Mahmud Yalavoch
Маҳмуд Ялавоч, Маҳмуд Хоразмий (?— 1254, Пекин) — Чингизхон хизматида бўлган туркийларнинг ялавоч уруғига[1] мансуб хоразмлик савдогар.
Чингизхон томонидан Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳузурига элчи бўлиб келганлиги учун ялавоч (элчи) лақаби билан машҳур. Маҳмуд Ялавоч қорахитойлар хизматида ҳам бўлган (1211). Чингизхон савдо-сотиққа катта эътибор бериб, карвон йўлларининг бехатарлигини таъминлаш билан бирга мусулмон савдогарларига ҳурмати баланд бўлган. Шу туфайли Мўғулистонга келиб савдо қилганлар орасида Бухоро, Самарқанд, Ўтрор, Хўжанд каби шаҳарлардан келганлар кўпчиликни ташкил қилган.
Улар орасида Маҳмуд ҳам бўлган. 1218-йил баҳорида Чингизхон уни бухоролик Алихўжа (Али хочже), ўтрорлик Юсуф Жаҳонгир (Юсуфу-Жянке) ҳамрохлигида Муҳаммад Хоразмшоҳ саройига элчи (ялавоч) қилиб юборган. Сафар олдидан Чингизхон уларга катта миқдорда совғасаломлар ва ўз мактубини топширади. Мактубда Чингизхон Хоразмшоҳни "ўғлимдек яхши кўраман" деб таъкидлаб уни итоатга чақирган. Маҳмуд Ялавоч бошчилигидаги элчилар Бухорода Муҳаммад Хоразмшоҳ билан учрашиб, унга Чингизхоннинг совғалар ва мактубини топширганлар. Хоразмшоҳ мак-тубни ўқигач, биронта сўз айтмай, келган элчиларни кузатиб қўйишни буюрган.
Мўғуллар истилосидан сўнг Маҳмуд Ялавоч Хўжандга кўчиб келиб, бир неча вақт Чингизхон номидан Мовароуннахрни идора қилган, вилоятларни бошқаришда босқоқпшк мансабини жорий этган. Шунга кура, у йиғилган солиқларни Чиғатойхояга эмас, балки тўғридан тўғри Чингизхон саройига юбориб турган. Бу ҳол Чиғатойга ёқмас эди, чунки отаси унга суюрғол қилиб берган ҳудудга М. Я. ҳокимлик қилган жойлар ҳам кирар эди. Бундан ташқари, Чиғатой будда динига эътиқод қилгани туфайли М.Я.нинг ислом динига қаттиқ амал қилиб, бузил ган шаҳар ва уй-жойларни, иқтисодий ва маданий ҳаётни тиклашига, мактаб ва мадрасалар қурилишига катта эътибор беришига қарши бўлган.
Шу туфайли Чиғатой Маҳмуд Ялавочдан қутулиш йўлини ахтариб, фурсат пойлаган. 1227-йил Маҳмуд Ялавочни қўллаб-қувватлаб турган Чингизхон вафот этган. 1238-йил Бухорода Маҳмуд Торобий қўзғолони бўлган. Чиғатой қўзғолонда Маҳмуд Ялавочни айбдор деб топиб, уни жавобгарликка тортиш учун Хитойга жўнатган.
Хитой манбаларида Маҳмуд Ялавочни Торобий қўзғолонининг сабабчиси сифатида жавобгарликка тортилгани ёки тортилмагани ҳақида маълумот йўқ. Юан сулоласи тарихида кўрсатилишича, Ўқтойхон ҳукмронлигининг сўнгги йили, яъни 1241-йил 10-ойида М. Я.га Хитой аҳолисининг маъмурий ишларини бошқариш вазифаси юклатилган. Гуюкхон (1246—1248) ва Мунке (1251 — 1259) даврида ҳам Маҳмуд Ялавоч юқори лавозимни сақлаб қолган. Хусусан, 1251-йил у Пекин шаҳрига ҳоким этиб тайинланган. Хитой манбаларида М. Я. Ғарбий ўлкалар (Ўрта Осиё ва Шарқий Турки-стон)ни бошқарувчи бош нозир сифатида эслатиб ўтилган. Маҳмуд Ялавоч Пекинга қисқа муддат ҳокимлик қилган бўлсада, шаҳар қурилиши ва ободончилиги йўлида катта ишларни амалга оширган ва унга кўплаб туркистонликларни жалб қилган.
Маҳмуд Ялавочнинг кичик ўғли Алибек (? — 1281) Шарқий Туркистоннинг Или вилояти ҳокими этиб тайинланган. Хубилай мўғуллар улуғ қоони этиб тайинланганда (1260) у марказий ўрдага чақиртирилиб, давлат ишларига жалб этилган. 1267-йил — маслаҳатчи, 1272-йил ўнг қўл вазир этиб тайинланган. Шунда унга Хенан ўлкасининг маъмурий ишлар бошлиғи вазифаси топширилган. 1276-йил у Жянгхуэй ўлкалари ҳокими этиб тайинланган. Бироқ 1281-йил бошида Алибек туҳмат балосига учраб, хоқон амрига хиёнат қилганликда ай-бланиб қатл этилган[2].
Адабиёт
- Сагдуллаев А. ва бошқа, Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти, 1қисм, Т., 2000.
Манбалар
- ↑ Аристов Н. А. Труды по истории и этническому составу тюркских племен / Отв. ред. акад. В.М. Плоских. — Бишкек: Илим, 2003, С. 185.
- ↑ Хўжаев, Абдулаҳад. "Ялавоч Маҳмуд" ЎзМЕ. Я-ҳарфи (Wайбаcк Мачине сайтида 2022-03-08 санасида архивланган) Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |