Mahmud Gʻaznaviy
Маҳмуд Ғазнавий (Абулқосим Маҳмуд ибн Сабуктегин) (967— Ғазна, 1030) — туркий давлат арбоби ва ҳарбий саркарда, Ғазнавийлар давлати ҳукмдори (998—1030).
| Маҳмуд Ғазнавий | |
|---|---|
| Абулқосим Маҳмуд ибн Сабуқтегин | |
![]() | |
| Таваллуди |
11-феврал 967-йил |
| Вафоти |
4-июн 1030-йил (63 ёшда) Ғазна |
Ферузтегиннинг ўғли. Ёшлигида отасидан ҳарбий санъатни пухта эгаллаган. Сомонийларга қарши исён кўтарган турк амирлари Абу Али Симжурий ва Фойиққа қарши жангларда отасининг қўшинида қатнашиб, катта жасорат кўрсатгани учун "сайф уд-давла" ("давлат қиличи") унвони билан тақдирланди (994). Ғазнавийлар давлатининг Нишопурдаги ноиби (994—997). Отаси вафотидан сўнг тахтни эгаллаган (998-йилдан). Марв яқинидаги жангда Сомонийлар қўшинини мағлубиятга учратган (16.06.999). Сомонийлар давлати ағдарилгач, Маҳмуд Ғазнавий Бағдод халифаси ал-Қодирдан (991—1031) "ямин уд-давла ва амин ул-милла" ("давлатнинг ўнг қўли ва миллатнинг ишончи") деган фахрий унвон ва Хуросон ҳокимлиги ҳақида ёрлиқ олган (999). Қорахонийлар хони Наср Маҳмуд Ғазнавийга элчи юборган; 1001-йилда Қорахонийлар билан тузилган сулҳ шартномасига мувофиқ, ҳар 2 давлат ўртасидаги чегара чизиғи қилиб Амударё белгиланди. Шундай қилиб, Сомонийлар давлати ўрнида 2 та янги давлат ташкил топган. Маҳмуд Ғазнавий қўлида Шимолий Ҳиндистон чегарасидан тортиб Хазар денгизигача (Каспийгача) чўзилган катта ҳудуд бирлаштирилган. Кейинчалик бу давлат таркибига Шимолий Ҳиндистон, Хоразм ва Ғарбий Эрон ҳам киритилган. Қорахонийлар билан айрим урушлардан (1006—1008) сўнг, Чағониён, кейинчалик Хутталон, Қабодиён вилоятлари ва Термиз, Амулни (Чоржўйни) ҳам ўз давлати таркибига қўшиб олган. Маҳмуд Ғазнавий йирик ҳарбий юришлар олиб бориш билан бирга қўшни давлатлар ҳукмдорлари билан дипломатик алоқалар ва қариндошлик муносабатлари ўрнатган. Байҳақийнинг ёзишича, Хоразмдаги халқ ғалаёнлари оқибатида 1016-йилда Абул Аббос Маъмун қатл этилиб, тахтга унинг жияни ёш ва тажрибасиз Муҳаммад ибн Маъмун ўтирди. Маҳмуд Ғазнавий бу хабарни эшитгач, қасос олиш баҳонасида катта қўшин (100 минг аскар, 500 фил) билан келиб, Хоразм давлати пойтахти Қиётни эгаллаган (1017) ва ҳожиб Олтинтошни Хоразмда ўз ноиби қилиб қолдирган ва Беруний бошчилигидаги олимлар, шоирлар ва санъаткорларни, шунингдек, ёш Хоразмшоҳни бутун сулоласи билан Ғазнага олиб қайтган.
Форс тарихчиси Гардизийнинг "Зайн ал-ахбор" ("Хабарлар кўрки") асарида (1050—1052) ёзилишича, 1025-йилда Самарқанднинг жанубида ўша даврнинг 2 буюк ҳукмдори: Маҳмуд Ғазнавий ва Қорахонийлар тамғачхони Қодирхон ўртасида тарихий учрашув бўлган. Икки ўртада шартнома тузилиб, унга кўра Қорахонийларнинг Самарқанддаги ноиби Алптегин Мовароуннаҳрга қайтариб олиниб, Қодирхоннинг ўғли Йигантегинга берилган. Тазйиққа учраган 4 минг ўтовли ўғуз хонадонлари (Салжуқнинг авлодлари) Маҳмуд Ғазнавийнинг рухсати билан ўша йили Нурота атрофидан Хуросонга кўчирилган. Маҳмуд Ғазнавий Қорахонийлар билан ўз мавқеини мустаҳкамлаб, асосий эътиборни Шимолий Ҳиндистонни охиригача забт этишга қаратган. У Панжоб ва Кашмир вилоятларига 17 марта ҳарбий юришлар уюштирган (1002—1028). Маҳаллий аҳолини ислом динига киритган. Унинг ҳарбий сафарларида Беруний ҳамкорлик қилган. Берунийнинг машҳур "Ҳиндистон" (1030—1031) асари ушбу сафарлар натижасида вужудга келган. Маҳмуд Ғазнавий араб ва паҳлавий (форс) тилларини пухта билган, туркий тилда шеърлар битган. Ўз давлатининг пойтахти Ғазнада нодир китоблардан катта кутубхона тўплаган. Бу даврда ислом маданияти ривожланиши ва ислом дини тарқалишига катта ҳисса қўшган. Хусусан, ўз саройида 400 дан ортиқ олимлар, шоирлар ва санъаткорларни (Беруний, Унсурий ва бошқаларни) тўплаб, уларга ҳомийлик қилган. Қудратли ва жанговар ҳарбий қўшин ҳамда денгиз флотига эга бўлган. Ғазнада вафот этган, қабрида мақбара ўрнатилган. Шарқ алломаларининг асарларида Маҳмуд Ғазнавий адолатли ва фуқаропарвар подшо, душманга нисбатан шафқациз саркарда сифатида тасвирланади.
Адабиёт
- Беруний, Ҳиндистон [Танланган асарлар], 2-ж., Т., 1965;
- Абу-л-Фазл Бейҳақи, История Масъуда (1030—1041), Т., 1962;
- изд. 2, М., 1969; Абу Саъид Гар-д изий, Зайн ал-ахбар, Т., 1991;
- Босворт К. Э., Мусулманские династии, М., 1971;
- Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001.[1]
Манбалар
| Ўтмишдоши: Сабуктегин |
Ғазни султони 998—1030 |
Вориси: Муҳаммад Ғазнавий
|
| Қирол оила аъзоси ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
