Лутфуллоҳ бин Фатҳуллоҳ Чустий (тахминан 1485, Фарғона водийси, Ахсикент мавзеси — тахминан 1571) — нақшбандийлик тариқатининг машҳур намояндаси. Ахсикентдаги мадрасада таҳсил олади. Илмини такомиллаштириш мақсадида Самарқандга келади. Баъзи манбаларда Хўжа Аҳрорнинг халифаси Муҳаммад Қози ҳузурида 6 йил тарбиялангани ва сулукни ўтаганлиги айтилади. Л.га Махдуми Аъзамнинг истаги билан "Фарғона ва Тошкентдаги барча нақшбандийлик биродарлари" ишониб топширилган. Л. бир неча марта яшашжойини ўзгартирган. Ўзининг айтишича, "қишлоқ ахлининг фитнаси оқибатида" кўчишга мажбур бўлган. Охири Чустга келиб, муқим бўлиб колади. Бу ерда деҳкончилик билан тирикчилик ўтказади. У шайбонийлар орасида нуфуз орттиришга муваффақ бўлади. Шу боис ўша даврда давлатдаги кўпгина ички низоларни бартараф этишга, саройдаги айрим бек ва амирларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини чеклаб қўйишга эришди. Мовароуннаҳрда кубровийлик тариқати ёйилган бўлиб, Л. унинг вакилларини кўп марта рофи-зийлик (ислом йўлидан четга чиқиш)да айблади. Л.нинг издошлари кўп эди. Улар Тошкент, Фарғонадан ташқари, Ҳисор ҳамда Мовароуннаҳрнинг бошқа чекка вилоятларида ХХ асрнинг бошларига қадар фаолият кўрсатган. Л.нинг ижодий мероси ҳақида маълумотлар кам. Маноқибларда унинг ўз ўқувчиларига танбеҳ тарзида ёзилган 2 та кичик рисоласи тилга олинади.

Л.нинг қабри қаердалиги аниқ эмас. Баъзи манбаларда у Чустга (бу ерда унинг мақбараси бор), бошқа манбаларда Ҳисорга дафн этилган дейилади.

Адабиёт

  • Исмоилов М., Икромов Т., Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий, Наманган, 1998; Муҳаммад Муфти Оҳангароний , Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби, Т., 2002.

Бахтиёр Бобожонов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил