Малай архипелаги — Ер юзидаги энг йирик ороллар тўплами, Осиёнинг материк қисми билан Австралия оралиғида. Жами 10 мингдан ортиқ ороллардан иборат бўлиб, умумий майдони 2 млн. км² га яқин. Катта Зонд ороллари, Кичик Зонд ороллари, Филиппин ва бошқа бир неча майда ороллардан иборат. Малай архипелагида Индонезия, Малайзия ва Филиппин давлатлари жойлашган. Релефи, асосан, тоғли, 100 дан ортиқ ҳаракатдаги вулқон бор. Тез-тез зилзила бўлиб туради. Энг баланд жойи 4101 м (Калимантан оролдаги Кинабалу тоғи). Йирик қалай конлари бор; нефт, газ, темир, никел, мис, волфрам, марганец рудалари, боксит қазиб чиқарилади.

Иқлими экваториал ва субекваториал, текисликларда йил давомида ҳарорат 23–26°. Йилига 1000–2000 мм, тоғларда 5000 мм гача ёғин ёғади. Дарё кўп. Дарёлари серсув, бироқ қисқа, баъзиларида кема қатнайди. Тупроғи қизил, қизилқўнғир, тоғларда қўнғир ва тоғ-ўтлоқи, водийларда аллювиал тупроқ. Текислик ва паст тоғлар 1200–1300 м гача сернам тропик ўрмонлар, ундан юқориси субтропик ўрмонлар билан қопланган. Баъзи жойлар муссон ўрмонлари ва саванналардан иборат. Дарё водийлари ва денгиз соҳилларида мангра ўрмонлари бор. Текисликларнинг катта қисми экинзор. Флора ва фаунаси турларга бой. Уларнинг 30–35% эндемик турлар. Фаунасининг энг ҳарактерли вакиллари: одамсимон ва ицимон маймунлар, фил, каркидон, малай айиғи, малай қизил бўриси ва бошқа Малай архипелагининг ҳайвонот дунёси Малай ва Папуа кичик областига мансуб.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил