Лизинг — бу кредитнинг пулсиз шакли бўлиб, одатда ишлаб чиқариш воситалари ва бошқа моддий бойликларни кейинчалик фойдаланувчилар томонидан мунтазам равишда ҳақ тўлаб бориб, сотиб олиш шарти билан узоқ муддатли ижарага бериш.

Лизинг (инг. леасе фойдаланиш) — машина, асбоб-ускуна, транспорт воситалари, ишлаб чиқариш иншоотларини узоқ муддатли ижарага олиш; узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар экспортини кредитлашнинг шаклларидан бири. Л.нинг, асосан, молиявий ва оддий тури бор. Молиявий Л. — муайян муддатга ижарага берувчининг капитал ҳаражатларини тўлиқ қоплашга етарли тўловлардан иборат бўлиб, мулк эгасига бир миқдор фойда ҳам беради. Оддий Л. — ижара даврида ижарага олинган мулк қисман амортизацияланади. Л. компанияси асбоб-ускуналар сотиб олиб, уларни ижарачи фирмага, одатда 1 йилдан 10—15 йилгача ижарага беради. Л.да ижарачининг шартнома муддати тугагандан сўнг асбоб-ускунларни қолдиқ қиймати бўйича сотиб олиш (бу ҳолда эгалик ҳуқуқи янги соҳибга ўтади); янги келишув асосида шартнома муддатини чўзиш; моддий бойликларни Л. компанияларига қайтариш ва бошқа кўзда тутилиши мумкин. Томонлар Л. шартномасида кўрсатилган давр мобайнида уни бузишга ҳақи йўқ. Л. компаниялари машина ва уску-налар сотиб олиш учун шахсий ва қарзга олинган маблағлардан фойдаланадилар. Давлат, одатда, уларга банкдан қарз олишлари учун имтиёзли шароитлар яратиб беради.

Л. инвестиция жарёнини молиявий таъминлашда истиқболли йўналиш ҳисобланади. Л. корхонага нисбатан кам маблағ билан асосий фондларни янгилаш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда техника базасини яратиш, мулк ижараси ҳақини ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишдан тушган даромад ҳисобидан аста-секин тўлаш имкониятларини яратади.

Ўзбекистонда биринчи Л. компаниялари 1994-йилдан бошлаб ташкил этила бошлади. 2003-йилда 6 та Л. компанияси ишлади. Ўзбекистон Республикасида Л. муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг 1999-йил 14 апрелда кабул қилинган "Лизинг тўгрисида"ги қонуни билан тартибга солинади. Л. бўйича амалий ишларни олиб борадиган "Ўзбеклизинг Интернейшнл" (1995), "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" аксиядорлик компаниялари республикадаги йирик Л. компаниялари ҳисобланади.

Қодиржон Юсупов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил