлака қўшинлари тузилди. Иккинчи жаҳон урушида фашист қўшинлари мағлубиятга учрай бошлагач, ИталияГермания қўшинлари Ливиядан бутунлай олиб чиқилди. 1942-йил охири – 1943-йил бошида эса франсуз аскарлари Фецсанни, инглиз аскарлари Киренаика ва Таробулус ал-Ғарбтанияни эгаллади. Шу вақтдан Ливия Буюк Британия ва Франсия ҳарбий маъмурияти қул остига ўтди.

Ливия такдири ҳақидаги масала дастлаб 1945—48 йилларда Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (Иккинчи жаҳон урушидан кейин яраш битимларини тайёрлаш мақсадида таъсис этилган халқаро орган)да, сўнгра БМТда муҳокама қилинди.

1949-йил ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси Ливияга 1952-йил 1-январдан мустақиллик бериш тўғрисида қарор қабул қилди. 1950-йилда чақирилган Миллий таъсис мажлиси Ливия конституциясини қабул қилди. 1951-йил 24-декабрда мустақил Ливия Қўшма Подшоҳлиги (таркибида Киренаика, Таробулус ал-Ғарбтания, Фецсан вило-ятлари бўлган федерация) тузилганли-ги эълон қилинди.

1963-йилда Ливия унитар давлат деб эълон қилинди. Аёлларга сайлов ҳуқуқи берилди. Мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаёти ҳамон йирик заминдорлар, қабила шайхлари қўлида эди. Демократик ҳаракатлар қаттиққўллик билан бостирилар эди.

1969-йил 1-сентабрда яширин сиёсий ташкилот аъзолари – еш армия офицерлари гуруҳи монархияни ағдариб ташлаб, Ливия Араб Республикаси (ЛАР) тузилганлигини эълон қилдилар. Мамлакатни бошқариш Инқилобий қўмондонлик қўмитаси қўлига ўтди. Ливияда „Ливия ислом социализми“ қурилиши эълон қилинди. 1970-йилда барча чет давлатларнинг ҳарбий базалари ЛАР ҳудудидан чиқариб юборилди. 1972-йилда мамлакатда ягона сиёсий ташкилот – Араб Социалистик Иттифоқи тузилди. 1977-йилда „Халқ ҳокимияти“ тартиботи эълон қилинди, мамлакатнинг номи ўзгартирилиб, Ливия Араб Социалистик Халқ Жамаҳирияси деб аталди. Олий халқ конгрессининг 1979-йил 1—2-мартдаги фавқулодда сессияси қарори билан Муаммар Қаззофий расмий равишда давлат ҳокимият тизимидан ташқари турувчи, амалда эса раҳбар орган бўлмиш Инқилоб раҳбарияти бошлиғи бўлиб қолди. Ливия 1955-йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – 1-сентабр – Инқилоб Куни (1969).

Ливияда Сиёсий партиялар йўқ. Ливия Жамаҳирияси ишлаб чиқарувчилар касаба конгресслари уюшмаси умумий конгресси 1972-йилда тузилган.

Иқтисодиёти

Ливия ривожланаётган мамлакатлар қаторига киради. Иқтисодиётнинг асоси – нефт қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш саноати. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 35,6%, қишлоқ хўжалигининг улуши 5,5% (1989).

Саноати нефт ва газ конлари, нефтни қайта ишлаш, семент, металлургия, озиқ-овқат (зайтун мойи, мева ва балиқ консервалари, тамаки маҳсулотлари), тўқимачилик (жун газлама), кўнчилик корхоналаридан иборат, бир неча электр стансиялари бор. Йилига ўртача 9,8 млрд. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади. Саноат корхоналарининг кўпчилиги Таробулус ал-Ғарб, Бинғози ва бошқа ша-ҳарларда жойлашган. Мисуротада йирик металлургия мажмуаси, бошқа шаҳарларда қувур, электр симлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, трактор ва автомобил йиғувчи заводлар бор. Ҳунармандчилик ривожданган.

Қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар ўрмонлар билан бирга 4,2 млн.га (2%). Асосий экинлари: арпа ва буғдой. Сабзавот, мева (апелсин, мандарин, хурмо, узум), ер ёнғоқ, зайтун, тамаки ҳам етиштирилади. Ливия Саҳрои Кабиридаги аҳолининг асосий машғулоти – чорвачилик. Қўй, эчки, қорамол, туя, йилқи, эшак боқилади. Соҳил яқинидаги сувда балиқ ва денгиз жониворлари овланади.

Транспорти

Ливияда темир йўл йўқ. Автомобил транспортининг аҳамияти катта, унинг уз. – 28 минг км, нефт қувурларининг уз. – 3,4 минг км. Экспорт қилинадиган нефт ва четдан келтириладиган юклар денгиз транспор-тида ташилади. Денгиз флотида 26 кема, шу жумладан, 12 танкер бор. Йирик портлари: Таробулус ал-Ғарб ва Бинғози. Таробулус ал-Ғарб, Бинғози ва Сабҳа шаҳарларида халқаро аэропортлар бор.

Ливия четга нефт ва нефт маҳсулотлари, шунингдек, газ, ситрус мевалар, тери, кимёвий маҳсулотлар ва бошқа чикаради. Четдан машина ва асбоб-ускуна, озиқ-овқат, маъданли ўғит, қурилиш материаллари ва бошқа келтиради. Ташқи савдода Италия, Германия, Испания, Франсия, Япония, Корея билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги – Ливия динори.

Тиббий хизмати

Шифокорлар Бингозидаги университетнинг тиббиёт факултетида, ўрта малакали тиббиёт ходимлари махсус мактабларда тайёрланади. Тиббий хизмат тизими асосан давлат қарамоғида.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари

1975-йилдан 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар учун мажбурий таълим жорий этилган. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 6 йил, ўрта мактабда 6 йил Барча босқичлардаги таълим – бепул. Ливияда 10 университет, 17 олий ўқув юрти, 14 илмий тадқиқот маркази бор. 1975-йилда Африкадаги энг йирик нефт тадқиқотлари лаборатория ташкил этилган. Таробулус ал-Ғарбда Давлат кутубхонаси (1917) ва университет кутубхонаси, Бинғозида Халқ кутубхонаси, Бинғози университети кутубхонаси бор. Таробулус ал-Ғарбда археология, этн., ислом, табиат тарихи музейлари, Лептис-Магна, Сабрата ва бошқа шаҳарларда қад. тарих музейлари мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Л.да нашр этиладиган йирик газ. ва журналлар: „Ал-Фажр алЖадид“ („Янги тонг“, араб тилидаги кундалик газ., 1978-йилдан), „Ал-Жамаҳирия“ (араб тилидаги ҳафталик газ., 1980-йилдан), „Аз-Заҳф ал-Ахдар“ („Яшил ҳужум“, араб тилидаги ҳафталик газ., 1980-йилдан), „Ал-Мунтижун“ („Ишлаб чиқарувчи“, араб тилидаги ҳафталик газ., 1978-йилдан), „Жейш аш-Шаъб“ („Халқ армияси“, араб тилидаги ойлик журнал, 1971-йилдан). Жамаҳирия ахборот агентлиги (ЖАНА) – расмий ахборот маҳкамаси бўлиб, 1965-йилдан фаолият кўрсатади. Радиоэшиттириш корпорацияси 1957-йилда тузилган. Телекўрсатув хизмати 1968-йилда ташкил этилган.

Адабиёти

Араб истилосидан сўнг 7-а, 8-аср бошларида Ливияда адабиёт умумараб маданияти асосида ривожланди.

Аммо 16-асрдан Л. адабиёти тушкунликка учради, 17—18-асрларда Умар ал-Фарид, Аҳмад ал-Баҳлулий каби шоирлар кад. араб шеърияти анъаналарини давом эттирдилар. 19-аср охирида араб мамлакатларида вужудга келган мада-ний уйғониш ҳаракати 20-асрнинг 1-яр-мигача Ливияга ҳам таъсир ўтказди. Бу даврда озодлик, маърифат ва ижтимоий мавзулар Ливиянинг мумтоз шеърияти учун муҳим бўлди. Аҳмад аш-Шариф, Мустафо бин Зикрий, Сулаймон алБаруний ва бошқа шоирлар қасидаларида мустамлакачиларга қарши кураш мавзуи кенг ифода этилди. Аҳмад Рафиқ ал-Маҳдум, Иброҳим ал-Ус т а Умар каби шоирларнинг 30—40-йиллардаги асарлари халқнинг Италия босқинчиларига қарши курашига бағишланди. Л. мустақилликка эришгандан сўнг адабиёт майдонига Али Сидқи Абдулқодир, Аҳмад Фуод Шинниб, Али ар-Руқайн ва бошқа шоирлар келиб қўшилди. 40—50-йилларда ҳикоянавислик юзага келди. Унинг бош мавзуи – чинакам мустақиллик ва ижтимоий тенглик учун курашдан иборат бўлди. Мустафо ал-Мисуратий, Абу Ҳаррус, Муҳаммад Афиф, Толиб ар-Ровий каби ёзувчилар ўз асарларига оддий халқ вакиллари – бадавийлар, балиқчилар, фаллоҳлар ва ҳунармандларни бош қаҳрамон қилиб олдилар. Кейинги йилларда Жумъа ал-Фароний, Аҳмад ан-Нуайрий, Абдулҳафиз ал-Маяр каби шоир ва ёзувчилар адабиёт майдонига кириб келдилар.

Меъморлиги ва тасвирий санъати қад. Неолит даврига мансуб қояга ишланган расмлар (фил, бизон ови манзараси) топилган. Финикия санъати ёдгорликлари (милоддан аввалги 1-минг йиллик) орасида лойдан ишланган ҳайкаллар, қора лок билан ҳар хил гул ва суратлар со-линган керамика буюмлари, шиша идишлар учрайди. Мозаика ва ҳайкаллар билан безатилган Юнон, Қад. Рим, Византия иншоотларининг вайроналари сақланган. Араб истилоси (7-аср охири, 8-аср бошлари)дан кейин тор кўчали, 1 ва 2 қаватли ясси томли, ҳовлили уйлар қурилган, 18—19-асрларда кошин ва ўйма нақшлар билан безатилган кўп гумбазли мачитлар пайдо бўлди. Италия хукмронлиги йилларида (1912— 43) шаҳарларда ев-ропача кварталлар барпо этилди. Ливия му-стақилликка эришгач, мактаб, касалхона, турар жой ва маъмурий бинолар замонавий типда қурила бошлади. Геометрик шакллардаги нақшлар билан безатилган гиламлар, босма ёки каштали чарм ва ўймакорлик, заргарлик буюмлари халқ амалий санъати қад. анъаналарга бойлигидан далолат беради.

Мусиқаси

Ливия ва қўшни Мағриб мамлакатларининг мусиқаси кўп асрлар давомида ўзаро ҳамоҳанг ривожланиб келди. Шу сабабли мазкур мамлакатнинг мусиқа маданияти (мусиқа асбоблари, жанрлари, парда ўлчовлари) муштаракдир. Ливия мусиқаси тарихига оид маълумотлар деярли йўқ. Мамлакат туб аҳолиси – барбарлар мусиқасида оҳанг, шеър ва рақс ўзаро қовушиб кетган. Сурнай, рубоб, уд, қонун, тор каби чолғу асбоблари кенг ёйилган. Азон айтиш, Қуръон сураларини ўқишда алоҳида мусиқий оҳанг берилади. Мақамлар тизими ҳам ривожланган.

19-аср охири ва 20-аср бошларида Европа мусиқаси таъсир эта бошлади. Консерт ижрочилиги, эстрада мусиқаси каби янги шакллар пайдо бўлди. Мустақилликка эришилгач (1951), мусикага эътибор кучайди. Театр ва мусиқа ишлари бош бошқармаси тузилди (1973). Миллий фолклор ансамбли шухрат қозонди. Таробулус ал-Ғарбдаги санъат ва ҳунармандчилик мактаби, Бинғозидаги университетда мусика кадрлари тайёрланади.

Театри

Халқ томоша анъаналарига айланиб қолган „Фонусхаёл“, қўғирчоқ театрлари ва ўзига хос оғзаки журнал (кониакл ахборот) Ливияда замонавий театрнинг пайдо бўлишида муҳим рол ўйнади. 1935-йил Дарнада Муҳаммад Абулҳоди биринчи театр труппасини тузди ва бу труппа Миср, Европа театри санъати таъсирида ривожланди. Ливия мустақиллик йилларида қатор ҳаваскорлик тўгараклари ва профессионал уюшмалар: миллий мусикали драма труппаси, Абдулҳамид ал-Мижроб раҳбарлигида Таробулус ал-Ғарбдаги „Ал-Амал“, Мисуротадаги „Ат-Тож-ал-Фидди“ ва бошқа пайдо бўлди. 1951-йил Мустафо Муҳаммад Ламир Миллий театр уюшмаси (актёр ва драматурглар бирлашмаси) – биринчи Ливия театрини тузди. Бу театр ре-пертуаридан Молер, Н. В. Гогол, ҳозирги замон Миср ва Ливия драматурглари асарлари мустаҳкам ўрин олди. Кейинги йилларда бир қанча халқ мусиқа-рақс гурухлари ишлай бошлади. 1963-йил Таробулус ал-Ғарбда мусиқа-драма билим юрти ташкил этилди. Бинғозида халқ театри труппаси, Таробулус ал-Ғарб ва Дарна шаҳарларида миллий театрлар мавжуд.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил