Lugʻat

Луғат — муайян тилда, унинг ҳудудий ёки ижтимоий лаҳжасида мавжуд бўлган, у ёки бу ёзувчи асарларида учрайдиган сўзлар йиғиндиси, лексика; сўзлар (ёки морфемалар, сўз бирикмалари, иборалар ва бошқалар) муайян тартибда (алифболи, уяли, мавзули) жойлаштирилган, тавсифланувчи бирликлар, уларнинг келиб чиқиши, маънолари, ёзилиши, талаффузи, услубий мансублиги, бошқа тилларга таржимаси ҳақида маълумотлар жамланган китоб.
Луғатлар маънавий маданий соҳада муҳим ўрин эгаллайди, уларда жамиятнинг маълум даврда эришган билимлари акс этади. Луғат бир қатор ижтимоий вазифаларни бажаради: ўқувчига муайян ҳодиса ҳақида маълумот беради; уни ўз ва ўзга тиллардаги сўзлар билан таништиради; тилни, унинг луғат таркибини такомиллаштириш ва тартибга солишга ёрдам беради. Луғатлар жуда қадим даврларда пайдо бўлган (қаранг Лексикография); ҳозирги даврда маълумот-ахборот тўплаш ва уни ўқувчига етказишда муайян аҳамиятга эга.
Сўзни тавсифлашдаги бир қанча фарқли хусусиятларига кўра Луғатларни асосан 2 турга: энсиклопедик ва лингвистик (филологик), луғатларга ажратиш мумкин. Энсиклопедик луғат сўзларнинг ўзини эмас, балки улар орқали билдириладиган предмет ва тушунчаларни изоҳлайди, тушунтиради. Лингвистик луғатларнинг асосий мақсади эса тил бирлиги ҳисобланган сўзнинг маъноларини, турли лисоний хусусиятларини очиб беришдан иборат.
Лингвистик луғатлар лексикографик тавсиф мазмуни, вазифаси ва усуллари нуқтаи назаридан бир қанча турларга бўлинади:
- Сўзларнинг маънолари, қўлланиш соҳаси ва даражаси, фонетик ва грамматик хусусиятларини кўрсатиб берувчи изоҳли луғат (С. И. Ожегов. Толковий словар русского язика, 20-е изд., М., 1988; Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 1—2-ж.лар, М., 1982).
- Муайян тилга ўзлашган, лекин ўзлашмалиги сезилиб турган бошқа тил сўз ва терминларини тушунтириб берувчи хорижий с у з лар Луғати (Словар иностранних слов, 18-е изд., М., 1989; О. Усмон, Р. Дониёров. Русча-интернационал сўзлар изоҳли луғати, Т., 1965).
- Бир тилга оид луғавий бирликларни бошқа тилга ўгириб изоҳлаб берувчи таржима луғатлари — ўзбек лексикографиясида кенг тарқалган, қадимдан маълум луғат тури, ХИХ асргача араб-ўзбек, форс-ўзбек, турк-ўзбек икки тиллилигига асосланиб ёки аксинча тартибда тузилган таржима луғатлари мавжуд бўлган бўлса, ХХ-асрда улар қаторига мазкур тиллар билан бирга инглиз, немис, испан, ҳинд, япон тиллари иштирокида тузилган икки тилли луғатлар ҳам қўшилди [Немисча-ўзбекча луғат, 1964; Ўзбекча-немисча луғат, 1967; Франсузча-ўзбекча луғат, 1973; Инглизча-ўзбекча луғат, 1968; Ўзбекча-инглизча луғат, 1969; Арабча-ўзбекча луғат 1986; Ўзбекча-форсча луғат, 1984; Русча ўзбекча мукаммал луғат (А. Зоҳирий, 1927), 1 ж.ли Русча-ўзбекча луғат, М., 1954; 5 ж.ли Русча-ўзбекча луғат; 1950— 55; 1 ж.ли Ўзбекча-русча луғат(М. 1959; Т., 1988); 2 ж.ли Русча-ўзбекча луғат, 1983—84 ва бошқа].
- Сўзларнинг қачондан бошлаб шу тилда қўллана бошлагани, унинг фонетик, грамматик, семантик белгилари тараққиётини кўрсатиб берувчи тарихий луғат (ўзбек тилида ҳақиқий маънодаги тарихий луғат тузилмаган, лекин Э.Фозиловнинг „Староўзбекский язик: Хорезмские памятники ХИВ века“ (ч. 1-2, Т., 1966, 1971) асарини маълум маънода тарихий Луғат дейиш мумкин).
- Тилнинг лаҳжа ва шеваларига хос бўлган, фонетик ёки семантик жиҳатдан адабий тилдаги сўзлардан фарқ қиладиган сўзларни кўрсатувчи диалектал (шева) Луғатлар (Ўзбек халқ шевалари луғати, 1971).
- Сўзнинг келиб чиқишини кўрсатиб берувчи этимологик Луғатлар (Ш. Раҳматуллаев. Ўзбек тилининг этимологик луғати, 2000).
- Бир оилага мансуб тиллардаги сўз бойлигини солиштириб, улардаги тафовут қонуниятларини ўрганиш мақсадида тузилувчи қиёсий луғатлар (Л . Будагов. Сравнителний словар турецко-татарских наречий, ч. 1—2, С.-Пб., 1869; В. В. Радлов. Опит словаря тюрских наречий: 1—4. С—Пб., 1888—1911).
- Сўзларнинг мавжуд имло қоидаларига биноан тўғри ёзилиш шаклларини қайд этувчи имло Луғат и (1929-йилдан ҳозиргача ўзбек тилининг турли ҳажмли 20 дан ортиқ имло луғати тузилган; 6500 сўз ва сўз шаклини камраб олган энг мукаммал имло луғати 1975-йил нашр этилган).
- Сўзларнинг адабий талаффузи қайд этиладиган талаффуз (орфоэпик) Луғати (Ўзбек тилининг орфоэпик луғати — М. Содиқова, Ў. Усмонова, 1977; Ўзбек адабий талаффузи луғати, 1984; 10. Сўзларнинг морфем тузилишини кўрсатувчи морфем Луғат (А. Ғуломов ва бошқа Ўзбек тилининг морфем луғати, 1977).
- Сўзлиги фразеологик бирликлардан иборат бўлган фразеологик Луғат (М. Содиқова. Русча-ўзбекча фразеологик луғат, 1972; Ш. Раҳматуллаев. Ўзбек тилининг изоҳли фразеологик луғати 1978).
- Сўзларнинг қўлланиш миқдори ва фоизи ҳақида маълу-мотберувчи частотали Луғат (И. А. Киссен. Словар наиболее употребителних слов современного ўзбекского литературного язика, 1972).
- Сўзлар тескари томондан бўлган алифбо тартибига кура жойлаштирилган терс (чаппа) Луғат (Р. Қўнғуров ва А. Тихонов. Ўзбек тилининг чаппа луғати, 1968).
- Сўзликни таркиб топтирувчи сўзлар рўйхати маълум мавзуларга бўлиб бериладиган тематик (мавзули) Луғат (А.Тихонов ва бошқа Русско-ўзбекский тематический словар, 1975).
- Сўзликлари омоним, синоним, антоним, пароним сингари луғавий бирликлардан иборат бўлган омонимлар Луғати, синонимлар Луғати, антонимлар Луғати, паронимлар Луғати (Ш. Раҳматуллаев. Ўзбек тили омонимларининг изоҳли луғати, 1984; А. Ҳожиев.
- Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати, 1974; Ш. Раҳматуллаев ва бошқа Ўзбек тили антонимларининг изоҳли луғати, 1980; А. Маъруфов. Паронимлар луғати, 1974).
- Сўзлиги атоқли отлар ёқи жой номларидан иборат бўлган антропонимик ва топонимик Луғатлар (Э. Бегматов. Ўзбек исмлари, 1991; Э. Бегматов. Ўзбек исмлари маъноси. 14600 исм изоҳи, 1998; 3. Дўсимов ва Х. Эгамов. Жой номларининг изоҳли луғати, 1977).
- Маълум бир ёзувчи ёки асар тилида қўлланган сўзларни изоҳловчи Луғат (Навоий асарлари луғати, 1972; Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати, 1 — 4-ж.лар, 1983—84; Б.Ҳасанов, „Қуръони Карим“ сўзларининг арабча-ўзбекча кўрсаткичли луғати, 1995).
- Сўзлиги маълум бир фан ва техника тармоғи, ижтимоий ёки хўжалик ҳаётининг бирор соҳасига оид сўз-терминлардан иборат бўладиган терминологик Луғатлар (Телекоммуникацияларга оид атамалар қисқартмаларининг инглизча-русча-ўзбекча лугати, „Униcон. Уз“ Атамашунослик ва лугатлар хизмати, 2021). Бундай Луғатлар сўзликнинг берилиши ва изоҳланишига кўра, энсиклопедик Луғат билан лингвистик Луғат белгиларига эга бўлади (1925-йилдан ҳозирги кунгача Ўзбекистонда 50 дан ортиқ соҳа бўйича 140 тага яқин терминологик луғат нашр этилган; улар соҳа терминологияларини тартибга солишга хизмат қилади).
Луғат турлари юқоридагилар билан чегараланмайди. Юқорида, асосан, ўзбек луғатчилигида мавжуд бўлган ва амалда фойдаланиб келинаётган Луғат турларигина кўрсатилди. Бу нарса Луғатларнинг вазифа доираси нақадар кенглигини ва уларнинг ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади[1].
Адабиёт
- Ҳозирги ўзбек адабий тили, Т., 1980;
- Ўзбек тили лексикологияси, Т., 1981;
- Ахманова О. С, Словар лингвистических терминов, М., 1969;
- Лингвистический энсиклопедический словар, М., 1990.
- Шодия Вахобовна
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
- ↑ "Униcон.уз" Атамашунослик ва луг'атлар хизмати. „Телекоммуникацияларга оид атамалар қисқартмаларининг инглизча-русча-ўзбекча лугати“ 398 (2021).