Майиз – офтобда, сояда ёки махсус қуритгич машиналарда қуритилган узум ғужуми. Майизбоп узум навларидан тайёрланади[1].

Турлари

Қуритиш усулига кўра, қуйидаги турлари бор:

1) авлон (турли нав узумлари офтобда қуритилади);

2) бедона;

3) гармиён;

4) сабза;

5) сояки ва бошқа турлари бор.

Умуман олганда, майизни данакли узум навларидан ҳам, данаксизларидан ҳам тайёрлаш мумкин. Ҳозир уни асосан данаксиз кишмиш узуми навидан тайёрлашади. Бунда қора кишмишдан тайёрланадиган ,,қора майиз" энг оммалашган нав ҳисобланиб, у нордон бўлмайди ва ширин таъмга эга. Жигарранг тусга эга сариқ майиз ,,Оқ кишмиш"дан тайёрланади ва у нордон-ширин таъмга эга. Бу майизнинг бозори қора майиз билан таққослаганда анча кичик. У тўй оши, мева-ёнғоқли аралашмалар (масалан, мюсли) тайёрлашда ва қандолатчиликда ишлатилади.

Данакли узум навларидан тайёрланадиган майизни сўнгги бир неча ўн йилликлар ичида аста-секин истеъмолчилар рационидан чиқиб кетди. Айни пайтда унга талаб жуда паст, шу боис сотувда бундай майиз кам учрайди[2].

Тайёрланиши

Майиз солишнинг оддий усулида узум бўйра, бордон ёки сувалган майдонга ёйилиб қуритилади. Бу усулда узум 20-30 кунда қурийди. Ишқор эритмасига ботириб олинган узум 7-10 кунда қуриб, 24-30%, махсус қурилган соякихонада эса 4-8 ҳафтада қуриб, 23-25% майиз тушади. Ўзбекистон ФА ,,Асбобсоз" бирлашмасида майиз қуритишда қўлланадиган махсус машиналар (майиз қуритгичлар) яратилган. Бу машиналар майизни офтобда қуритишда чанг билан ифлосланишнинг олдини олади. Майиз таркибида қуруқ моддасига нисбатан 79,5-87,5% гача қанд, 0,5-3% органик кислоталар, 2,1-2,9% азотли моддалар, 1% клетчатка, 2-2,9% кул ва бошқалар бор. Майиз намлиги 18%дан ортиқ бўлмаслиги керак. Қуритилган узум чанг, турли аралашмалардан тозаланади, стандарт қутиларга, қопларга жойланади. Аъло навли майизлар Ўзбекистон, Тожикистон, Эрон, Афғонистон, Италия, Австралия ва бошқа мамлакатларда тайёрланади[1].

Анъанавий технологияларга мувофиқ, узумни қуритиш табиий шароитда очиқ ҳавода, махсус камералар ва ускуналардан фойдаланмаган ҳолда бажарилади. Бундай табиий шароитларда сифатли майиз ҳосил бўлиши учун иссиқ, шабадали ва қуруқ об-ҳаво бўлиши керак. Майиз тайёрлаш мавсуми августда бошланишини ҳисобга олсак, узум ҳосилини у идеал даражада етилишини кутиб қанчалик кеч йиғиб олинса, ҳаво ҳароратининг кескин ўзгаришлари ва ёғингарчиликлар хавфи шунчалик юқори бўлади. Бу эса, ўз навбатида, қуритиш шароитига салбий таъсир кўрсатади. Бошқача қилиб айтганда, қанча кўп кутилса, кузнинг сюрпризларга бой об-ҳавоси шунча яқинлашаверади. Шу сабабдан, об-ҳаво шароити билан боғлиқ таваккалчиликларни камайтириш мақсадида майиз тайёрлашга ишлатиладиган узум ҳосилини йиғиштириб олиш ,,Киш-миш" нави глюкоза таркиби бўйича минимал даражага етган кундан бошланади.

Майиз тайёрлаш учун узум ҳосилининг йиғим-терими бир неча ҳафтага чўзилиши боис, ҳар бир теримда глюкоза таркиби аста-секин ортиб боради ва ушбу даврнинг охирига бориб бирламчи хомашё таркибидаги глюкоза миқдори идеал даражага етади. Шу тариқа, олинадиган сўнгги маҳсулотнинг ўртача миқдори ҳар 4 кг узумга 1 кг майизга етади.

Узумни қуритишда Ўзбекистонда икки хил усул қўлланади: биринчиси – айвон остида ёки яхши шамоллатиладиган майизхонада ва иккинчиси – очиқ осмон остида. Биринчи усулда биз ,,сояки майиз", яъни ,,сояда тайёрланган майиз"га эга бўламиз. Бунда узумни қуритиш пайтида унга қуёш нурлари тўғридан тўғри тушмайди. Ушбу усулда айнан иссиқ ва қуруқ шамолнинг мавжуд бўлиши муҳим рол ўйнайди. Ҳосил йиғиб-териб олингандан сўнг кўпи билан бир кун ўтгач, узум бошлари айвон остида ёки майизхонада горизонтал ёғочларга илиб чиқилади. Майизхонада қуритилганда уни ҳар томондан шамоллатиш имкони бўлиши лозим. Мазкур усулда қуритиш 30-40 кун давом этади. Бундай усул ёрдамида тайёрланган майиз иккинчи усулда тайёрланадиган майиздан ўзининг юмшоқлиги ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туради.

Иккинчи усул – очиқ осмон остида тўғридан тўғри қуёш нурларида қуритишдир. Узум ҳосили йиғиштириб олингач, ҳар бир бош узум махсус ажратилган майдончаларга бир қатор қилиб, бир-бирига теккизмай ва орасидан шамол ўтадиган оралиқда териб чиқилади. Бундай услубда қуритишда жараён ҳаво ҳароратига қараб 15 кундан 25 кунгача вақт олади.

Ҳар икки тайёрлаш усулида ҳам узум бошлари доначалар сони нуқтаи назаридан ўта зич бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда, бундай узумларни яхши шамоллатиш қийин бўлади ва бу майиз сифатига салбий таъсир қилади.

Майиз тайёрлашда бирламчи хомашёнинг – узумнинг сифати жуда муҳимдир. Яъни олинган узум ҳосилида йирик мевалар катта ва узум бошларининг зичлиги мақбул даражада бўлиши керак. Бунинг учун эса бутун узум етиштириш даврида анча меҳнат, харажатлар қилиш ва барча зарур агротехник тадбирларни бажариш талаб этилади[2].

Шифобахш хусусиятлари

100 грамм майизда 860 мг калий бор. Шунингдек, организм учун ғоят фойдали бўлган фосфор, натрий, калсий, магний ҳамда темир моддаси, Б1, Б2, Б5 ва ПП витаминлари ҳам мўл-кўл.

Майиз иммунитетни оширишда фойдали. Майиздаги антиоксидантлар ёрдамида организмдаги ҳужайралар эркин радикаллар таъсиридан ҳимояланади.

Витамин ва микроэлементлар, шунингдек магний ҳисобига асабларни тинчлантириш хусусиятига эга. Қолаверса, юракка ҳам қувват бўлади.

Остеохондроз ёки остеопорозда муолажа давомида таомномага майизни киритиш лозим.

Камқонлик аниқланган бўлса, майизни ейиш билан баробар унинг сувини ичиш ҳам тавсия этилади. Бунинг учун 10 дона майизни пиёлага солиб, устидан ярим стакан қайнатиб илитилган сув қуйилади. Пиёла устини ёпиб, эрталабгача қолдирилади. Оч қоринга майиз сувини ичиб турилса, гемоглобин миқдори нормаллашади.

Хасталикдан кейин қувватни тиклаш учун майиз, ёнғоқ ва асал аралашмаси тавсия этилади. Тенг миқдорда ёнғоқ ва асални гўштқиймалагичдан ўтказиб, таъбга кўра асал билан аралаштириб олинади. Нонушта вақти 1-2 чой қошиқдан истеъмол қилиш яхши фойда беради.

Буйрак касалликларида кунора майиз истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Майиз таркибидаги фойдали элементлар пешоб ажралашини фаоллаштиради.

Мунтазам майиз истеъмол қилиш оғиз бўшлиғи касалликларида ҳам асқатиши мумкин. Майиз суви эса милк шамоллаши, стоматит яралари ҳамда йўталга фойдали.

Майизли муолажа семизлик, юрак етишмовчилиги, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси ҳамда қандли диабетда тавсия этилмайди[3].

Адабиётлар

  • Абдуллаев Р. М. ва бошқалар, „Узум етиштириш ва майиз қуритишнинг замонавий технологияси“, Тошкент, „Шарқ“, 2013.

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ 2,0 2,1 „Идеал сифатдаги майиз қандай тайёрланади? Эксперт – майиз тайёрлашнинг нозик жиҳатлари ҳақида“. Қаралди: 2023-йил 25-апрел.
  3. ↑ „Майиз енг, хасталанмайсиз“ (2017-йил 9-октябр). 2023-йил 29-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 29-май.