Cлостридиум ботулинум — ботулизм уйғотувчиси

Микроорганизм ёки Микроб (юнонча: микрос — кичик, биос — ҳаёт) — микроскопик ўлчамдаги организм бўлиб, у бир ҳужайрали ёки ҳужайралар колонияси сифатида намоён бўлиши мумкин. Микроорганизмларга бактериялар, актиномецитлар, ачитқилар, вируслар, моғор замбуруғлари, микроскопик сувўтлар ва бошқалар киради. Микроорганизмлар прокариотлар (ҳужайрасида ядро ва хромосома аппарати йўқ организмлар) ва эукариотлар (ҳужайрасида ситоплазма ва мембрана билан ажратилган ядроси бор бир ёки кўп ҳужайрали организмлар)га бўлинади. Микроорганизмлар табиат (тупроқ, сув, ўсимлик қолдиқлари ва бошқалар)да кенг тарқалган. 1 г тупроқ ёки сув ости грунтида 2–3 миллиардгача микроорганизмлар бўлади. Микроорганизмларнинг ўлчами турлича бўлиб, улар микроннинг ўндан бир қисмидан бир неча микронгача бўлади. Микроорганизмларнинг физиологик-морфологик хусусиятлари ва ҳаёт сикли ҳар хил. Кўпгина микроорганизмлар бир ҳужайрали, баъзилари, масалан, моғор замбуруғлари кўп ҳужайрали иплар (мицелий)га эга. Микроорганизмлар, одатда, хлорофиллсиз, аммо баъзиларида бактериохлорофилл ва хлорофилл бор. Кўпчилиги бўлиниб, баъзилари куртакланиб, шунингдек, конидия ва споралар ҳосил қилиб кўпаяди. Касаллик қўзғатувчи Микроорганизмлар ҳам мавжуд. Микроорганизмлар ташқи муҳитнинг ҳар хил омиллари таъсирига жуда чидамли. Микроорганизмлар табиатда моддалар айланишида катта рол ўйнайди. Микроорганизмлар ўсимлик ва ҳайвон қолдиқларини парчалаб, яшил ўсимликлар ўзлаштириши мумкин бўлган минерал бирикмалар (масалан, карбонат ангидрид гази, аммиак ва бошқалар)га айлантиради. Азот тўпловчи микроорганизмлар ва туганак бактериялари молекуляр азотни йиғиш хусусиятига эга. Микроорганизмлар фосфор, азот, углерод, олтингугурт, темир ва бошқаларнинг табиатда айланишида иштирок этади. Бундан ташқари, тупроқда кўпайиб, сўнг нобуд бўлиб, уни органик моддаларга бойитади. Микроорганизмлар ҳаёт фаолияти натижасида тупроқ унумдорлиги ортади.[1]

Кашф этилиши

Микроскопик организмларнинг мавжудлиги кўп асрлар давомида ХВИИ асрда кашф этилишидан олдин муҳокама қилинган. Милоддан аввалги ВИ асрга келиб, ҳозирги Ҳиндистоннинг жайнлари нигодалар деб аталадиган майда организмларнинг мавжудлигини тахмин қилишган. Бу нигодалар тўда бўлиб туғиладилар; улар ҳамма жойда, жумладан ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамларнинг танасида яшайдилар; ва уларнинг ҳаёти фақат сониянинг бир қисмига давом этади. Жайнизмнинг 24-восиҳи Маҳавиранинг сўзларига кўра, одамлар овқатланиш, нафас олиш, ўтириш ва ҳаракат қилишда бу нигодаларни катта миқёсда йўқ қилади. Кўпгина замонавий жайнларнинг таъкидлашича, Маҳавира таълимоти замонавий илм-фан томонидан кашф этилган микроорганизмларнинг мавжудлигини олдиндан айтиб беради.

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил