Маймунжон — раъногулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик бута; резавор мева. Шим. Америка, Евросиёда 400 дан ортиқ тури учрайди. Шулардан 90 тури, асосан, кўк М. (Рубус cаэсиус) ва майда мевали М. (Р. ненсенсис) турлари Кавказ, Украинанинг жануби ва Ўрта Осиёда учрайди. Америка, Марказий ва Ғарбий Европада кўп экилади. Ўзбекистоннинг тоғ олди минтақаларида ўсади ва дала, томорқа-боғларда ўстирилади. Ер устки қисми икки йиллик новдалардан иборат. Барглари пацимон. Бир йиллик новдаси ҳосил тугади. Гуллари икки жинсли, оқ, баъзан пушти бўлиб, шингилсимон тўпгулда жойлашган. Меваси тутга ўхшаш ғуж, серсув, ширин-нордон, ранги қорамтир, қизил. Уруғи майда. Мева таркибида 4—6% қанд, 0,8—1,4% органик кислоталар, C витамини ва каротин мавжуд. Меваси янгилигида ёки қуритиб ейилади, қиём тайёрланади, консерва саноатида ишлатилади. Илдизпояси ва барглари тиббиётда қўлланади. М.нинг мевалари йирик ва ширин бўлган айрим ёввойи турлари маданийлаштирилиб, селексия навлари чиқарилган (300 дан ортиқ навлари бор). М. кўчатлари эрта баҳорда ёки кузда 2х0,75 м схемада экилади. М. новдадари симбагазларга боғланади. Ҳосилдорлиги 50—70 с/га. М. 12—15 йил яшайди[1].

Фойдаланг адабиёт

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил