ЛИСТ (Лист) Фридрих (1789.6.1, Рейтлинген — 1846.30.11, Куфштейн) — немис иқтисодчиси, сиёсий иқтисоддаги немис тарихий мактаби вакили. Л. классик сиёсий иқтисод мактаби вакилларининг услубидаги мавҳумлик ва либерализмни танқид қилди, иқтисодиёт фани таҳлилида тарихий услубнинг ролини бўрттириб кўрсатди. Л. давлатнинг иқтисодиётга фаол аралашувини талаб қиладиган "тарбиявий ҳомийлик (протексионизм)" ғоясини ривожлантирди, миллатнинг саноат тарбияси тамойилини илгари сурди. Ишлаб чикарувчи кучлар назариясини яратишга интилиб, "ақлий капитал" (илмий кашфиётлар, адабиёт, санъатдаги ютуқлар ва бошқалар)ни унинг асосий таркибий қисми ва миллат бойлигининг асосий манбаи деб ҳисоблаган. Қийматни ишлаб чиқарувчи кучлар, "миллат руҳи" (ҳуқуқ, суд, армия, полиция ва бошқалар) яратади, деб қараган. Л. хўжалик тараққиётининг тарихий босқичларини таҳлил қилиб, чин миллат бадавийлик; чўпонлик; деҳ-қончилик; деҳқончиликсаноат; деҳқончилик-саноат-савдо каби беш босқични босиб ўтади ва Германия келажаги саноат билан чамбарчас боғлиқ деб ҳисоблаган. Л. Германиянинг Европада ҳукмрон бўлишини ёқлайдиган шовинистик ғояларини ҳимоя қилиб, урушни "миллат марҳамати" тарзида талқин этган. Л.нинг айрим ғояларидан на-систлар ўз геосиёсатида фойдаланган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил