Метод (юн. "методос" — билиш ёки тадқиқот йўли, назария, таълимот) — воқеликни амалий ва назарий эгаллаш, ўзлаштириш, ўрганиш, билиш учун йўл йўриқлар, усуллар мажмуаси, фалсафий билимларни яратиш ва асослаш усули.

Методнинг келиб чиқиш тарихи кишиларнинг амалий фаолиятига бориб тақалади. Бирор ишни бажариш Методини эгаллаган киши шу ишни бошқаларга нисбатан осон, тез ва со`з бажара олади. Методни эгалламаган инсон эса бу ишни бажариш учун кўп вақт ва куч сарфлайди. Метод ўз мазмуни жиҳатидан амалий ёки назарий шаклда бўлиши мумкин. Инсоннинг амалий фаолиятига оид Методлар ҳам воқеликка хос бўлган қонуниятларни англаб етиш, билиб олишга бориб тақалади. Методлар ҳақидаги таълимот фанда методология деб аталади. Инсон дастлаб атрофдаги нарса ва ҳодисаларни кузатиш, уларни бир-бирига таққослаш, ўхшатиш, фарқ қилиш асосида воқелик ҳақида билимларини тўплаб борган. Воқелик ҳақидаги фанлар ривожланиши билан фанларда қўлланадиган йўл-йўриқлар, Методлар ҳам такомиллашиб борган. Фаннинг амалий (эмпирик) ва назарий Методлари вужудга келди.

Фан Методларининг асосий мазмунини амалиётда синалган илмий назариялар ташкил этади. Ҳар қандай илмий назария моҳияти жиҳатидан Метод функсиясига эгадир. Метод, ўз навбатида, янги илмий назариялар ва қонуниятларнинг очилишига восита бўлади. Шу нуқтаи назардан Метод билан илмий назария функсиясига кўра, бир-биридан фарқ қилувчи илмий амал ҳисобланади.

Фалсафа ва фанлар тарихида илмий Методнинг моҳиятини тадқиқ этиш, янги-янги Методларни кашф этиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Ҳар қандай илмий кашфиётларга нисбатан олимнинг бирор янгиликни кашф қилишда қўллаган илмий Методи кўпроқ аҳамиятга эгадир, чунки бошқа кашфиётчилар ҳам шу олим қўллаган илмий Методга таяниб кўплаб кашфиётларни очиши мумкин.

Билиш Методлари воқеликни қамраб олиши жиҳатидан 3 турга бўлинади: ялпи умумий билиш Методлари — ҳамма фанларда ва билишнинг барча босқичларида ҳам қўлланиладиган умумий ва универсал Методлар — методология; умумий билиш Методлари — бир қанча ёки барча фанларда қўлланадиган ва билишнинг муайян босқичи (эмпирик, назарий ёки эмпирик босқичдан назарий босқичга ўтиш чегараси)да қўлланадиган билиш Методлари; хусусий ёки махсус Методлар — айрим фан доирасида қўлланадиган билиш Методлари.

Ўрта Осиё олимларидан Форобий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино ва бошқа фан Методларини ривожлантирганлар. Хоразмий олимларни учга бўлиб, уларнинг бир қисми илмий кашфиётларни очишда қо`лланиладиган йўл-йўриқ ва усулларни ишлаб чиқиб бошқа олимларнинг илмий изланишларини осонлаштиради, деб ёзганида, айнан шу Методларни ишлаб чиқувчи олимларни назарда тутган.

Яқин давр Европа файласуф олимлари ҳам Метод тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишди. Ф. Бекон, Г. Галилей, Р. Декарт, Г. Лейбниц сингари файласуфлар Методлар ҳақида махсус асарлар ҳам ёзишди.

Ҳозирги замон фанларида кўплаб умумий, хусусий илмий Методлар қўлланади. Айниқса, кейинги асрда моделлаштириш ва математик Методларнинг янги шакллари ривожланди, кибернетик моделлаштириш ва компютер моделлаштириш Методлари жамиятнинг қарийб барча соҳаларида кенг миқёсда қўлланилмоқда. Замонавий илмий Методлар тадқиқотчиларга дунё сир-асрорларини очишда ёрдам бермоқда.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил